(давоми) Чалғиб кетибман. Изга қайтаман. Султон опамнинг тўйи зўр ўтибди. Ҳур ойбикам тўлиб-тошиб, қўшиб-чатиб бизга ҳикоя қилди. Эртаси онамлар қариндош аёллар билан келин кўрарга бориб қайтдилар. Онамнинг оғзи қулоғида. Санамжон опанинг борди-келдиси зўрмиш. Келиннинг олди совғаларга тўлиб кетибмиш. Келин томондан борган ҳар бир меҳмонга сарполар берилибди. Шундай қоида бор. Ким “қуда чақириқ”, “келин кўрар”га бориб сарполик олса, уйига куёв томонни меҳмонга чорлайди. Албатта ўзи ҳам совға ҳадия қилади. Чақириқлар чўзилгандан чўзилди. Бир кун куёв томон, бошқа кун келин томон. Султонпошша ойбикам бад-безор. Меҳмонма меҳмон юришнинг ўзи бўладими? Боз устига дастурхонга қўл узатишга чакилса, ийманса.
Бир куни шундай чақириқдан келган онам ва бувимнинг шивир-шивири қулоққа чалинди. Одатим қурсин. Сирлироқ гурунг бор жойда қулоғим икки юз фоиз ишлайди. Гап-сўзларидан англадим. Султон опам бошқоронғи, ерик. Онамнинг Тўхтажон синглимга ериклигини кўрганман. Овқат ўрнига сувкесак еб юрарди. Демак, ёп бўйидан сувкесак излайдиган бўлибмизда.
Леки опам анойи чиқди. Қовурилган гўшт, кабоб, тандир сомсаларга бошқоронғи. У томонда қудалар, меҳмонга келса бизникилар, ўзимиз емесакда опамнинг оғзига тутамиз. Тўлишди. юзлари ойдай. Кайфияти аъло. Талабалиги жойида. Оилада эрка келин. Қайнукаларининг “Бийи-бийи”лаб эслари кетади. Бор меҳрини шуларга берган. Биз билан иши йўқ.
Бувим “Тоза қуйининг суви тиниқ, лойқаланмасин-да. Қизимизни ҳаддан ортиқ эркалатаяптилар. Ишқилиб Султонимиз оилага яхшироқ киришсин”-дейдилар. Бу гапнинг маъносини тез англадик. Бир куни кечки овқат пайти ойбикам тасур тусир қилиб кириб келди.
Сўрашдик. Кел-кел, ўтир-ўтир қилдик.
-Куёв билан келмабсан. Қудалар омонми, кайфиятинг йўқ?-сўради бувим. Опаямиз тўлиб турган экан, йиғлаб юборди. Айтишича келин куёв ичкарида овқатланишни тўхтатиб, эл қатори, оила дастурхони атрофидан жой олибдилар.
-Қайин укуларим даҳшит. Очкўз. Биз ҳамма жам бўлганда биргаликда овқатланамиз. Отам билан сиз дастурхонга қўл узатмагаунча, очликдан қирилаётган бўлсакда бир луқма олмаймиз. Уларда бундай тартиб йўқ. Дастурхонга нима келтириб қўйсанг бошқасини ошхонадан олиб келгунча еб, томомлайдилар. Бугун қайнотам овқатдан сўнг қовун сўйди. Тиликласа товоқ зарур бўлар деб ичкаридан олиб чиққунча қовун томом! Қайнотам тилик кесиб улгурмай тортиб олиб, оқизиб томизиб еяптилпр. Қайнонам ҳам улардан қолишмайди. Оғзимни очиб, ҳайратланиб қарагунимча қовундан бир тилим ҳам қолмади. Йиғлаб юбордим. Биласизку! Қовунхўракман. Тўғри чиқиб уйга келавердим. Энди қайтиб бормайман.
Бизнинг кучли, иродали, ақлаванд бошқарувчи Султонимизга нима бўлди? Бир тилик қовун учун аза очиб йиғлаяпти-ми?. Одам ҳам шу даражага тушиб қоладими?
