ЖИМЖИЛОҚ ДУГОНАМ (Эссе)

0
826
марта кўрилган.

Болалигимизда  ким билан яқин дугона бўлишни хоҳласак жимжилоқ бармоғимизни тутиб, “Кел, охиригача  чиқон бўлайлик”, дея  дўстлигимизни бармоқлар орқали муҳрлаб қўярдик. Қизлар шу баҳона ўртадаги гиналарга, аразлашларга ҳам чек қўйишарди.

Хотира уйғонса гўзал, дейишади. Бир зум ёшликка қайтдик. Жимжилоқ бармоқлар  орқали  аҳду-паймонимиз  дугонамиз билан ҳамиша  яхши муносабатда бўлишни, ҳар қандай ҳолатда ҳам  уришиб-жанжаллашиб  қолмасликни эслатиб турарди. Ўйлайман, ўшанда кичкина-жимжилоқ бармоқларнинг сеҳри  ўткир, ҳикмати шунчалик баланд  бўлган экан-да.

Гўзал хотиралар ҳаққи-ҳурмати болаликда қалбимизнинг тубидан чуқур  ўрин олган ушбу беғубор ўйинлар йиллар ўтган сари эсимизга тушаверади. Бугун барча шўхликлар орта қолган бўлса-да, баъзан беғубор болаликни қўмсаб, яна ўша эзгуликларга бот-бот қўл ургимиз келади. Гавҳаржон Ибодуллаева билан бир-биримизни яхши тушунишимиз, ўзаро ҳурматимиз самимий эканлигига қувонаман. Ҳамиша, ҳар жойда шундай дўстим борлигини фахр билан гапиргим келади. Баъзан, дугонам менга “Меҳрижаҳон қиёматлигим, жимжилоқжоним, ўзимни олтиним, дилбарим, гўзалим, асалим,  Ганга дарём,  азизим, дугонам” деб алқасалар, ҳаёлимда мен ҳам дугонамга етарли меҳр, эътибор, эҳтиром кўрсатяпманми, деган саволлар туғилади. Ўшанда мен ҳам дугонамга яхши сўзлар айтишга тараддудланаман.  Ёвузликлардан, ғазаб ва нафратлардан йироқда, яхши сўз ва меҳрга ташна Гавҳаржон дугонамга омонлик тилайман. Мен учун саломат бўлинг, узоқ умр кўринг. Ижоддан чарчаманг.

  Гавҳаржон опани 1998 йили Хоразм вилояти маънавият ва маърифат марказига раҳбарлик лавозимида иш бошлаган кунларидан танийман. Орадан кўп ўтмай Олий Мажлис депутати бўлдилар. Жуда яқиндан танишганим, 2000 йилнинг қиш фасли эди. Гавҳаржон опа вилоят ҳокимлигидан чиқиб, ишхонасига бораётган эди. Ҳокимият ва марказ ёнма-ён бинода жойлашган. Мен уни узоқдан кўрдим ва тез-тез юриб яқинроқ келдим. Оппоқ қорда оёқ излари тушган ерни оёғим билан босиб, яхши ният қилдим. Шу аёлга ўхшашни, дўстлашишни ўзимга орзу қилиб, изма-из юравердим. Опа сезмадилар. Бино зинапоясига етганида табиийки, оёқ излар тугади ва Гавҳаржон опа ичкарига кирди. Энди ўзлари билан яқиндан танишаман, дедим-да қабулхонасига кирдим.  Мени дарров қабул қилди. Ўзимни таништирдим. “Оила ва жамият” газетасининг вилоятдаги мухбири эканлигимни айтганимда, кулиб, “Сизни жуда яхши танийман, “Хоразм ҳақиқати” да ишлаган даврингиздан ижодингиз билан танишман” дедилар.

Шу-шу биз бир-биримизни кўрсак, яхши сўрашадиган,  дилдан суҳбатлашадиган бўлдик. Янада яқин дугоналар бўлишимизга  Шакаржон опа Хўжаниёзова ҳам сабабчи бўлганлар. Опа раҳбарлигида вилоятда қатор тадбирларни ўтказиб, дастурлар, маърузалар тайёрлашга киришиб кетдик. Ҳамкорликдаги иш жараёнида Шакаржон опа ва Гавҳаржон Ибодуллаевадан кўп нарсаларни ўргандим. Яқин дугона бўлиб қолганимизнинг сабаблари жуда кўп. Иш, умумий фикрлар, дунёқарашлар муштарак тилаклар, беназир орзу-умидлар  бизни бир-биримизга янада яқинлаштирди.  

