Исҳоқхон Ибрат 100 яқин китобларни синч девор орасига яшириб сақлаб қолган эди.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – машҳур шоир, адиб, маърифатпарвар Исҳоқхон Ибратнинг кўплаб қўлёзмалари, ҳали тамомлаб улгурмаган асарлари, тўплаган нодир қўлёзма ва босма китобларининг барчаси Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) ходимлари томонидан тўртта қанор қопга жойланиб, ўзи халқ душмани тамғаси остида Андижон қамоқхонасига олиб кетилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Исҳоқхон Ибратнинг сўнгги йиллардаги ҳаёти анча таҳликали ўтди. Биринчидан, кексалик, иккинчидан, 1935 йилдан эътиборан ҳамма лавозимлардан озод қилинган, қарилик нафақаси ҳам тайинланмаган эди. Бунинг устига маҳаллий ҳукумат маъмурияти унга ишончсизлик билан қарар, Ибрат тепасида ҳам даҳшатли қатағон булутлари қуюқлашиб бормоқда эди.
Исҳоқхон Ибратнинг шогирди Мулла Искандар домла Абдуваҳоб ўғлининг маълумот беришича, Ибрат қамоққа олинишидан бироз аввал шогирдини чақириб, юзга яқин нодир китобларини ўз уйи меҳмонхонасининг орқасига – қўшмсинч орасига нобуд бўлмайдиган қилиб териб, деворни суваб қўйишни айтган. Юқорида қайд этилганидек, орадан кўп вақт ўтмай қатағон Ибратни ҳам аждаҳодай ўз комига тортди. 75 ёшни қоралаган кекса шоир ва бир «қора машина» тўла китоб Андижон турмасига олиб кетилди. Фақат қўшсинч орасига яширилган китобларгина сақлаб қолинди.
Исҳоқхон Ибрат Сталин турмасида бир неча ой ётиб, ҳаёт билан видолашди. Бутун умрини халқининг маърифати, истиқлоли учун бахш этган 75 ёшли нуроний шоир қамоқнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий азобларига бардош бера олмади.
Манбаа: ЎзА