(давоми). Қиз тилаги қисир қолмас деган гап бор. Онам сариқ касалига чалиниб шифохонага ётқизилди. Шу йиллари сариқ касали бало офатдай ёпирилиб, ҳар хонадондан икки уч одам бир кунда тез ёрдамда олиб кетилар, мактаблар, ҳатто боғчалар ҳам касалхонага мослаштирилган эди.
Бувим жони ҳалак. Бизни юқумли дарддан қандай асрашни ўйлайди. Йиғиб қўйган пулларига ўйноқлаб турган сариқ сазан балиғи олдиради. Катта тоғорада шалоблаб ўйнашига қараб ўтиришимизни талаб қилади. Кейин отамга сўйдириб, қонини қулоғимиз ортига суртади. Бу ҳам етмагандай Чаккашоликор қишлоғидан таниш табибини олдириб, қулоғимизни ғалати тарзда чўздиради. Пойки билан тилиб қон чиқартиради. Кимларнингдир гапига кириб, Кишчан синглимизнинг бошидан бит излаб, қатиққа қўшиб ичирмоқчи бўлади.
Ҳамма ваҳимада. Сариқ касалининг оғир турига учраб ўлаётганлар сони ортиб бораяпти деган шум хабарлар тарқалди.
Бувим биздан ҳеч нимани аямади. Гулпошша опамнинг барча товуқ-хўрозлари осма шўрвага айланди. Отам Хиванинг Ғовуккўли томондаги қишлоқдан бир халта анор олиб келди. Ҳар куни анор еймиз. Семириб, юзларимиз қизариб, соғломлашдик. Бирортамиз сариққа чалинмадик. Онам ҳам тез тузалди. Орамизда фақат Чинипошша ойбикам қийналди. Чунки кичкинтойимиз Тўхтажон фақат унинг қаровида бўлди. Бошқамизни тан олмади. Кеча-кундуз энагалик ойбикамни жонига тегди. Задикди. Онам касалхонадан чиққач, тузукроқ соғайсин дедик, оғир кўтармасин, асабийлашмасин дедик. Ва Тўхтажон батомом Чиннибикага боғланди. Мактабга кетар чоғида қирилиб-қирилиб йиғлаб, пилдираб изидан қолмас, дарсга кечикиб бориб танбеҳ эшитарди. Шубҳасиз “азиз” дугонаси пиччинг аралаш “Индирапашша волидаи мухтарамалар” дея лақаблар ясаётгани жаҳлини чиқарарди.
Тўхтажон уни келишини кўзи тўрт бўлиб кутар, ачомлаб оларди. Синфдошлари мийғида кулиб, ўзларича фикр олишиб узоқлашардилар.
Бир куни ҳаммамизни олдимизда эълон қилди:
-Эшитиб қўйинглар! Менга ҳеч қачон бола керакмайди! Мазза қилиб яшайман. Ишлаб энг чиройли кийимлар кияман. Саёҳатларга чиқаман. Бола дегани Тўхтажонга ўхшаса ҳеч, ҳеч керакмайди.
Бувим унинг оғзига шаппат урди.
-Тин! Овозингни чиқарма! Ниятинг қурсин! Қиз тилаги қисир қолмайди. Бефарзандликдан Худо арасин!
Бувим бечора бекорга ташвишланмаган экан.
Гулпошша ойбикам Тошкентга ўқишга кетганда, саккизинчи синфни томолаган Чини ойбикам ими жимида, ҳеч кимга билдирмай Педогогика билим юртига ҳужжат топширибди. Ўзи бола боқишни ёмон кўрадию, нега шу касбни танлабди дерсиз. Холжон холаникида ижарада турадиган талаба қизлар, айниқса, гурланлик Шодмонжон бу борада фикрини ўтказа олган. Ҳужжат тўғрилашда йўл йўриқ кўрсатганлар. Биздан яширинча иш қилгани, мабода пора сўрасалар, ё имтиҳонлардан ўта олмаса жимгина мактабга қайтишни режалаштирган. Танлов катталигига қарамай опам ўқишга кирди. Буни эшитиб отам роса севинди. Унинг аралашувисиз бир йилда икки қизи талабаликка эришди. Тенгқур жўраларидан тўрт нафари фарзандлари изида сарсон юрди. Ўртага пул тикдилар. Шунга қарамай имтиҳондан йиқилдилар. Демак гап пулдамас.
Гурланлик қизнинг опамни ўқиши масаласига бош қўшгани сабабини кейин тушиниб етдик.
