Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 августда мустақил деб эълон қилди. Ўша пайтда Россиядаги мамлакатимизнинг бир парча ери – “Ўзбекистон” сиҳатгоҳида эдик. Биз ўзбекистонликлар хабарни телефон орқали эшитган бўлсакда, кечқурун “Время” теледастурини интиқлик билан кутдик. Йўлакдаги дам олиш майдончасига қўйилган телевизорга барчанинг нигоҳи қадалган, хонага сукунат чўккан эди. Москва орқали хушхабар эълон қилинганида барча юртдошларимиз қарсак чалиб юборди. Бир-бирини қутлашди. Ёнимда турган ўғлим қувончимиз сабабини сўради. “Ўғлим, халқимизнинг юз йиллик орзуси амалга ошди”, дедим кўзларимда беихтиёр ёш қалқиб. Ўзбекистон мустақиллиги Она халқимизга XX аср сўнгида насиб этган улкан тарихий ғалаба эканлигини тушунтирдим.
Дарҳақиқат, ўтган йигирма олти йил халқимиз мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олгани, танлаган йўли – тинчлик, босқичма-босқич тараққиёт йўли тўғри йўл эканлигини исботлай олди. Бугунги кунда ривожланишнинг “ўзбек модели”ни дунё эътироф этмоқда. Ўзбекистон 250 дан ортиқ давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида байроғимиз ҳилпираб турибди. Мустақиллик йилларида республикада пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, пиллачилик, мева-сабзавотчилик соҳалари, саноатнинг газ, нефть, қимматбаҳо металлар қазиб чиқариш турлари кенг ривож топди.
Мен Россиянинг Ставрополь ўлкасида жойлашган Кисловодск шаҳридаги “Ўзбекистон” санаторийсига йигирма уч йил ўтиб борганимда буни яна бир марта қалбдан ҳис этдим. Миллатимизнинг машҳур саркардалари Жалолиддин Мангуберди ва Амур Темур боболаримизнинг қадамлари етган тоғлар бағрида мамлакатимизнинг бир парчаси – дам олиш маскани борлиги ва у янада обод бўлгани дилларни яшнатади.
“Минвода” аэропортидан чиқибоқ, “Ўзбекистон” санаторийси” деб ёзилган машинага кўзимиз тушди. У кўнгилларга ёрқинлик бағишлади. Дам олиш масканининг пештоқида она тилимизда ёзилган “Ўзбекистон” санаторийси ёзуви ва юртимизнинг рамзи – байроғи ва гербини кўрганимизда қалбимизни беихтиёр фахр туйғуси чулғаб олди. Сўлим масканда ҳордиқ чиқараётган юртдошларимиз ўзбекона лутф билан “хуш келибсиз” деганларида янада яйраб кетдик.
Табиат мўъжизаси, шифо манзили, курортлар шаҳрига айланган – Кисловодскда ўттиз саккизта санаторий жойлашган. Уларнинг бири – “Ўзбекистон” сиҳатгоҳидир. У ўрмон-паркнинг хушманзара жойида бунёд этилган. Ҳавоси роҳатижон, ям-яшил арчалар ҳиди айвон орқали хоналарга уфуриб, дилга хушкайфият бахш этади. Шарқироқ сойнинг тошларга урилиб, биллурдек товланиб оқиши руҳиятга осойишталик олиб киради.
Бизнинг дам олиш масканимиз ҳам ўз навбатида келинчакдек безанган ўрмон ҳудудига алоҳида кўрк бағишлаб турибди. Жонажон Ватанимизнинг бир бўлаги бўлмиш Кисловодскдаги “Ўзбекистон”имизнинг ҳайратомуз гўзалликлари бепоён мовий осмонга интилган, тоғлар билан бўйлашган сарвқомат дарахтлар, ой билан чирой талашган гуллар, миллий руҳ билан безатилган йўлаклар сўлим оромгоҳга янада кўркамлик бахшида этган. Дам олиш масканининг орқа эшигидан шундай ўрмонга йўналасиз ва “Биллур булоқ” ёдгорлигига дуч келасиз. Унинг бир томонида икки буюк ижодкор Пушкин ва иккинчи томонида эса Лермонтовга қўйилган ёдгорлик қад ростлаган. Бу ерлар улуғ шоирларнинг қадами етган ва ижод манбаи бўлган макондир.