Тақдир бизни яна ўша- болалигимизни қўмсаб, ажиб хотиралар билан эслайдиган ҳикматли бир кунга етказди.  Гавҳаржон опа, Мадина опа (Мадина Матёқубова-филология фанлари номзоди, огаҳийшунос олима) ва яна бир неча қизлар жимжилоқлар орқали дўстлигимизни  мустаҳкамлашга аҳд қилдик. “Қиёматли чиқон тутинганимиз” зиммамизга тағинда катта масъулият юклади. Бу энди болаликдаги ўйин эмас, қалбларимиз амри билан адо қилинган жиддий аҳду-паймон, беқиёс даражадаги ўзаро дўстлик ришталарини, опа-сингиллик меҳр-муҳаббатини мустаҳкамлаш сари қўйилган муборак қадам эди. Бир-бировга бўлган ташналик, “опаячиликка” бўлган кучли хоҳиш-ирода бошларимизни бир жойга келтирган бўлса не ажаб. Излаганим-бу меҳр, ўзаро ишонч бизни аминманки, кўп мартабаларга кўтарди, кўнгилларимизга муҳташамлик ҳадя қилди.

Хоразмнинг севимли шоираси Гавҳаржон Ибодуллаеванинг назмдаги гўзал маҳоратини  азиз ўқувчи жуда яхши билади. Унинг асарларидан баҳра олмасликнинг иложи йўқ. Сўзлар сизни аста-секин ўз ортидан эргаштиради, қувонтиради, гоҳо йиғлатади ва баъзан ўйлантиради. Бир оғиз сўз билан айтганда, қалбларни жунбушга келтиради. Кичкинагина юрагингизни  катта-катта орзу-умидларга, яхши ният ва шукроналикларга, куч ва иродаларга тўлдиради.

Шоира тўғрисида юқорида жуда кўплаб таҳлиллар, гўзал шарҳлар келтирилган. Унинг ушбу тўпламга киритилган  “Бағишлов”, Ватан”, “Адабиёт ўқитувчисининг хитоби”, “Ватангадолар”, “Ғофиллар”,  “Худо қайтиб берган” туркуми остидаги “Истак”, “Тарона”, “Элим” каби  шеърларини ҳаяжонсиз, ҳароратсиз, шу билан бирга дардсиз ўқишнинг иложи йўқ. 

Ҳар бир шеърнинг ўз тарихи бор. Гавҳаржон опа шеърларини фарзандидек ардоқлайди, алқайди. Уларнинг дунёга келишини кучли ҳаяжон билан ифодалайди. Шеър туғилишига кимлар ва нималар сабаб бўлганини чиройли воқеаларда кўрсатади. Бу жуда нафис ва замонавий ёндошув. Табиийки, шеърнинг пайдо бўлишига кўпчилик китобхон, мухлис қизиқади. Ўқувчига савол қолдирмасдан, армуғон этилган асар албатта  гўзалдир, дилга яқиндир.

Шоиранинг Аллоҳ берган беназир ижодига тасаннолар айтасиз. Халқ ўз элининг шоирасига юксак баҳолар, мартабалар  берди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,  кўксидаги “Эл-юрт ҳурмати ордени, “Шуҳрат” медали уни янада муҳташам қилди.  Гавҳаржон опа билан қаерга борсак, унинг қутлуғ ташрифидан одамлар ниҳоятда қувониб кетишларини кўраман. Мухлислари жуда кўп. Шоирани ҳамиша  интизорлик билан кутишади, шеърларини ҳаяжон билан тинглашади. Улар орасида мен ҳам борман…

