Зўр удумларимиз борда. Масалан, хотин эрининг номини айтиб чақирмайди. У томонларда дадаси, хўжайин, биз томонларда акаси ё отаси ё ёшулли деб. Мен хўжикимни Хўжам дейман. Бир ёстиққа бош қўйганимизга эллик йил тўлди. Шу эллик йил ичида ҳам у кишининг феъл-атворини тўлиқ ўргана олмадим. Бир қарасангиз мулойимнинг мулойими. Бировлар олдида мақтаб, ҳазил-кулгулар билан мени кўкларга кўтаради. Баъзан эса ҳе йўқ бе йўқ синдиради. Айб қидиради. Шундай пайтда мени жим туради деб ўйлайсизми? Жим турадиган пайтлар ўтди. Тумшайиб юришимнинг ўзи жанжал кўтаргандан ёмонроқ таъсир кўрсатади.
Аслида у кишига суяниб яшаганман. Қайси юмушга қўл урмасин пухта бажаради. Саранжом-саришта. Овқатланиш меёрини бузмайди. Балки шунинг учундир, турмуш қурганимиздан бери вазни етмиш беш кило. Менинг вазним олтмиш беш килодан саксон беш килогача кўтарилиб пасайиб туради. Овқатланиш тарзим қандайлигини вазним холатидан билаверасиз. Ишонсангиз, шу ўтган йиллар ичида қанчалик уринмасин, менинг пала-партишлигимни тартибга сола олмади. Охири кўникди.
Етмиш ёшни ортда қолдирганига қарамай машинани ўзи бошқаради. Бирор жойга отлансак, албатта, кун бурундан ойнак олдида ўтириб, ихлос билан соч-соқолини тартибга солади. Уловини тахлайди. Йўлга чиқишдан олдин ҳўл латта билан машинасини ярақлатиб артади. Одатдагидек менга эшиттириб минғирлайди:
-Охтиқни қара, шу ҳам ўғил болами? Бирор марта ўзидан билиб, латта, челакни қўлимдан олиб машинани ўзим тозалайин демайди. Ёдингдами, акаси олтинчи синфдалигида мошинни ёрқиратиб ювиб, ўғринча ҳайдаб ҳам келарди. Бу мошинга қизиқмайди. Хонасида биқиниб телефон ўйнашни билади.
-Ҳовва, ҳовва. Акаси зўр эди. Сиз командировкаларда юриб унинг кўп қилиқларини кўрмагансиз. Эшитгансиз, эшитгансиз. Лекин кўрган, азобини тортган бизмиз!
-Яна шу авария тўғрисида эслатмоқчимисан? Қўй-да энди.
-Нега эслатмайман! Боласига илишганингиз илишган! Уни мен мошинга ёндоштирмайман. Ўқисин, право олсин. Кейин ювсин. Болани акасининг бошидан ўтган воқеа билан қўрқизиб қўйибман.
Воқеа бундай бўлган эди:
Хўжам сафарга кетса автомобилини ота уйида қолдирарди. Ўғлимиз ҳам шу кундан бошлаб минг бир баҳона топиб, бобосининг уйидан бери келмасди. Бир куни эрта тонгда, калитни олиб, машинани ғизиллатиб аэропорт йўлига чиққан. Учириб-учириб ҳайдаган. Рулда ўтирган болакайни илғаган олғирлардан бири эски машинасини унга рўбаро қилган. Ва кичик тўқнашув содир этилган. Бизнинг машина ҳатто тирналмаган. Лекин ўша олғир шу заҳоти машинамизнинг ичидан барча ҳужжатларни олган. Ва болам билан тўғри бизникига келган.
-Вояга етмаган болани рулга ўтқазгансиз! Ҳозироқ пачоқ қилинган машинамнинг пулини бермасангиз, милицияга бораман! — деб дўқ урган.
Мен эс-ҳушумни йўқотай деганман. Авария сўзининг даҳшати тасаввуримни тўзғитган. Бор пулимизни қўлига тутқаздим. Болам изидан югуриб ҳужжатларни ялиниб, ёлбориб олиб қолган.