Бувим талакдан ўзи саралаб қовун олиб чиқди. Отам кеч бозор қолган қутган қовунларни арзон баҳода халталаб келтиради. Яхшироғи бизга, бундайроғи молга. Оиламизда барчамиз қовунчимиз. Султон ойбикам бир ўтиришда бир қовунни кўрдим демайди.(Қовунларнинг майдаси қоладида кечги бозорга)
Бувим ойбикам хуш кўрадиган усулда қовунни косалади. Олдига қўйди. Мириқиб еди. Онамнинг бошқоронғи пайтида ўзи истаган таомни ҳовлиқиб еганлари кўз олдимга келди. Демак ойбикамни қорнидаги папаси қовун истабдида!
Поччамиз келди. Тортиниб, қимтиниб сўрашда. Менимча ойбикамни нима учун йиғлаб уйидан чиқиб кетгани сабабини англмаган. Тўғрида, бир тилик қовунни деб қайси келин шу номақбул ишни қилиши мумкин!
Бувим поччам билан ҳар қачонгидан ҳам қуюқ сўрашди.
-Султонпошшамиз қовун яхши кўради. Егиси келибди. Шунга бирозга келибди. Борақолинглар энди уйингизга.
-Ҳов, уй тўла қовунку! Хохлаганча кесиб бераман ўзим.-ҳайратланди куёв.
Орадан бир неча кун ўтгач, яна қовоқ тумшуғини осиб келди. Бу гал бувим уни норозилик билан қаршилади:
-Ҳа, уйингдан илон чиқдими? Яна нимага ёлғиз ўзинг шўппайиб келдинг?
Султон опам бундай муомалани асло кутмагани учунми, гангиди. Алавлаб супа чеккасига ўтирди.
-Мен энди у хонадонга бормайман. Келин эмас, фаррошга айландим.
Ойбикам йиғи аралаш дардини тўка бошлади. Опаялар атрофига жамлашиб, ҳайрат билан тингладик. Унга сари ойбикам авжига чиқади. Эмишки, барча юмуш зиммасидамиш. Супир, сидир. Кир ювиш, идиш товоқ, овқат қилиш. Бугунги холат ҳаммасидан ошибмиш. Болалар кўрпа тўшак тахмонини яна ағдариб юборибдилар. Одатдагидек тахмонни тахлагунча қорни белидан оғриқ турибди. Ва тахлаётган тахмони устига ағанабди. Жаҳли чиқиб, ҳеч кимга бир оғиз айтмай уйга келаверибди.
Биз опаялар ғазабга миндик. Қўйиб берса қудаларни ҳам, уларнинг безори болаларини ҳам дўппослаб келишга шай эдик. Лекин, бувимнинг қах-қах отиб кулиши бизнинг эътиборимизни тортди.
-Эрга бориш осон, этигини ечиш қийин деган мақолни сенга маъноларини тушунтирганман. Англамабсанда. Меҳнатдан ўлган одамни эшитганмисан. Сен ҳам ўлб қолмайсан. Ўрганасан. Агар шу қилиғингни такрорлаб, уйга қатнайверсанг манабу сингилларинг қари қиз бўлиб қолади эшигимиздан “жик” этиб совчи кирмайди. Тур! Жўна! Қайтиб минғирлаб кўз ёши тўкканингни кўрмай.
Опам кетмади. Бели оғриётганини баҳона қилиб кўрпачага чўзилдию, донг қотиб ухлади.
Эртаси куни эрталаб, тонг саҳарлаб , қайнона қайноталар дубурлашиб кириб келдилар. Бувим уларни қанот ёйиб, табассум билан кутиб олди. Отам хонасини ичкаридан беркитди. Биз хўмрайишиб,чала салом бериб нонушта қилиш учун ошхонага ўтдик. Ойбикам ҳалиям кечаги ўрнида уйқуни бузмаяпти.
Бувим меҳмонларни долонга бошлади. Онам бизга иш буюрганнинг бефойдалигини тушуниб, дастурхонни ўзи тузди. Қудаларнинг гурунги ошхонага эшитилсада мен ўз вазифамни бажардим. Долонга яқин ўрнашдим,қулоғим лакаторга айланди.
