DILBAR BEKCHANOVA: OQIBAT MEHROBI (Qissa) – Ваъдаси пуч севги(davomi)

0
35
марта кўрилган.

Шукуржон эна келини Бибижонни чақириб, маслаҳат қилди. Невараси Жамилани қўшни овулдаги дугонаси ўғлига сўраб юрганидан хабари бор эди. Бир мактабда ўқиган болаларини дугоналар ўзаро келишиб, яхши ният қилиб қўйишганди. Аммо Бозорбой кўпчилик тенгдошлари қатори урушнинг биринчи кунларидаёқ жангга отланди. 

– Қизим, Бозорбойнинг энаси Холбиби менинг ҳам дугонам эди, раҳматли. Келини Норжоной ўғлини куни кеча  урушга жўнатди.

– Ҳа, шундай эна, хабарим бўлди, – деди хомушлик  билан келини.

– Биламан, Бозорбой жуда яхши йигит. Урушдан соғ-саломат қайтиб келишини Аллоҳдан тилайлик. Кўпнинг тилаги қабул бўлади. Қизингга ҳам айт, унинг учун ҳар куни дуо қилсин.

– Жамила, ҳой Жамила, калла пишдими? – Эна набирасини баралла чақирди.

– Неварангиз, кеча шаҳардан кеч қайтди. Йўлда чарчаганми, ухлаб қолган чамамда.

– Қаерда ухлайди, гапга аралашди Ҳожибой. – Кечаси билан нималарнидир ҳисобини қилиб чиқди. Нариги уйда ҳали ҳам ўтирибди.

Жамила шу кунларда тўртта қишлоқнинг ҳисоб-китоб ишларини тайёрлаётганди. Чунки қўшни қишлоқдаги ҳисобчилар ҳам урушга кетиб бўлишганди. Саводли, ўз ишининг усталари деярли қолишмаганди. Бечора қизнинг  кечаси билан ишлашига тўғри келаётганди.

– Жамила, ҳой Жамила, – Шукуржон эна яна чақирди.

Бирпасдан сўнг қиз ичкаридан чиқди. Анча толиққан ва уйқусираган кўзларини қаттиқ юмиб-очиб энасининг ҳузурида пайдо бўлди.

– Эрталаб туриб чойни  вақтли ичишингга ўрганиб қолибмиз, қизим, кел, нонушта тайёр.

– Эна, озгина ишим қолди. Тугатиб олай, дарров чиқаман.

Дастурхон устида гап яна Бозорбой масаласига бориб тақалди. Норжоной билан аҳду-паймон қилган дугоналар ҳақидаги гапни Жамила ҳам энасидан кам билмасди.

– Қизим, ҳар кун дуо қилайлик. Бозорбой  ҳам акаларинг қатори соғ-саломат қайтсин. Қиз боланинг дуоси  ижобат бўлади. Тилакни канда қилма.

– Хўп, эна, хўп. Жамила шундоқ ҳам ҳар кун ўн марталаб акаси, амакилари ва яқинда урушга кетган Бозорбойнинг ҳақига дуолар қилаётган эди. Бозорбой ақли-ҳуши жойида, тадбирли йигит. Бир мактабда ўқиган ёшлар оналари дугоначиликда ўзаро орзу-ниятлар қилишганини жуда яхши билишарди. Шунинг учун бир-бирини узоқдан кўришлари билан юзларига табассум иниб, бир-бирига кулиб қарашган. Бироқ бирон марта учрашиб, суҳбатлар қуришмаган. Маъноли қарашлар билан бир-бирига термулиб, ўтиб кетишган, холос. Йигит ҳам журъат қилиб, қизнинг олдига келган эмас, ҳечам…

Бир кун онаси қаттиқ ҳаяжонда уйқудан уйғониб кетди. Туш кўрганини айтиб, урушдаги яқинларига дуо қилишни қизидан сўради.

– Тур, қизим, тур, уйғон, – туш кўрдим, яхшиликка бўлсин. Бомдодда тилагимиз қабул бўлади. Турақол, номозни бирга ўқиймиз, – деди Бибижон опа. Ўша кундан бошлаб, она-қиз ҳар бомдод Аллоҳдан сўрашди. Жангга кетган яқинлари, ҳамқишлоқлари ҳақига дуо қилиб, уруш тезроқ тугаб, соғ-омон қайтишларини тиладилар.

Шу зайлда  орадан икки йил ўтди. 1943 йилнинг қишида Бозорбой бир оёғидан айрилиб, уйига қайтди. Она-боланинг қувончи чексиз эди.  Ҳар тугул саломат қайтди, Аллоҳга шукур, тилагимизни ижобат қилди, дея қувонч кўз ёшлари билан  кутиб олишди аёллар.

– Шу зайлда кунлар ўтди. Ҳамма урушда бўлса-ю, тўй қилиб ўтириш ярашмайди, деган қарорга келган  катталар ўша тинч ва фаровон кунларни интизорлик билан кутишди.

Кунларнинг бирида Жамилага қаердандир шумхабар етиб келди.

– Жамила, дугонажон, сенга бир гапни айтиб қўйишим керак, – деди энг яқин дугонаси. – Бозорбой  «Жамилага бориб айтинглар, мен от миниб юрган қизга уйланмайман. Турмушга чиқса чиқаверсин, мени кутиб ўтирмасин», – деганмиш. Яна ўзинг суриштиргин. Бу гап нақадар тўғри ё нотўғри. Мен ҳам бировдан эшитдим. Сенинг шаънингга тегадиган гап айтилгани учун  дугонажон, менга оғир ботди.