Гавҳаржон Ибодуллаева  нафақат шоира сифатида, балки босма  оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган қатор публицистик мақолалари, лавҳа  ва суҳбатлари орқали  газетхонлар меҳрини ва эътиборини қозонди. Уларда воқеаларнинг кучли таҳлили, жараёнларга ўткир назар, мантиқ ва тарбиявий-таъсирчанлик, аниқ мақсад, гўзал ва ташбеҳли инсоний туйғулар, миллийлик ўз ифодасини топган. Гавҳаржон Ибодуллаеванинг ижодига хос бўлган яна бир жиҳат- бадиий-публицистикасининг ниҳоятда таъсирчанлигидир. Ватансиз, элсиз, халқсиз  қолган кунлари  ўзини кўнгли ярим, кемтик хис қиладиган шоира насрда ҳам сўзларини дуру-гавҳарлардек қоғозга туширади.  Инсоннинг дилидан тилига кўчган гаплар ҳамиша самимият кашф қилган. Ижодкорнинг самимият билан ёзилган кўлами кенг публицистика йўналишидаги қайдларида  Ватан меҳри, юрт тинчлиги, истиқлол берган улуғ ва тенгсиз неъмат, замон кишилари, фидойи инсонлар руҳияти, юксак инсонпарварлик ғоялари тараннум этилади. Ушбу мунаввар кунларнинг қадрига етиб яшаш лозимлиги ифодаланади.

Ижодкор  ўзининг “Эътиқод ва маънавият” мақоласида маънавият тушунчасига қуйидагича  тўлиқ ва муносиб баҳо берган:

“Маънавият эса, аввало, ўзни англамоқдир. Ҳазрат Навоийда шундай мисралар бор:

Эл нетиб топгай мениким,

Мен ўзимни топмасам…

 Ўзни топиш, нималарга қодир эканингни англаш, қодирликка ўзингни созлаш, ўзингни тафтиш қила билиш, феълингда мавжуд қусурларни тан ола билиш, ўзингни етаклаш, мудроқ туйғуларни уйғотиш, ўзингни уйғота билиш…

Аллоҳ суйиб яратган бандаси-инсон гарданига юклаган вазифалар учун масъулликни туйиб яшаш… маънавиятдир”.

Ҳа, биргина сўзнинг қадрини доимо баланд тутган ижодкор қай йўналишда ёзмасин,  уларда “инсон қадр-қиммати”, “ўзлиги  улуғланишини”, “бандаси муносиб ишлар қилиши” ни,  “ўзингни тафтиш қила билиш” ни истайди.  “Хоразмда “Адабиёт кунлари”  туркум мақоласининг “Қодирий боғидаги учрашув” қайдларида “Сўз санъатининг энг муҳим  фазилати-улуғ ғоя ва мақсадлар атрофида инсонларни бирлаштириш экани, ёзувчининг одамларни эзгуликка чорлаб айтган ҳароратли сўзи ўрнини ҳеч нарса босолмаслиги” ни алоҳида таъкидлайди.  

“Озодлик шукуҳи”, “Тўйхона бўлсин хонадоним”, “Хуш айёмлар муборак”  каби мақолаларида  мустақилликнинг беназир неъмати, шу кунларнинг тинчлигига шукроналик, унинг қадри ниҳоятда қимматли эканлиги, шу юртга тўйлар ярашажаги, гўзал миллий урф-одатларимиз ифода этилади.

“Мустақиллик…Сўзимнинг безаги эмас, у ич-ичимдан силқиб, вужудимни орзиқтириб, дилдан тилга қалқадиган муқаддас шукронам!

Шукронани эса шунчаки, тил учида айтиб бўлмас, уни юракдан, муқаддас ояти калима янглиғ пичирлаб, шивирлаб айтмоқ ярашиқлидир.

Бу каломни тилга олар эканман, дилим ойнасида бир савол балқийди: “Мустақиллик — нима ўзи?”…

Хаёлларим жафокаш адабиётимиз саҳифалари бўйлаб сафар бошлайди.

Ўтган асрнинг  оқу қора баравар чаплашган зулмкор замонида  турмуш ўртоғи Саид Аҳмаддан воз кечса, катта имконлар ваъда қилинган Саида опанинг ҳасратли қароғи, шикаста овозидаги бўҳроннинг, исённинг исми Мустақиллик эмасмиди?