Суҳбатлардан шуни билдимки, уйларидаги барча ўзгаришларга Султонимизнинг ўзи айбдор экан! Оилада Эгамберган ака ҳарбий интизом ўрнатганмиш. Сабаби, у киши ҳарбий хизматга борганда озорланган, хўрланганмиш. Эгамберган ака баланд овозда ҳикояни давом эттирди:
-Биласиз, қишлоқда, ота онам, ака укаларим ёнида эмас, бувам билан момомни олдида, кўз ўнгингизда улғайдим. Улар юввош, меҳрибон эдилар. Қўлимни совуқ сувга урдирмай, оғир иш қилдирмай, талабларимга йўқ демай улғайтирдилар. Ҳамма қийинчилик ҳарбийга чақирилганимдан сўнг бошланди.! Хизматни Ленинградда ўтадим. Сафдошларим асосан грузинлар, Болтиқбўйи давлатларидан келган йигитлар. Бақувват соғлом. Аксига олиб,Тожиктстон, Туркманистондан келган болалар ҳам мен сингари нимжон. Биринчи кундан грузин болалар бизга хизмат буюришни бошладилар. “Оёқ кийимимни тозала, елкамни қашиб қўй!”. Қаршилик кўрсатишим билан бир туртганда учириб юборарилар. Бу ҳам етмагандек, рус тилини билмайман. Дардимни катталарга айтолмайман. Энг ёмони овқатни секин еганим туфайли, столдан туришга буйруқ берилганда мен энди кавшанаётган бўлардим. Противагаз кийдириб ўрмонда югиртирганларида бўғилишимга сал қолди. Тожик жўрам эса йўқолди. Чеккада, ўша противагазни юзидан сидириб ололмай, бўғилиб ўлибди. Ҳарбий ҳаётга кўниккунимча олти ойдан зиёд вақт ўтди. Озиб, калитдай бўлдим. Туркман жўрам умуман ярамади. Уни ҳарбийга яроқсиз деб топдилар, уйига жўнатдилар. Ҳавасим келди.
Кейинчалик англадимги, ҳарбий хизмат мени тоблади. Сафдошларим билан дўстлашдик. Ўша грузин жўраларим олдига дам олишга бориб турамиз ҳаволари зўр. Фарзандларини меҳнатга пишитиб, спорт билан шуғуллантириб улғайтираяпти. Ҳарбийдалигимда қасам ичканман. Ўғил фарзандим бўлса аямайман. Уларни тез овқатланишга, бировда ҳаққи пойини қолдирмасликка, меҳнатдан бўйин товламасликка ўргатаман деганман. Ҳозир спорт билан мунтазам шуғулланадилар. Ҳар бирининг қўлида рус тили луғатлари бор. Ўзаро русча гапирадилар.
Эгамберган аканинг мақтанишидан энсам қотди. Демак опам уларнинг хизматкори эканда!
Ҳаёлимни Санамжон опанинг ўктам овози бузди. Султон ойбикам “Ҳаммаси бақир-чақир қилиб баланд овозда гапирадилар, жанжаллашаяптиларми деб қўрқади одам. Қайнонам гапига қулоқ солмаган ўғилларини камар билан савалагани етмагандай эркакча сўкади ҳам.”деган гапини эсладим.
-Султонпошша уйдаги тартибни бузди деганда ранжидингиз. Қулоқ солинг. Ўғиллари навбати билан ҳовли, ҳатто кўча юзини супурардилар. Келин ҳовли супураётган ўғлимни қўлидан супургини олган.”Ҳовли супуриш менинг вазифам”деган. Бундан хабар топган болаларимнинг боши осмонга етган. Идиш товоқ ювиш навбати ҳам бузилиб, Султонпошша “келинлик вазифаси”га киритди. Овқат қилиш менинг зиммамда, болалар масалиқни тайёрлашда қарашар эдилар. “Сиз дам олинг, ўзим пишираман” дедию, мени ошхонадан четлатди. Умримда илк бор кўчага чиқиб хотинлар билан гап сотадиган, ҳамманинг ҳавасини келтириб, келинимни мақтайдиган бўлдим.
