Қадимий китоблар жаҳон аҳлининг бойлиги. Уларга қайта-қайта мурожаат қилишимиз ҳам бежиз эмас. Чунки у тарихимиз, ўзлигимиз, тилимиз билан узвий боғланиб кетади.
Масалан, Қошғарий бобомизнинг асарида “йишим” сўзи “қишда совуқдан сақланиш учун икки оёқнинг тиззасигача кийиладиган поча” деб изоҳланган.
“Йишим” бора-бора “шим”га айланган бўлса ажаб эмас. Қолаверса, шимни илк бор қадимги турклар (эҳтимолки, саклар) кашф этанларини Ўлжас Сулаймоновнинг “Аз и Я” асарида ҳам ўқигандим.
Гап шундаки, турклар дунёда биринчи бўлиб отларни хонакилаштириб, қўлга ўргатганлар. Аёлларникидай этаги узун кўйлак отда юришда ноқулайлик туғдиради, шу боис эркакларнинг кийимлари қисқариб, тананинг пастки қисмига шим кийилган. Эътибор берсангиз, ҳозир ҳам отлар кенг тарқалмаган мамлакатларда (Ҳиндистон, Голландия) эркаклар юбка кийишади. (Ҳиндларнинг “Бобби” фильмидаги Боббининг отаси кийган либосни эслаб кўринг).
Барчиной Алпомишнинг суюкли ёри, мард ва жасур қиз! Нега унинг исми Барчин, бунинг маъноси нима? Қошғарийнинг ёзишича, турклар ипакни (айрим ҳолларда шоҳи, кимхоб сингари матоларни ҳам) “барчин” дейишган. Демак, Барчин –бадани ипакдек майин ва силлиқ қизларга қўйиладиган исм экан.
Абдунаби Ҳамро, ёзувчи