– Бу гап қаерда айтилганмиш?

– Куни кеча урушдан қайтиб келган жўралар беш-олти нафари йиғилишиб қолишибди.

– Бу йиғинда Қодирберган ҳам бормиди?

– Билмадим. Фронтдан қайтганлар, дейишди.

Бу гаплар Жамиланинг нафсониятига қаттиқ текканди. Аниқлик киритиш учун тўппа-тўғри синфдоши Қодирберганникига борди.

– Қодирберган, шу гаплар ростми?

– Жамила,  биласан, ёлғон гапни ёмон кўраман. Бу гап йигитлар даврасида айтилди, – деди у. – Бироқ сен хафа бўлма. Бозор сенинг  тирноғингга ҳам арзимайди.

– Мен бу гапни ўзидан  ҳам эшитишим керак. Қани нима деркан. Кейин ўзига ҳам айтадиган гапим бор, – деди у. Жамила ҳар бир ишни пишиқ-пухта бажарадиган,  сўзнинг исботи ва  далилини афзал биладиган, қатъиятли қиз эди.

Қиз ўша куни тонг қандай отганини билмади. Онасига бўлган воқеаларни бир-бир гапириб берганида, Бибижон опа роса ҳафа бўлиб йиғлади. Шукуржон эна эса, ойдинлик киритайлик, ихлосимиз катта эди, аммо кутганимиз бўлмади, дея қаттиқ изтироб чекди. Аёлларнинг йиғлаётганини эшитган Ҳожибой кимдир оламдан ўтибдими, деб ўйлади. Лекин гап нимада эканлигини унга ҳозирча айтишмади. Албатта, кўнгилларни вайрон қилган  масалани олдин аниқлаштириш керак эди. Бунинг учун ўша гапларни йигитнинг ўз оғзидан эшитиш қолган эди, холос.

Бибижон дугонаси билан учрашиб, бор гапни тўкилди. Бу гаплардан хабари йўқ Норжоной эса, «ҳанг-манг» бўлиб, қотиб қолди.

– Кечқурун келсин, ўғлим билан ўзим гаплашаман. Бу ерда қандайдир,  тушунмовчилик бор, дугонажон. Ахир у ҳам Жамилага бефарқ эмас. Фронтдан ёзган хатларида албатта Жамилани  алоҳида сўрарди. Мен бу гапларга асло ишонмайман, кимдир орамизни бузмоқчи, дугонажон, – деди.

Бибижон  аҳду паймон қилган дугонасининг уйидан қайтаркан, қаттиқ ҳафа бўлди. Тинимсиз кўзларидан ёш оқаркан, катта бир нарсасини йўқотиб қўйган кишидек, юрагининг  тубида оғриқ пайдо бўлди.

– Онажон, нега бош уриб бордингиз, нега ундай  қилдингиз. Кўчада қолган қизингиз борми? – Жамиланинг аччиғи келди.

– Ахир, нима қилай, дугонамнинг боласига  ихлосим баланд эди. Тўй қилиб, қувонмоқчи эдим.

– Ўртада бир ўлим йўқ. Қўйинг она. Нега йиғлаяпсиз? Керак бўлса, мен у чўлоққа тегмайман. Мен бутунман, ўзимга ишонаман, – бу гап қизнинг кўксидан отилиб чиқди-ю, томоғига нимадир тиқилди. «Тавба қилдим. Унинг ногиронлигини пеш қилаяпман. Аллоҳим мени кечиргин…» – деди аста шивирлаб.

Ҳаммаси ойдинлашди. Жамила тўппа-тўғри Бозорбой ишлаётган идорага келди.

– Сиз ҳам одаммисиз. Дардингиз бор экан, мард бўлиб ўзимга айтинг, – деди. – Мана мен келдим. Исмингиз бозор, гапингиз ҳам  бозор. Жуда моссиз.

– Нималар деяпсан, Жамила, – деди  йигит қизариб.

–Ҳамма нарсадан хабарим бор. От миниб юрган қизни олмайман. Менга лойиқ эмас, дебсиз. Тўғри гапни айтинг. Айтолмайсиз. Чунки, кўнглингизга шубҳа ва гумонлар оралаган. Ундай одам билан яшаш осон бўлмайди.

– Жамила, мен, мен ундай демоқчи эмасдим. Кечиролсанг, кечир, – дудуқланди йигит.

– Сизга бир гапим бор. Тўғри, жон олиб, жон бериб келдингиз. Жанггоҳлардан омон қайтдингиз, Аллоҳ ўз паноҳида асради.  Умрингиз бор экан. Лекин  билиб қўйинг. Бизлар  ҳам бу ерда кам меҳнат қилмаяпмиз. Буни айтмоқчи эмасдим. Кўпам керилманг. Сизни кечириб бўлмайди. Бувимнинг, онамнинг  ҳам ихлосларини бир пул қилдингиз, бир оғиз гап билан. Мен бутунман, аммо, сиз чўлоқсиз. Мен ҳам  сиздек чўлоққа турмушга чиқишга асло розимасман. Мен ақли расо ва бутун йигитга тегаман, – Жамила бу гапларни қандай қилиб айтганини ўзи ҳам билмай қолди. Чунки бутун қишлоқ Жамила ва унинг оиласи Бозорбойни интизорлик билан кутишаётганини билишарди. Ор-номус ва андишанинг кучи биланми, ишқилиб, Жамила ҳам йигитга бўш келмади.
        Шу билан  ваъдаси пуч севги ўз поёнига етди.

Davomi bor.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.