Адабиётда Султон Жалолиддин сиймосини яратгани учун таъқибу тазйиқларга маҳкум этилган Шайхзоданинг бошига тушган қаро кунлар заволини қайси тошу, қай тарозу билан ўлчаш мумкин?…

Ёза туриб, хонтахтага бош уриб, “Кумуш ўлди!”-дея бўғзидан дод отилган Қодирийнинг сабил қолган истеъдоди, муҳаббат осмонида порлаган юлдуз –Чўлпон фарёди эмасми Мустақилик?

Тўмарис юрагини шер қилган, Широқни чинакам эр қилган туйғу –қалб иймони эмасмиди у?”

Дарвоқе, сўз-муқаддас.  Акс ҳолда инсонлар онгу тафаккурига эзгулик бирла яхшиликлар қай йўсин жо бўларди. Юқоридаги иқтибослардан таъсирланмай, ҳаяжонланмай  бўларканми?! Мен дугонамнинг ижодига тобора чуқурроқ кирганим сари, унинг қаҳрамонлари билан яшаётгандек,  уларга ҳамдард, улар билан бирга кулиб, бирга йиғлаётгандек бўламан. Ва ҳақиқатан ҳам, шу кунларга етказганига  шукроналик қилиб, “муқаддас ояти калима янглиғ пичирлаб”, Мустақилликнинг қадрига янада кўпроқ етишга ошиқаман.

Г.Ибодуллаеванинг етук раҳбар, ташаббускор инсон сифатидаги фазилатларига ҳам алоҳида тўхталмоқчиман. Воҳада ҳар йили ўтказиладиган “Адабиёт кунлари” ҳафталиги, шоир ва ёзувчиларнинг таваллуд кунлари доирасидаги турли тадбирларда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбарининг алоҳида  хизматлари бор. Айниқса, республикамиз бўйлаб Огаҳий ҳазратларининг 210 йиллиги ўтказилишида шоиранинг беқиёс меҳнатларини кўришимиз мумкин. Хивада Огаҳий ижод мактабининг очилиши, уй музейи, қабрининг  обод қилиниши, Огаҳий боғининг қайта қад ростлаши ташаббусларида  Г.Ибодуллаеванинг ҳам  ҳиссаси катта бўлди, десам муболаға эмас.  

Дўстинг минг бўлса-да оз, битта бўлса-да кўп, дейди доно халқимиз. “Опая” тутинганимиз ҳаққи-ҳурматигина эмас, дилдан айтилган юқоридаги сўзларим, дугонамга айтган тилакларим юрагимнинг туб-тубидан чиқди.

Раҳматлик онам  ёшлигимда кўп насиҳатлар қилардилар: “Қизим, мен из-изидан кўп фарзандлар туғиб, уларнинг таълим-тарбияси билан овора  бўлдим. Кўп чиқон орттираолмадим. Умрингнинг охиригача дугоналаринг кўп бўлишига ҳаракат қил, улар билан алоқаларни узма. Яхши дўст-ҳаётингни безайди, дўст билан  кўнглинг тўлади. Айниқса, қариганингда яхши чиқонларинг сени йўқлаб келишса, бундан  ортиқ бахт борми. Ҳали-ям, Хажга бориб, дугоналар  орттирган эканман. Улар билан бирга ўтириб қолсак, яйраб кетаман” дедилар.  

Онажоним қутлуғ 93 ёшга кирдилар. Умрларининг сўнгги йиллари  ҳали эскириб битмаган кўйлакларини олдимга қўйиб, “Қизим, буларни менга ўзинг тикиб бергансан, сендан розиман, чунки ўргатганимдек, маромига етказиб тикдинг. Шунинг учун тикканларингни маза қилиб кийганман. Кўйлакларим  жуда кўп. Уларни яна қачон ва қаерга кияман… Энди вақтида буларни мендан ол.

Онажон,  бу кўйлакларни ўзингиз ҳали кўп киясиз. Менга бериб ўтирманг. Ҳар кун биттасини кийиб чиқинг,-дедим суҳбат мағзини чаққан бўлсам-да, бўғзимга нимадир тиқилиб.