Кеча, Султонпошша уйдан чиқиб кетгандан кейин болалрни тўплаб мажлис қилдик. Одатдагидай ҳар ким ўз вазифасини бажаради. Кенжатой Ҳасан-Ҳусанлар кўрпа тўшак устига чиқиб пастга ирғишни тўхтатадилар. Энди тахлам бузилмайди. Ҳаммаси изига тушади. Султонпошшамиз ўз навбати келганда супир-сидир қилади, таом тайёрлайди. Қайин укалари кўзлари тўрт бўлиб бийиларини кутаяптилар. Рухсат берсангиз келинни олиб кетсанг.
Бувимнинг таъсирлангани юз кўзида намаён.
-Бораверинглар. Изингиздан жўнатаман.
Бувим хонамизда шумшайиб долондаги гапларни эшитиб ўтирган Султонимизни, унинг ёнига барча опаяларни жамлади. Онамиз ҳам четда қолмади.
-Ҳаммангиз чап қулоғингиз, ўнг қулоғингиз билан эшитиб қўйинглар. Унутманглар. Барибир ҳар бирингиз бир хонадоннинг бекаси бўласизлар. Панду насиҳатим, қайн уйингизнинг яхшилигини ошириб, ёмонини яширинглар. Уйга ёлғиз келувчи бўлманглар. Хонадонингиз аҳволини мақтайверсангиз хаётингиз изига тушаверади. Ёмонласангиз гапингизга гап қўшилиб воқеалар янада бўртиб кўринади. Баъзи бўртирмаларингизга ўзингиз ҳам ишониб турмушингизни изидан чиқарасиз. Ажралиб келдинг, дейлик, Султон қизим. Кейин нима бўлади. Эрга тегмай умрингни ўтказаолмайсан. Боланг ўгайнинг қўлига қолади. Эл ичида эрдан чиққан деган иснодни кўтарасан. Сен жуда яхши оилага келин бўлдинг. Қадрига ет. Келсанг яхшисини ошириб кел. Сени деб отанг минг йиллик қадрдонини юзига эшигини беркитиб салом аликсиз хонасига кириб кетди. Сингилларинг хўмрайишиб, дастурхон ёзишдан бош тортдлар. Сен икки оила ўртасига дастлабки совуқчиликни солдинг. Шундай давом этсанг нима бўлади? Эсингни йиғиштириб ол. Ўзимиз чақирмагунча уйга қадам босма!
Ойбикам кетди. Бувимнинг насиҳатлари кор қилгани ҳаётида ўз аксини топди. Опаялар ҳам шу ўгитларга амал қилдилар. Бувиларнинг борлигига шукур!
Гулпошша ойбикам ва Гулимбой оғам
Бу йил Гулпош опаямиз мактабни тамомлайди. Тошкентга, институтга кетишга шайланаяпти. Унга қаршилик йўқ. Сабабини сал туриб айтаман.
Товуқларга қарашни шу ойбикам ёқтиради. Ҳар бир паррандасининг номи бор. Хўрозларини Солий дойи, Комил дойи, Мақсуд ота деб чақиради.
-Хўрозларингни не учун дойиларингни номи билан атайсан?-деса
-Феъл-атворлари ўхшайди. Солий дойи хўрозим мастга ўхшаб юради. Алқашдек. Мақсуд ота хўрозим йўқ жойдан жанжал кўтариб, нуқул Комил дойи хўрозимни қувлаб, чўқолаб, тепишга урингани уринган.
Бикажон бика товуғимнинг парвойи палак. Хўппа семиз. Жўжа очай демайди. Бибиш товуғим озиб, сўллайган. Жўжа очишни бибишимга чиқарган.
Ишқилиб, ойбикам билан парандалар хусусида сўз очсангиз яйраб кетади. Товуқхонада қай бир товуқ ҳукумрон, қай бири очкўз, ўз ҳаққини олмайдиганларига ўзи назорат қилиб айрим дон беришини ҳам таъкидлаб қўяди. У шаҳарни эмас, қишлоқ ҳаётини ёқтиради.
-Қани энди, парандачилик ферманг бўлса, минглаб товуқ, хўрозлар яйраб юрса. Тухумларни шаҳарга машиналарда жўнатсанг. Пулига Парижга саёҳатга борсанг. Мол ҳиди келадиган ҳовлимиздан сал нарида, ёп бўйида чиройли уй қурсанг. Ҳар биримизни ўз хонамиз бўлса. Отам билан онамни дам олишларга юборсанг. Бечора онамизни боши касалдан чиқмайди.
