Дўрмон – онамнинг киндик қони тўкилган қишлоқ

0
535
марта кўрилган.

Дўрмон –  болалик хотираларим билан боғлиқ гўзал маскан. Мевали боғлар билан ўралган ҳовузли  гўша. Турдий ўз шеъриятида туркийларнинг тўқсон икки  уруғи мавжудлигини айтиб ўтади, Ана шу шеъриятда тилга олинган 92 ўзбек уруғининг бири – Дўрмон. Айни кунда ушбу номли қишлоқлар республикамизнинг кўпгина вилоятларида учрайди. Масалан, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, Навоий вилоятининг Кармана туманида, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида шу ном билан юритилувчи қишлоқлар мавжуд.

Урганч туманида йигирмадан ортиқ қишлоқ бўлиб, энг каттаси – Дўрмон. Бир томони шаҳар бўлса, бир томони Амударё бўйидаги тўқайзорларга туташиб кетади. Урганчликлар шолини асосан шу ерда – дарё бўйларида етиштиришади. Дўрмон қишлоғига учта жамоа хўжалиги жойлашган. Қишлоқ катта бўлгани учун бу ерликлар уни учга бўлиб: Юқори Дўрмон, Ўрта Дўрмон, Оёқ Дўрмон деб аташарди. Зеро, анжирчилар қишлоғи деса ҳам ҳамма шу ерни тушунади.

Қишлоқ одамларига эътибор берилса, аксариятининг кўзлари қийиқ, ҳаракатлари самимий ва содда. Уларнинг унча-мунчага жаҳлини чиқариш қийин. Бу ердаги жанжал пойтахтгача келганини ҳали ҳеч ким эшитмаган. Албатта, тўполончилар ҳамма жойда топилади. Низолар чиқиб туриши мумкин. Бироқ тезда тинчишади. Улар жуда кечиримли кишилар. Бир пайтлар Хоразм вилояти ижроия қўмитасининг хат ва шикоятлар бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган укам Шарифбой Бекчанов шундай деб ажабланган эди: «Йил охирида ғалвирни кўтарсак, Дўрмон қишлоғидан битта ҳам шикоят тушмабди. Ҳолбуки, вилоятдаги энг катта қишлоқлардан бири!»

ТИЛИ. Хоразм шеваси туркий тиллар классификациясининг ўғиз гуруҳига киради. «Галди-гетди» деб гапиришади. Дўрмонликлар тилида эса гўё «Г» ҳарфи йўқдек. Воҳадаги Гурлан, Янгибозор туманлари ва Дўрмон қишлоғи шеваси бир-бирига яқин. Улар оғизларини тўлдиришиб, салмоқлаб гапиришни хуш кўришади. Лаҳжаси ҳам адабий тилга яқин туради.

Дўрманликларнинг тилида қадимий сўзлар ҳозир ҳам сақланиб қолган.

Бугун қалъага борасам-а? Сартлардан қизил чит келтир менга ҳам, – дейди бири иккинчисига.

Қизингни бойга бердинг-ма? Келин олдинг-ма? – сўрашади улар бир-бири билан учрашганида.

Бойингни айтганидан чиқма, сени давлатбошинг шу, – ўргатади момолар келинчакларга. Уларнинг тилида қалъа – шаҳар, сарт – шаҳарлик, бой – эр деган маънони англатади.

УРФ-ОДАТЛАРИ. Момолари яқин-яқингача лачак ўрашарди. (Лачак – бошию бўйинларини ўраб турадиган оппоқ рўмол). Лачакнинг учида сандиқнинг калитлари жаранглаб юради. Кўйлакларининг енглари узун. Қўллари кўринмайди. Ёз кунларида ҳатто кўйлакнинг енги елпиғич ўрнига ўтади. Бувим Бибижон энам (жойи жаннатда бўлсин) кўз олдимда ана шундайлигича қолган. Бугунги кунда лачак ўрайдиган момолар саноқлигина. Шунинг учун лачак ўраш маросимларини ўтказиш урфга кираяпти.

Сартларнинг келинлари эналари билан гапиришмай, тарс ёрилиб кетмай-ма, – дейди ўзаро суҳбатда улар.

Хоразм халқининг аксариятига хос бўлган қайнона-келиннинг гапиришмаслик анъаналари уларда йўқ.

Вий-бий, энажон, бўйгинангдан айланайин, деса бўлмай-ма, яйраб гаплашса бўлмай-ма, – ажабланади улар.

Яна дўрмонликлар орасида ғассол йўқ. Улар суягини бировга тутқазишни уят ҳисоблашади. Марҳумни охирги йўлга кузатишдан олдин покизалашга ўз яқинлари киришади.

Шунингдек, улар қизларини «сарт»ларга узатишса-да, ўлганидан кейин суягини уларнинг қавмида(хилхона) қолдиришмайди. «Шунча йил хизматда тик тургани етар, ўғил-қиз туғди, фарзу қарзини бажарди. Боқий оламда ҳур бўлсин», дейишади. Марҳумани ўз қавмига(хилхонасига) қайтаришади. Ҳурликни энг олий неъмат ҳисоблашади.

Уларнинг урф-одатларини, муомала-маданиятини кузатиб туриб, халқимизнинг “Учратган ҳар бир одамингни Хизир бил” деган ҳикматли сўзлари эсга тушади. Қишлоқнинг беғубор кишиларини кузатганимда беихтиёр ҳар бир одам ўзи бир олам дейман!

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.