Яна Ҳурпошша опаямиз хусусида. Ҳурпошша ойбикамнинг 10 “А” синфига амалиёт ўташ учун келган бир гуруҳ талабаларнинг икки нафари беркитилган. Улар дарс ўтиш жараёнида иштирок этадилар. Синфдан ташқари ўтказиладиган тадбирларга бош-қош бўладилар.
Ҳурматбек деган талаба шеърлар, мактаб ҳаётига оид ҳикоялар ёзар экан. Ўша ҳикояларини саҳналаштирганда бош ролни Ҳур ойбикамга берибди. Опажонимнинг берилиб шеър ўқишлари, ҳикоянинг моҳиятини тез англаб ролга киришиши уни тамом маҳлиё қилибди. Бундай маҳлиёлик мактаб ҳаётида назардан четда қолармиди?
Гап сўз кўпаймасин деб, Ҳурматбек оғани амалиётини бошқа мактабда ўтказишга йўллабдилар. Акс холда ҳе йўқ, бе йўқ Ҳуримизнинг номига доғ тушиши тайин эди.
Афсус. Ҳурматбек оға ошиқлик дардига мубталоликка улгурибди. Шеърлар ёзиб курсдош қизлар орқали опамга киритади. Мактаб атрофида ўралашади. Йўлларига кўз тикади. Ойбикам эса қўшни қизлар қуршовида уйга қайтади.
Бир бор ойбикамни йиғлаб-йиғлаб яшил рангли варақни китоблар орасига қўйганини кўрдим. Қизиқишим ортиб, китобларни титкилаб ўша варақни топдим.
“Ҳурим, малагим. Тунларимни ёритган моҳим. Кундузларимни зиёга тўлдирган офтобим. 17 ёшинг сени париларга менгзаган. Ё парилар авлодиданмисан? Жаннатнинг ҳурлари мисол покиза нурсан. Қўлим етмас малаксан. Жоду кўзларингнинг бир бор мен томон қиё боқишига жонимни фидо қилишга тайёрман. Мени нега сендан айирдилар. Айро қилдилар. Севиш шу даражада гуноҳми? Нима айб қилдим? Мафтунлигим нега устозларга малол келди? Сенга бир оғиз ноўрин гап айтдимми, ё бармоғингдан тутдимми? Юрагимга олов тушди. Ёндим. На тунимда, на кунимда ором бор. Кўчангнинг қоровулига айландим. Мажнуну Лайлининг устидан кулардим. Шундай улуғ муҳаббат борлигига ишонмасдим. Гуё ҳазрати Навоийнинг қалб туғёнларини англамадим. Илтижо қиламан. Эшигинг олдига чиқ. Ёруғ дунёни тор қилма. Узоқдан бўлсада бир бор кўрай моҳитабоним.
Ота-онам емай ичмай қўйганимдан хавотирга тушаяптилар. Ишон, томоғимдан сув ўтмайди. Муҳаббат дарди шу даражада оғир экан. Ота-онам совчиликка боришади. Мактабни тамомлаган кунинг тўй қиламиз. Сен бунга нима дейсан? Жавоб хати кутмайман. Чунки ёзмайсан. Мени назарингга илмайсан. Ошиқларинг қоп-қора, жилоли сочларингнинг толасидан-да кўп. Лекин уларнинг ҳеч бири мен сингари дали-девонанг эмас.
Совчи боришига рози бўлсанг соат бешларда эшигинг олдига чиқиб қўлингни силкитиб қўй.”
Хатни ўқиб хушим бошимдан учди. Ёш бўлишимга қарамай қандайдир хавфни, айрилиқни, жудоликни хис қилгандай хўрсиниқ, изидан фарёдга ўхшайдиган йиғи бўғзимга тиқилди. Юзимни ёстиққа босиб узоқ йиғладим.
Билмадим. Балки ойбикам дарвоза олдига чиқиб қўл силкитгандир. Чунки совчилар келдилар. Ота-онаси маданиятли, кўркам, босиқ инсон эканлар. Уйдагиларни кўндирдилар. Ширалари олиб қолинди. Ёш, ўқитамиз. Кутасизлар дейилди.
Ҳурпошша опам олдингидан ҳам гўзаллашди. Ўйчан, маъюс ўтириб, деразамиз тагида очилган ранго-ранг гулларга термуладиган, гўё бизнинг ёнимизда эмас, ўзга оламда яшайдиганга ўхшади. Негадир ундан тортинаман. Кўзимиз кўзимизга тушса йиғлаб юбораман. Кейин иккаламиз ҳиққиллаб кўз ёш тўкамиз. Нега юрагим бу даражада безовта? Худди бувимнинг холатига тушаётганга ўхшайман.