Ижодкорларнинг пойқадамида гулларнинг беллашиб, чирой талашиб туриши ҳам тасодиф эмас, албатта. Ўрмон табиати – гулзорлару боғ-роғлар, хуш манзаралар инсон ва унинг қадоқ қўли, қайноқ қалби ҳамда нозик дидининг маҳсулидир. “Ўзбекистон” санаторийси эса ўзбек халқининг бахтли турмуши, фаровонлиги ва ижодкорлиги, ташаббускорлиги тимсолидир! Зеро, табиат ўз қуёши билан, инсон тафаккури, ижодий фаолияти билан ажралиб туради.
“Ўзбекистон” санаторийсининг ўзига хос анъаналари бор. Уларнинг аввали тоза ҳаво, шифобахш “Нарзан” булоғи суви ҳамда тиббий муолажалардир.
Оромгоҳнинг орқа эшигидан ўрмонга чиқиб, биллурдек товланаётган сой ёқалаб бориб шифобахш сувдан қониб ичамиз. Бу борада врачлар ҳам дам олувчиларга ҳамфикр, ҳаммаслакдир. Хизматга шай санаторий ходимлари турли миллат вакиллари бўлиб, уларнинг мақсаду муддаоси ягона – миллатнинг юзи бўлган бу масканда буюк Ватанимизга муносиб хизмат кўрсатиш, сиҳатгоҳнинг гўзал, ранг-баранг гулларига ҳамоҳанг яхши кайфият бахш этишдир.
ОРОМГОҲЛАР ШАҲРИ. Кисловодск Кавказ тоғлари билан ўралган шаҳар бўлиб, кавказ-абазин тилида мафтункор деган маънони англатади. Кавказ тоғларининг адрларида жойлашган Кисловодск нафақат Ставрополь ўлкасида, балки бутун жаҳонда энг машҳур курорт шаҳарлардан биридир. Ессентуки, Пятигорск, Железноводск шаҳарлари у билан ёнма-ён жойлашган. Кисловодскнинг шаҳар шаклида ташкил топганига кўп бўлмади, эндигина икки юз йил тўлди. Уни Кисловодск курорт-шаҳар маъмурияти бошқаради. Бу ерда 95дан ортиқ шифо ва дам олиш масканлари мавжуд. Ўттиз саккизта санаторий, 12та пансионат, 4та клиника ва 39та меҳмонхона ва ундан ташқари мини меҳмонхоналар ҳам мавжуд. Курортлар маконида мамлакатимизнинг шифо маскани ҳам борлиги, албатта, бу ерга келган юртдошларимиз қалбини ғурурга тўлдиради.
Аҳолиси. Кисловодск нафақат шифо масканлари билан машҳур, балки кўп миллатли аҳолисининг дўстона яшаётгани билан ҳам эътиборга моликдир. Бу ерда турли мазҳаб ва миллат вакиллари яшайди. Асосий аҳолиси диний мазҳаб бўйича насроний ва мусулмонлардан ташкил топган. Шаҳарда 13 та миллий маданият маркази бор. 2 та славян, немис, қорачой, грек, осетин, абазин, озарбайжон, арман, доғистон, яҳудий, адигей ва грузин халқларининг маданий марказлари фаолият юритади.
Табиати ҳам ўзига хос. Кечқурун ёмғир ёғиб, эрталаб қуёш порлаб туради. Шунинг учун руслар бу ерни қуёшли ўлка дейишади. Диёримиздаги каби тўрт фасл тўрт фазилатни ўзида намоён этиб, турли кўринишда товланиб кўзни қувонтиради. Кишилари йил давомида арчалар ифори уфуриб турган ҳаводан нафас олади. Мамлакат табиатида, аҳолисининг урф-одатларида, турмуш тарзида бетакрор ранг ва оҳанглар мавжуд. Кавказ халқининг шиори гўё ”Бирдамлик – ранг-барангликда” дегандек туюлади.
