Олима ва ёзувчи Дилором ЁРМАТОВАнинг «НОДИРАБЕГИМ МУҲАББАТИ» қиссасидан инсон руҳиятини, инсоний ҳиссиётларини ва гўзал сабру жамилини акс эттирувчи бир парчани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
… Увайсий, Нодирахонимдан фақат бир нарсани сўрарди, ул ҳам бўлса, тинимсиз ғазаллар ёзишингиз керак, деб уқтирарди. Баъзан Ойимнинг жаҳли кетиб, Умархон билан яна опоқ-чопоқ бўлиб кетганидан сўнг, ўшал рашк ва ҳижрон кунларида ёзилган ғазални ўқиб берарди. Бу вақтда Нодираи даврон ўзи ҳам кулиб ғазалга қулоқ соларди.
Ёз кунларининг бирида Ойим қўлида қалам ва дафтар боғни айланиб юрган эди. Қарасаки, Умархон қўлини ювмоқчи бўлиб узатмоқда, обдаста кўтарган, ёшгина канизак, узоқроқдан ҳуркиброқ, қўлини чўзганича обдастадан Умархоннинг қўлига сув қўйиш учун чоғланмоқда. Ногаҳонда канизакнинг қирқ кокилидан бири Умархоннинг қўлига тегди. Бу вақтда Умархон канизакнинг сочини аста ушлаб, меҳр билан авайлабгина унинг елкасига қайтариб ташлаб қўяди. Воқеа шу билан тугайди, аммо Нодира бу ҳолатни кўз олдидан узоқ вақт кетказа олмади. Бир ойлар давомида, кўз олдида канизакнинг сочини авайлаб ушлаб орқага ташлаган Умархон қўлини кўрарди ва ҳар кўз олдига келганида аламидан кўзларидан тинимсиз ёшлар шашақатор бўлиб оқарди.
Бир куни Ойимнинг йиғлаб ўтирганини кўрган Увайсий: –“Нега кайфиятингиз йўқ, нима бўлди, айтинг, озгина енгил тортасиз, деб аҳволини сўради. Нодираи даврон сирдошидан кўнгил сирларини яширмади ва бир оз бўлса-да енгил тортди.
– Қани бўлинг, энг ҳарир кийимларингизни кийинг! – Деди Увайсий далда бериб ва Умархон улуғлаган икки ғазални танлаб берди. – Ҳукмдорингизни чақиринг келсинлар, беҳуда аразлар не керак, у кишим хабардор эмаслар бу аҳволинигиздан. Шеърларингизни ўқиб беринг, салтанат ташвишлари уларни шундоқ ҳам чарчатган, озгина ором олсинлар. Кайфиятини кўтаринг, Умархон учун ҳаётида Сиздан азиз аёл йўқ, Сиз шоирам яккаю-ягонасиз! – деди янада далда бериб. Яна: “Ўзингизни ҳам, Амирийни ҳам койитманг”, деган гапи Нодираи давронга кўтаринки руҳ бағишлади.