Опаяларга илк жиян муборак! Тонг саҳарда эшигимиз таққилади. Отамнинг йўталиб, овоз бергани эшитилди. Қопи очилар очилмас шўх овоз янгради.
-Суюнчи, суюнчи беринг! Бийимнинг ўғли бўлди, ўғли!-опамнинг ўртанча қайин укаси оғзи қулоғида хабарни тезроқ айтишга шошилди.
Биз опамни қўзилайдиган фурсати етганини билганимиз учун ҳам хушхабарни бир ҳафтадан бери кутардик. Бувим, онам, биз қизлар бир зумда долонга чиқдик.
-Ўғил дедингми, ростдан ўғилми?- отамнинг овози қалтираётган эди. Ростданми?
-Ёлғонданам ўғил дейдиларми? –хайратланди қайнука.
-Худога шукур! Ўғилдир қиздир, омон-соғ ёқти дунёга чиқибди. Суюнчилаган бўйларингдан айланай болам. Сен ҳайратланма, биринчи фарзандни қиз туғилсада ўғил деб суюнчилайдилар.
-Э, йўқ! Биз ҳаммамиз жиянчамиз қиз бўлишини орзу қилгандик. Онам хафсаласи пир бўлиб қайтди туғуруқхонадан. “Бир этак қиз туғилган хонадондан ният этиб келин олгандим. Фойдаси бўлмади. Ўғил туғди. Бор қудаларга суюнчила, уларнинг хурсанд бўлиши тайин”, деди.
Отам кўз ёшларини артиб, кўкрак чўнтагида асраб юрган қизил ўнликни ўша қайнукага берди. Вой бўй, ўн сўм-а! Аламим келиб болага ўқрайиб қарасам, менга кўзини қисади ахмоқ.
Онамни айтинг. Елпатакда алпатак. Гўё юртнинг подшоси хонадонимизга ташриф буюргандай, ўтқазгани жой тополмаяпти.
Дастурхон ёзилди. Бувимнинг яширин сандиқчаси очилди. Асал, шоколадлар, печеньелар. Онам сариёғ кўтариб кирди. Ўша қайнука Зокир оч тулки тинкаси қуриб оч қолгандай кавшаниб, қорнини тўйдирди. Киши билмас шокаладларни чўнтакка урди. Кетишга чоғланди. Онам қўлига тугунчак ҳам қистирди.
Пулга, шоколадларга куйиб турганим етмагандай, ахмоқ Зокир эшикка йўналаётиб сочимдан тортди, тиржайиб тилини чиқарди. Кўча эшигини очаётганда шарта бориб кучим борича елкасига гурсиллатиб мушт туширдим. Тупуги томоғига тиқилдими, “ғийқ-ғийқ” этган сас чиқардию, хайр хўшни насия қилиб, тугунчакни бағрига босиб, югургилаб кетди.
Уйдагиларнинг барчаси албатта менинг ҳунаримни кўрдилар:
-Нишатганинг бўлди, уятсиз! Меҳмон қудага шундай муносабатда бўласанми?
-Қудалигини қилсин, менга ўжашмасин! Ахмоқ! Тилини кўрсатмайди, сочимга қўлини тегизмайди энди!-чинаккамига жаҳлим чиқиб бақириб жавоб бердим.
Катталар бир-бирига маъноли боқиб, мийғида жилмайдилар.
Нимага ишора қилаётганларини тушунмади деб ўйлайсизми?
Хато фикрга бораяптилар. Мен Ўғилжонман! Ота-онамга ўғилдек суянчиқман. Ҳеч қачон турмушга чиқмайман. Уйда қолиб, кексаларга хизмат қиламан. Бундан ҳозирча ҳеч ким хабардор эмас.
Ҳаммамиз хуш кайфиятда, бир-биримизга гап бермаймиз. Ҳурпошша ойбикамни орамизда йўқлигини сезмабмиз. Кўнглим ғаш тортиб қизлар хонасига шошилдим.
Ойбикам ғучанак холатда ётибди. Қўлида ёстиқ жилди. Қонга бўялган. Хавотирланганимни сезиб, “секин, бировга сездирма” ишорасини қилди. Мен зудлик билан тонқада сув, слопча келтирдим. Ойбикам секин бошини кўтарди. Юз қўлларини ювди. Ва беҳол жойига жўзилди. Қонли жилдни ювиб офтобга ёйдим. Катталаримиз бешик тўйи масаласида маслаҳатлашиб менинг безовта ҳаракатларимга кўпам эътибор қилмадилар.