-Ноҳақлик қилди. Мошинига ҳечам зарар етмади. Каттайиб, право олсам, шу кишини топаман. Кунини кўрсатаман. Сиз ҳеч нарсани тушунмай шунча пулни бердингиз-қўйдингиз. Энди отамга нима деймиз, — болам ҳам аламдан, ҳам иложсизликдан бўғилиб йиғлади.
-Мен ҳамма нарсани тушундим. Энг аввало сенинг ахмоқлигингни! Бирор одамни боссанг ё уриб юборсанг нима бўларди? Ё ўзинг аварияни каттасини қилиб ўлиб кетсангчи? Унда отангга нима дердик? Шу пулларни ўрни тўлгунча сенга янги кийим бош, паркка бориш йўқ! – деганман. Калитга қўл теккисмаслиги учун воқеаларни бўрттириб ҳикоя қилиб невараларингизни қўрқитиб қўйганман.
-Бўлди, жўро, бўлди. Бизники жуйк. Ахтиқ билан ўзим шуғулланаман. Сенинг қўрқитганинг унга баҳона бўлмасин. Ёнида туриб ювдираман мошинни. Бошни оғритма! Тез чиқ!
Ва одатдагидай бизни кутиб туради. Ё тавба, қанча ҳаракат қилмай у кишидан олдин тайёр бўла олмайман. Тихирликни айнан йўлда бошлайди. Ўзи йўл қоидаларига қатъий амал қилади. Жонга тегадигани манзилга бора- боргунча оғзи тинмайди.
-Тарбиясиз, машинанинг қанотини сидириб ўтай деди-я! Момонгга тўйлиқ келдими, қаерга шошасан? Ишинг зарур экан беш дақиқа олдин чиқ!
-Хўжам. У ҳайдовчи бола сизни эшитмайди. Менга эса бу танбеҳларнинг ҳеч бир аҳамияти йўқ! Минғир-минғирингиз асабни ўйнатади, холос.
-Эшитасинг келмайди, ҳа! Ёқмайди. Ҳозир сенга маъқул мавзуга ўтаман. Дастурхонингга нима солдинг? Ойтўтининг бизникига келтирган тряпкаси, йўқай, матосидан тузукроқ мато, у оққанд келтирган бўлса сен новвот олиб боряпсанми? Қайтаётганда уйга боришгача сабринг етмай, машинанинг ўзидаёқ дастурхонингни очиб Ойтўтининг сенга кўрсатган ҳимматини минғирлаб, норозиланиб асабимни бузасанми? Шундай гапларинга қулоқ осишим керакми? — гапи чала қолади. Менга танбеҳ бераётганини унутиб ҳаёли йўлга кетади:
-Иби, иби! Онги пастни қара! Светафорнинг сариқ чироғи ёндику! Тўхтаб турмайсанми?
-Ҳов, ҳов! Манглайи қора. Айланиш чироғини ёқмадия! Сал бўлмаса уриб юборардим!
-Ҳей, қувлашаверма! Ёнимдагилар йўловчи эмас, оилам. Таксистмасман. Сенинг клиентингга кўзим учиб тургани йўқ!
Яна одатига мувоффиқ имо-ишоралар билан атрофидан ўтиб кетадиган ҳайдовчиларга танбеҳ беради.
Светафор чироғи кўк ёнишини кутяпмиз. Хўжам бошини машина ойнасидан чиқариб гапиряпти.
-Ҳой болам. Пўрим йигит экансан. Машинангнинг лойини артиб қўймайсанми?
-Бобой, йўлга қаранг, йўлга! Кўк чироқ ёнди.
Бобой эшитган жавобининг заҳрини менга сочди.
-Эшитдингми гапини? Тарбиясиз! Асли бели букилиб топган пулига олмаган. Машина йиғлаб турибди, йиғлаб. Нима бало, лойга ботириб олиб чиққанми? Милисаларнинг кўзи қаерда? Тартибга чақирмайдими? Булошиқ мошинда шаҳарга кириб бўладими?
-Тўғри айтасиз, Хўжатойим. ГАИга бориб шу милисаларнинг қулоғини бураб келинг.
-Мисқиллама! Темирчиларнинг улуғи Довуд пиримиз озодаликни ёқтирган, — дейди овозини пасайтириб.
Давоми бор.