Тили. Кўп миллатли шаҳар халқларининг умумий тили – рус тили. Шаҳар халқининг кўп тилли эканини ўрмоннинг маликаси турли-туман арчаларга менгзайман. Турфа миллатли дўстона яшаётган халқни рус тили уйғунлаштириб туради. Арчаларга келсак, турли туман шаклли, ранг-баранг арчалар битта яшилликда мужассамлашган. Уларнинг баъзилари бахмал гулдек турли хил товланади, фақат ям-яшил, баъзилари бахмалдек юмшоқ, баъзилари бизнинг ўлкаларда кўп ўсадиган нина баргли дарахтлардир. Улар гўё юқорида таъкидлаганимиздек Кавказнинг турли феълли, турфа тилли одамларига ўхшаб кетади.
Шаҳар кезар экансиз, бозору дўконларининг пештахталарида туркий тилимизга ўхшаш сўзларни ҳам учратиш мумкин. Сотувчилари билан ўзбекча суҳбатлашамиз, деярли кўпчилиги тушунади.
АТИРГУЛЛАР ВА АРЧАЛАР ВОДИЙСИ. Инсон турфа тилли, турфа шакл-шамойилли бўлганидек атиргуллар ҳам турли-туман эканлигини ана шу водийда ҳис қиласиз. Бу ерда атиргулнинг юзлаб турлари мавжуд бўлиб, барчаси қизил ва оқ рангда. Бу иккала рангнинг кўплигини кўриб лол қоласиз. Улар бир-биридан на фақат шакли-шамойили балки, қизил ва оқ-сариқ рангларининг турфалиги билан ҳам ажралиб туради.
Уларни ўраб турган булут билан бўйлашаётган арчалар ҳам атиргуллардек шакл-шамойилга эга. Ушбу қадди тик арчаларнинг шохларига эътибор берсангиз, улар ҳам атиргуллардек қат-қат товланиб ўзига хослиги билан ажралиб туради. Беихтиёр ҳайратга тушамиз. Бу мўъжизамикан ёки инсон қўли билан яратилган янги бир дарахт нави?! Бу ерда арчадан ғорлар ясалган. Бу масканда арчадан тоннеллар бунёд этилган. Арчадан яна бетакрор айвонлар қад ростлаган бўлиб кўзни қамаштиради. Уларнинг бири нина баргли, бири яшил гулга ўхшайди, бири яшил арчага тонгги қиров тушгандек кайфият уйғотади. Яна бирининг улуғворлигидан кўз уза олмайсиз. Соясида юзлаб одам дам олиши мумкин. Танасига ўнлаб қучоқ бирлашса етмайди. У донишманд нуронийни эслатади. Уларнинг ёнида пастаккина дум-думалоқ пуфакдек бўлиб ўсган арчалар кўзга ташланади. У “донишманд арча”нинг ёнида бўй чўзаётган болани ёдга солади. Бетакрор манзарани кузатар эканман, беихтиёр биз билан бирга дам олаётган, собиқ тузум замонида Пскент туманида ишлаган рус аёли Ларисахонимнинг сўзлари хаёлимга келади. “Мен Ўзбекистонда уч йил яшаб, донишманд халқингиздан уч ҳикматни ўргандим: мансаб – сароб. Чўлда сароб сувдек кўзга ташланади, унинг кетидан борсанг алдайди, адаштиради. Бойлик – қўлнинг кири. Вақтида ювиб ташламасанг хасталик чақиради. Дунёнинг устуни – меҳр-муҳаббат! Меҳрли оилада соғлом авлод камол топади. Бойлик аслида саломатлик ва фарзандлардир. Зеро, фарзандлар келажакда тарих ғилдирагини айлантиради.