Оқарган юзидан муздек терларини артарган изоҳ берди:
-Олдинлари бурним озроқ қонарди. Бунчалик суюқ эмасди. Бугун тўхтамади. Қўрқдим. Ҳеч кимга айтма. Қисинмасинлар. Тўйни омон-соғ ўтказсинлар,- деди илтижоли боқиб.
Иштаҳаси йўқолган опамга ялиниб ёлбориб новвотли чой ичирдим. Зокир оч тулкидан қолган асал билан сариқёғни нонга суртиб, едирдим. Бир соатлар ўтиб ўзига келди. Долонга йўналди. Боши айланди, шекилли, эшик кесакисига суяниб тин олди.
Эрта тонгдан отам бўласи Пир оғамизнинг орқасига кажава уланган Москвичида бозорга йўл олдилар. Тушга яқин халталарда ун, гуруч, сабзи, мевалар ширинликлар ортиб қайтдилар. Яхшиям қўчқорни опамнинг қалин пулига тўйидан кейин келтириб, боғлаган ва жуда яхши парваришлаган эдик.
Бувим билан онам бешик тўйига аталган матолардан ўртик, кўрпачалар, жиянчамизга жубба, чилла тўппи ва бошқа зарур анжомларни тикдилар.
Тўй куни бешикни Кишчан кўтариб борди. Қудалар унга сарпо кийдирдилар. Қип-қизил пальто! Ўзим кўтариб бормабманда. Сарпо беришларини билмаганман. Иккичи Кишчаннинг шумлигини кўринг. Барибир пальтони биринчи ўзим кияман. Акс холда уйга вазифаларни кўчиртирмайман.
Хотинлар бекорчими дейман. Бунча расм-русумлари кўп. Тўғриси, таърифлаб ўтиришни истамайман. Янги туғилган чақалоқ, ҳали кучга кирмаган она ва бир уй тўла хотин-халаж, бола-чақа. Воғир-вуғур. Боланинг тувагига тўлдирилган шоколадларни сочув қилганларида, болалар қолиб, кап-катта хотинлар ҳам бешик атрофидан ширинлик теришга шошилдилар.
Энсам қотиб, четда кузатиб туравердим. Шу ҳам удимми? Янгилжон, Тўхтажонлар чўнтакларини тўлдирдилар. Шубҳасиз, алдаб сулдаб конфетларига шерик бўламан.
Султонпошшахоним йигирма чилладан чиқиб меҳмонга келди. Уйимиз қувончу шодликка лиммо-лим тўлди.
Бувижоним эшик олдида айланиб-ўргилаб исриқ тутатиб қаршилади. Отам ҳаяжондан ҳаприқиб, гўдакни опамни қўлидан назаримда тортиб олгандай туюлди. Онам қизини бағрига босиб, қўлидан етаклаб дастурхон ёзиб, каттагина тайёргарлик кўрилган хонага бошлади. Чини ойбикам магнитафонни қулоғини буради. Комилжон Отаниёзовнинг тўйлар муборак қўшиғи янгради. Янгилжон, Тўхтажонлар сакраб-сакраб ўйинга тушдилар. Бувимни қилпилашига кулиб юбордик. Ранглари оқарган Ҳурпошша ҳам шаҳло кўзларини кулдириб, кулгичларини ўйнатиб, Чини билан баҳсма-баҳс хиром қилди. Поччам ҳайрон. У билан ҳеч кимни бир пуллик иши йўқ. нима қиларини билмай опамни изидан эргашди. Ана шундан кейингина уни эслашди. Бувим узундан узоқ, гуё дарё денгиз ошиб келгандек поччамдан барчанинг соғ-омонлигини суриштирди.
Мен отамни қилиғини тушунмадим. Болани олдию, ичкари хонага кириб кетди. Шпионлигим тутди. Эшигидан мўраладим. Отам жиянчамизни қундоғини ечиб, ўғил неварасининг бойлигини томоша қилаяпти. Мени кўриб уялди шекилли, изоҳ берди:
-Тагини ҳўллабди деб ўйлабман.
Ғашим келди. Ўкиндим. Баҳона ярашмади. Таги ҳўл бўлса онаси, қўшадан бувилари, қолаберса холалари бор. Отамиз учун тўққиз қизининг шу бир гўдакча қадри йўқ экан-да.
Отам жўшиб кетди, шекилли, боқувда турган қўзини сўйди. Яхшида! Жиянимиз Азаматнинг шарафига бир неча кун гўшт гўмма, барак ейдиган бўлдик.
Давоми бор.