-Қизиқ гапларни гапирасан. Онамизни бошига ёстиқ бўлмоқчимисан. Сени Дўрман қишлоғига сотиб юборамизку-Гулпошша ойбикамни ҳаёлпарастга чиқарадиган Чини ойбикам-одатдагидек пиччинг қилади
Гулпош ойбикамга Дўрман қишлоғини эслатишимиз ёқади. Болалигидан шу қишлоқ мақталиб, қулоғига қуйилиб келади. Уничи, бобом рахматликнинг Дўрмандаги Сотимбой деган қариндошининг ўғли Гулимбой оғага гўдакликдан қулоғини тишлатиб қўйганлар.
Уларнинг ўзаро муносабати биз учун бир томоша. Гулимбой оғамиз баҳоналар топиб, шаҳарга тушади. Ва албатта бизникига меҳмонга келади. Халтада қовоқ, қовун, торвуз, олма, ишқилиб неки пишиб етилган бўлса илинади. Қиш кунлари эса ўрик қоқи, жийда, ҳиди оламни тутадиган беҳилардан баҳраманд бўламиз. Сараланган катта-катта беҳи, олмаларни Гулпошига бекитиқча тақдим қилади. Ҳар гал атир совун совға қилишни унутмайди. Овози дўриллаб чиққанидан мамнун, қишлоғи тўғрисида ҳикоялар тўқишдан чарчамайди. Ойбикам бажонудил тинглайди.
Бундан 3 йил олдин оғамиз ўнта жўжани Гул ойбикамнинг шахсан ўзига совға қилган. Сараланган тухумларни товуқ эмас, куркага бостирганлар. Ойбикам эса жўжаларни олган кунидан парандаларга меҳр қўйди. Илк сабоқни Гулимбой оғам берди. Қолган маслаҳатларни ҳоли жонига қўймай бизга ботаника ва зоологиядан дарс берадиган Гавҳаржон опамиздан олди. Кейинчалик “Товуғим ғўрқ бўлди, ўн битта тухум босди. Жўжаларга тухум қайнатиб едираяпман” каби гаплари қулоққа чалинар, бизни товуқлари жойлашган катакка асло яқинлаштирмасди. “Паррандани бир одам парваришлаши керак”, дея ўзи тўқиган қоидага амал қилди.
Оилада барчамиз бирдек Гулимбой оғани ҳурмат қиламиз. Физика, математика, биология фанларини яхши ўзлаштирган. Бизни атрофига жамлаб, карра жадвалини ёд олганимизни синовдан ўтказади. Ҳатто мактабга бормаган Тўхтажон синглимиз ҳам тинглаб ўтириб карра жадвални ёд олибди.
Оғамиз қишлоқ хўжалиги институтига ўқишга киришга ҳозирлик кўрганида Гул ойбикамни ҳам ўқув даргоҳида бирга ўқишга ҳозирлади. Ҳар келганида тайёргарлигини назорат қилди. Ўзлаштиришига ёрдам берди.
Буни қарангки, ўғил фарзанд орзусида қалби армонга тўлган отамга эркакларга хос уй юмушларида кўмаклашишга ҳам вақт топди. Султонпошша опамни Тошкентда ўқишига қаршилик кўрсатган уйимиз катталари Гулпошша опамга аллақачон розилик бериб қўйибдилар. Чунки Гулимбой оғам уни ҳар жиҳатдан қўллаб қувватлашига ишонадилар.
Сотимбой дойи аллақачон Тошкентга бориб, ўқишга киритишда ёрдам берадиган домла билан қўл ташлашиб қайтибди.
-Аълочилигига ким қараб ўтирибди! Таниш билишчилик. Бар порани, ўлдир пухорони дейдилар. (Пухоро дегани не дегани экан? Фуқаромикан?) Ўқишга кирадиганларни рўйхат қилиб бўлибдилар ҳисоб. Бу томондагилар билимига ишониб юриберадилар!
-Қанча берадиган бўлдингиз?-негадир қўрқа писа сўрайди отам.
-Пул эмас, сур, қамар, шерози териларни сўради.
-Вой-бўй, бу терилар жуда қимматку?