Россияга қайтгач, бу катта донишмандлик эканлигини англадим. Зеро, мансаб ҳам, бойлик ҳам ўткинчи, қариганда белингни қуввати, кўзингнинг нури фарзандларинг экан. Кенгроқ шарҳласак, мамлакатнинг таянчи, суянчи ҳам ўғил-қизларимиздир.
– Мен Ўзбекистонни, унинг донишманд, болажон халқини қўмсаганим учун “Ўзбекистон” санаторийсига келдим. Бу имкониятни болаларим туҳфа этди – деди у самимий.
Дарҳақиқат, жаҳонни ўрганмай, дунёни танимай туриб киши, ўзлигини тан олмайди. Ўзлигини таниган одам ҳар тарафлама уйғун ривожланган инсондир. Баркамол шахс ва соғлом авлод халқларнинг гўзал тажрибасидан, умуминсоний қадриятларидан ўрганиб, ўзининг илдизларига – халқ салоҳиятининг муносиб ўзанларига, асрлар давомида қарор топган ахлоқий мезонларга суяниб, ўзига хос, ўзига мос йўлни танлаб олади. Агар эътибор берсангиз нафақат одамзотнинг, балки миллатларнинг, давлатларнинг ҳам яшаш тарзи, юксалиш аъмоллари ана шундан иборат. Изланиш, ўрганиш, яратиш… дейман унга.
Дарҳақиқат, Ларисахоним сўзларини амалда исботлайди. Дам олиш масканида мунтазам Ботир Зокиров қўшиқлари янграб турарди. У ўзбекча хиром билан оҳиста рақсга тушади. “Бу менинг сизнинг халқингизга бўлган меҳр-муҳаббатим рамзи”, дея табассум билан тавозе кўрсатади.
Домбай – Эльбурс тоғларининг этаги. – Қорачой-Черкас Автоном республикасининг шарқида жойлашган бу қишлоқ Кавказдаги энг баланд Эльбурс чўққиларига туташиб кетади. Бу ердан ёзнинг жазирамасида тўртта осма йўл орқали 3 минг метр баландликка чиқиб, саратонда қиш билан учрашасиз. Оппоқ қор кечсиз қувонч бахш этади. Тоғ бағрида 25 минг турдаги гиёҳлар билан танишасиз, – дейди санаторийнинг ошхонаси фойесида доимо дам олувчиларни саёҳатга чорлаб турувчи экскурсавод.
Домбойга Қумбоши довони орқали ўтилади. Қумбоши довони хушманзара жой бўлиб, тамадди қилиш, бироз йўл чарчоғидан фориғ бўлиш учун қулай шароитга эга маскан.
Саёҳатчиларга қорачой миллатига мансуб йигит-қизлар хизмат қилади. Улар билан бемалол она тилимизда суҳбатлашдик, гўммадан исътемол қилдик. Маҳаллий ошпазлар тайёрлаган таомларнинг номлари ҳам айнан тилимиздагидек. Масалан, гўмма, айрон…
Йўл-йўлакай Европадаги энг тоза сув деб ном олган биллурдек тиниқ Ули Муружу дарёси билан танишиб ўтдик. Эътибор берсак, Хоразм шевасида ҳам улли сўзи бўлиб, у катта, улуғ, деган маънони англатади. Яна шу саёҳатда тоғлар орасидаги Қоракўл ҳавзаси бўйида тўхтаб дам олдик. Унинг суви шу қадар тиниқки, сузиб юрган балиқларини кузатиш мумкин. Дарҳақиқат, у мамлакатимизнинг бутун дунёга машҳур қоракўл териларидек товланиб туради. Улли Муружой, Қоракўл, Қумбоши, гўмма, айрон… буларнинг бари қорачойларнинг нафақат тили, балки, урф-одатлари, таомларида ҳам ўхшашлик борлигини англатади. Йўлбошчимиз Андрей уларнинг тарихи, инсонпарварлиги, меҳмондўстлиги ҳақида тўлқинланиб ҳикоя қилди.
