Ғайрат Мажид: Она тилим

0
364
марта кўрилган.

Маним офтобларим, маним ойларим,
Тошбитигим – Ўрхун-Энасойларим.
Фақат юрагимга аён ўроним*,
Она тилим – жоним Ўзбекистоним.
Бу жаҳон ичинда бир жаҳон тилим,
Отажон тилимдир, онажон тилим.
Олис-олислардан келган дардларим,
Маҳмуд Қошғарийдан мерос хатларим.
Олам аро менинг шажарам, кўрким,
Илдизим – “Девони луғотит турк”им.

Руҳим эшигини келгайдир очиб,
Ўн аср наридан Юсуф Хос Хожиб.
Сўзлар ганжи бирлан тўқдир илигим,
“Қутадғу билиг”дир қутлуғ билигим.
Не учун толиблар бўлмасин закий,
Ўзи тил ўргатса Аҳмад Югнакий.
Ҳақнинг туҳфасига томом лойиқдир ул,
Англасанг, “Ҳибат ул ҳақойиқ”дир ул.
Пайғамбар ҳадиси – неъматларга боқ,
Ундан баҳра олган ҳикматларга боқ.
Ким Аҳмад Яссавий сўзини билмиш,
Ҳақни, Расулини, ўзини билмиш.

Бизларга Тангрининг атойи – тилим,
Мавлоно Лутфийю Атойи тилим.
Битгайдир ичимни тўлдирган ҳасрат,
Таважжуҳ қилсалар Навоий ҳазрат.
Бори тиллар ичра рутбам тайиндир,
Бу “Муҳокамат ул луғотайин”дир.
Қўлимдан қўймайман “Бобурнома”ни,
Ватанга муҳаббат – тақдир номани.
Юрагимга юққан дард-оҳи билан,
Ҳаётим нурлидир Огаҳий билан.
Ошиқ дил мақсуду матлаби ундан,
Таржима санъатин мактаби ундан.
Ватан, тил мангудир, киши бор – ўтар,
Қай дилда шу сўз бор – у Аваз Ўтар.
Восита, робита, оламиён – тил.
Бани одамга жон, фоида кон – тил.

Дарахтдан узилган яшил баргларим,
Оҳ, жувонмардларим – жувонмаргларим.
Ҳаётим тўлаган ўлпонларимдир –
Фитрату Қодирий, Чўлпонларимдир.
Миллатнинг, Ватаннинг жони тил билан,
Шуҳрати, шавкати, шони тил билан.
Ҳаёт йўли бизга оина – ибрат,
Беҳбудий, Сидқию Исҳоқхон Ибрат.
Билдим, иймон учун зўр қўрғон – тилим,
Йўлим ҳам, дилим ҳам чарағон тилим.

Тилга хиёнатни кечирмайди дил,
Элга хиёнатни кечирмайди эл.
Тилга садоқат бу – элга садоқат.
Элга садоқат бу – тилга садоқат.
Маним Маҳшаргача равон йўлим бу,
Олам айвонида мангу тилим бу.
Юрагим тараннум этган баётман,
Туркий тилим бордир, мен барҳаётман.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.