-Қизим, меҳнатларингни кўриб турибман. Ишни ҳам ташламадинг. Қўшимча ҳунаринг-тикишни ҳам жойига қўйиб,  рўзғорингни бутун қилдинг. Тўғри булар кўп. Балки  ўзингга яқин дугоналарингга мени эслаб юришлари, ҳаққимга дуо қилиб туришлари учун берарсан. Аммо, қадрига етадиганларга бер, хўпми? -дедилар.

Орамиздаги ушбу суҳбатдан сўнг, онажоним олти ой  яшадилар. Ўша куни кийимларини  олмадим. Ҳар куни ўзларига янги-янги кийгизиб турдим. Меҳрибоним бу дунёни тарк қилганларидан сўнг, кўп вақтларгача кўйлакларини қўлимга олиб, тикинларигача кузатиб, кўзимда ёш билан онажонимнинг ҳидларини қалбимга жойладим.   

 Орадан йиллар ўтгач, Гавҳаржон опа бир кун бизникига ётадиган меҳмон бўлиб келдилар. Ишдан чиқиб келганимиз учун уйда киядиган кўйлак беришим керак эди. Онажонимнинг кўйлакларидан биттасини тугунчадан олдим-да, шуни кийинг, онажонимнинг ҳидлари бор. Энг яқин, бу кўйлакни қадрига етадиган  дугонангга бер, ҳаққимга дуо қилиб юрсин, деган эдилар. Сизни муносиб биламан, Гавҳаржон опа, кийинг-чи, ёқармикан, дедим. Гавҳаржон опа сал тўлароқ бўлгани учун лоппа лойиқ келди. Худди уларга тикилгандек, тавба, шунақаси ҳам бўларкан, ҳайратландим. Онажонимнинг кўйлакларини ўзлари насиҳат қилганларидек, яқин дугоналаримга тақдим этдим. Ушбу туҳфа орқали Гавҳаржон опа билан дўстлигимиз янада мустаҳкамланди, “жимжилоқ дугона” масъулияти тағинда ошди. Гавҳаржон опа бу муборак кўйлак воқеасини  тез-тез эслаб турадилар.

Г. Ибодуллаева нафақат давлат ишларида, балки  оилада ҳам муносиб келин, вафодор турмуш ўртоқ, меҳрибон она, мунис бувижон сифатида  барчанинг бирдек меҳр-муҳаббатига сазовор бўлди. У эришган муваффақиятларида  энг аввало яқин инсонларининг беназир меҳнатлари борлигини кўп бора таъкидлайди. Нимага эришибдики, барча ютуқларда  қайнонаси Рўзибика эна ҳамда қайнотаси  Ёқуб хўжа отанинг  меҳнатларини кўради. Турмуш ўртоғи  Саъдулла ака эса унинг ижодини, салоҳиятини доимо қадрлаган инсон эдилар. Армонли дунё экан, Гавҳаржон опа Саъдулла аканинг вафотидан сўнг қаттиқ изтиробга тушиб, юрагининг бир парчасини йўқотгандай бўлдилар. Қадрли инсонингдан айрилиш ниҳоятда оғир. Аммо фарзанд ва невараларининг қиёфасида турмуш ўртоғининг меҳрини, чеҳрасини кўрди,  шукрона қилди.  Ғуломжон, Сардорбек, Сарварбек,  Наргизахон ҳамда бир-биридан ширин неваралар бағрида қалбига  яна яхши кунларнинг орзу-умидини туйди. Яшаш давом этади, ўлмакнинг изидан ўлмак йўқ. Аллоҳнинг буйруғига итоат қилмай иложимиз қанча. Дугонажон, энди, сиз-у бизга барча ўтганларимизни гўзал хотиралар билан эслаб, улар  руҳига дуо қилмоқлик  жоиз…    

Чиқонжон, кемтик кўнглингиз дўстлар дийдори билан янада муҳташам бўлсин. Донишмандлар таъкидлаганларидек, “Дўст билан обод уйинг, гар бўлса кулбанг вайрона ҳам”. Мен Гавҳаржон Ибодуллаевадек, қадрдон дўстим, қалбдошим бўлганидан фахрланаман.  Юрагимдан жой олган, кўнглим  кошонасига айланган дугонам Гавҳаржон опадек инсонлар бор бўлсин. Дўстлик абадий бўлсин!

Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.