-Шу ўғлимни ўқитсам, кейинчалик укаларини ўзи судрайди. Тухумимиздан бир ўқимишли чиқсин, ахир. Ўзи ҳўкиз боқаяпти. Пишшилаб, семириб турибди. Яқинда дарёни ортига, Тўрткўлнинг тери бозорига ўтиб келдим. Шерозидан, сурдан тикилган попоқлар кўзимни ўйнатди. Ёлғондан кийиб кўрсам ростдан очилишиб кетдим. Ярашди қўйди. Енгиллигини айтинг. Бошингда бор йўқлиги билинмайди. Бундай попоқларни кийишга бизларга йўл бўлсин,- хўрсинди Сотимбой дойи.
-Ота, қисинманг. Ўқийман. Ишлийман. Сизга сур попоқ, қамардан тикилган баланд кубанкаларни совға қиламан,-отасининг кайфиятини кўтаришга интилган Гулимбой оға қўшиб қўйди:
-Нишатин. Ўқишларим аъло бўлсада, ишонмай домлалар билан келишиб қайтибсиз. Одам хафа бўладида!
-Шартмас болам. Сур, қамар, шерози янгигина туғилган қўзичоқлардан шилиб олинади. Ундай попоқлардан мурғак қўзичоқларнинг нолали маъраши эшитилиб тургандай туюлади. Бизларга шу простойлари ҳам бўлади.
Бувим секингина “Сотиб олишга қурбинг етса жон деб киярдинг.Топган гапи антиқа”, деб қўйди. Шивирлаб айтилган гапни катталар эшитмаганга олдилар.
Орадан кунлар ўтиб, Тошкентга жўнашдан олдин ота-бола бувимдан фотиҳа олишга келдилар. Суҳбатлар орасида кичиккина жомадонни очиб, Тўрткўлнинг бозоридан ҳарид қилинган териларни кўрсатдилар.
-Гули гулига тушадиганини зўрға топдим. Қоркўл тери кўп. Арзон. Лекин домла худди мана шундай хилларидан келтиришни сўради. Бозорда озарбайжонликларни, чеченларни ҳам учратдим. Терини зўр тушинар эканлар. Пулни аямай харид қилаяптилар. Тери танлашда менга ёрдам бердилар.
Қуёш нурида жило бериб, гажак-гажак товланаётган териларни кўриб, бувим ҳаяжонини яшира олмади:
-Худойимни карами кенг. Қўй деган жонивор шу даражада хушруй, кўзни қамаштирадиган хилқатни дунёга келтирсая! Яхшиям айрим зотлиларига мансуб бу. Бўлмаса сўйилаверганидан қўйнинг уруғига қирғин келармиди? Бечора бажикларей! (Бажик-қўзичоқ дегани.)
Отам ҳам терини бармоқлари билан силади. Ҳавасланди. Менга эса тунов кунги гаплар таъсир қилган шекилли, қулоғимга янгигина туғилган, терилари шилинаётган қўзичоқларнинг нолали маърашлари эшитилгандай туюлди.
Сотимбой дойи, Гулимбой оғалар Тошкентга кетдилар. Уларнинг изидан зарур ҳужжатларни тўғрилаб, синфдош дугоналарига қўшилиб Гулпошша опам ҳам жўнади. Биз уни ўқишга киришига умуман ишонмадик.
-Бориб келсин. Ўқишга юбормадингизлар деб армон қилиб юрмасин. Сотимбой дойи аълочи боласини ўқишга жойлашга шунча уринаяпти, қизимизга йўл бўлсин,-хўрсинди онам
-Яхши ният қил. Тушимда Гулпошша баланд от устида ўтириб, шамолдай елиб бораяпти. У ўқишга киради!- бувим хукм ўқигандай қатъий фикр билдирди.
Бувим тўғри башорат қилибди. Гулимбой оғамиз ҳар иккаласи ҳам талаба бўлганини суюнчилаб телеграмма юборибди. Хушхабарга Сотимбой ака ҳамқишлоқларини зиёфатга чорлаб бир қўй, биз ўзларимиз оилавий нишонлаш учун Гул ойбикам семиртириб боқаётган хўрозни сўйдик.
давоми бор.