Домбой қишлоғидаги меҳмонхоналарнинг, ошхоналарнинг пештоқидаги номлар ҳам она тилимизни, юртимизни ёдга солади. Беихтиёр Носируддин Рабғузийнинг “Пайғамбарлар қиссаси” асарини эсладим: “Дунёдаги барча одамизот Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган” дея ёзади. Мамлакатимиздан узоқ жойда юртимга, одамларига, тилига, урф-одатларига хос белгиларни кўрар эканман, юрагим ҳапқиради. Юртга, элга бўлган муҳаббат, соғинч туйғуси қалбимда жўш уради…
Йўлбошловчи Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркарда боболаримиз бу жойларда бўлганини гапириб ўтди. Дарҳақиқат, Жалолиддин Мангуберди Кавказ халқларини бирлаштириб, тинчлик, осойишталик ўрнатгани тарих китобларида ҳам битилган. Амир Темурнинг туркийлар салтанатини барпо этганини жаҳон яхши билади.
Кавказ халқларининг ривоятларини йиғиб, улар асосида “Кисловодск ва Кавказ ривоятлари” номли китоб ёзган ёзувчи Владимир Савченко Самарқандда уч йил яшаган. У шундай дейди: “Кавказдаги кўплаб ривоятлар туркий халқлар билан боғлиқ бўлгани, бизнинг ўлкаларда Амур Темур, Жалолиддин Мангуберди ҳақида ривоятлар ҳам мавжудлиги, мени ана шу юртни кўришга ундади. Самарқандда мухбир бўлиб уч йил ишладим”, – дейди у. Дарҳақиқат, бу муаллифнинг ривоятлари билан танишсангиз уларнинг кўпчилиги туркийлар ҳаётидан олиб ёзилганлигини англаш мумкин.
“Нарзан” булоғи. Кисловодск шифобахш суви – “Нарзан” билан машҳурдир. Атиргуллар водийси ва ҳаётбахш “Нарзан” булоғи ҳақида маҳаллий аҳоли орасида кўплаб ривоятлар юради. Шулардан бири “Бургут ва Жаҳоной” ҳикояси эл орасида кўп тарқалган. Эмишки, Бургут билан Жаҳоной оила қуриб 6 қиз, 6 ўғил фарзанд кўришибди. Бу бахтиёр хонадонга заҳарханда жодугарнинг ҳасади келибди. Ботир Бургутбой ва унинг фарзандларини жоду қилиб бургутга айлатириб қўйибди. Суянган тоғи ва фарзандларининг кўздан ғойиб бўлганини кўриб, Жаҳоной оҳ-фарёд тортибди. Кунлардан бир куни уй тепасида улкан бургут парвона бўлибди. Мерганликда тенги йўқ она милтиқ билан қушни уриб туширибди. Жон таслим қилаётган бургут ногоҳ инсонга, Жаҳонойнинг суюкли ёри Бургутбойга айланибди. Висолдан сўнг Жаҳоной фарзандлари ҳақида сўрабди. Турмуш ўртоғи бўлган воқеаларни сўзлаб берибди. Жаҳоной фарзандларини соғиниб шунчалар фиғон қилибдики, у чеккан надоматларидан, оҳу зорлари сабаб бургутга айланиб қолибди. Тоғлар томон парвоз қилиб, фарзандларининг дийдорига тўйибди. Сўнг илон тусига кириб олган заҳархандани излаб топибди. Қўққисдан унга ташланиб, панжалари орасига қисиб олиб, баландликдан тошга урибди.
Газанда ерга урилгач, калтакесакка айланиб тошдек қотибди. Бугунги кунда атиргуллар водийсидаги тимсоҳ ана шу ялмоғиз экан.
Онанинг ўз болаларини қайтадан инсонга айлантириш орзуси хаёлидан кетмабди. Одамлар, парранда-ю даррандалар борадиган кўплаб сувларни, булоғу чашмаларни тотиб кўрибди. Интилиш-изланишлари беҳуда кетмабди, атиргуллар орасидан биллурдек тиниқ сув сизиб чиқиб турганини кўриб қолибди. Улар ҳаётбахш сувдан ичиб инсонга айланибди. Яна аҳил-иноқ, ҳаёт кечира бошлабди.
Бу ривоят. Бироқ, рус халқининг севимли шоири Лермонтов болалигида жуда нимжон ва касалванд бўлгани учун бувиси йилда икки-уч марта шу ерга олиб келиб, “Нарзан” булоғи сувидан ичириб унга чўмилтириб дуркун йигит қилиб тарбиялагани, йигит ёшида дворянларга хос тарзда армияда хизмат қилганини тарих саҳифалари тасдиқлайди.
Биз ҳам яхши тилаклар билан ушбу шифобахш сувдан ҳар куни уч марта исътемол қилдик. У шундайгина санаторийнинг ёнида жойлашган.
“Ўзбекистон” санаторийсининг олд томондаги дарвозадан чиқсангиз халқ амалий санъати маҳсулотларининг ярмарка-бозори мавжуд. У ерда асосан аёллар томонидан тўқилган турли кийим-кечаклар, очиқ рангдаги газламалардан тикилган бежирим нимчалар, тоза теридан ишланган шиппаклар сотилади. Уларни бир-бир томоша қилиб, “Нарзан” шифобахш булоғига кириб борганингизни билмай қоласиз. Хуллас, бу ердаги барча йўллар шифобахш сув томон олиб боради.
Мусиқали фаввора. Шифобахш неъмат – “Нарзан” сувидан баҳраманд бўлгач, унинг олд томонидаги майдонга қўйилган супачаларда ўтириб, бири-бири билан бўйлашган арча дарахтлари, қийғос гуллаб турган лаванда ифори остида дам оласиз. Майдон атрофидаги дўконларни кезаётганда шарқона тақинчоқларга маҳлиё бўласиз.
Бу манзилга аввал келганимдан буён 23 йил ўтди. Биз ўзбекистонликлар у пайтларда шаҳар марказидаги рангли фавворани томоша қилгани чиқардик. Айниқса бу фавворалар ўғлим Равшанжонга хуш ёқарди. Турфа рангларда товланаётган гўзал оҳангларга бой фавворага тикилиб, завқланарди. Зеро, у пайтларда мамлакатимиз пойтахти Тошкентда ҳали рангли фаввора йўқ эди. Бу сафар келганимда ана шу бизни ҳайратга солган фавворани изладим. Унинг ўрнида оддий рангсиз фаввора бўлиб, тиниқ сувларида болалар чўмилиб юришарди. Айтишларича, фаввора таъмирланаётган экан.
Бундан йигирма уч йил бурун бизни ҳайратга солган рангли фаввораларни бугунги кунда мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида, вилоятлар марказлари, туману қишлоқларида кўплаб учратиш мумкин. Бир куни оқшом тушганида “Себзор” маҳалласини невараларим билан кезганим кўз олдимдан ўтди. Бу ердаги рангли фавворалар атрофида бир-бирини қувалашиб юрган болакайларни, ёқимли таралаётган мусиқа оҳанглари остида дам олиб ўтирган онахону отахонларни, музқаймоққа шайдо ёшларни узоқ кузатган эдим. Ўшанда биз ўзбеклар хуш кўрган Кисловодскдаги фаввора кўз олдимда гавдаланганди…
Фавворалар бугунги кунда Тошкент шаҳрига кўрк қўшиб турган юксалиш ва ободликнинг рамзидир. Кўкка интилиб, яна ерга тушиб, атрофга оромбахш салқинлик улашаётган, гўзал товланиб турган фавворалар гўё юртга баланд шуҳрату шукуҳ тилаб тургандек, улар инсонпарвар, эъзозли қадриятларимизни, анъаналаримизни эслатади.
Касбдошлар билан танишув. Мамлакатимизда 27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни сифатида нишонланади. Шу кун муносабати билан биз касбдошларимизни кўриш учун “Кисловодская газета” таҳририятида бўлдик. Нашрнинг бош муҳаррири, Кисловодск курорт-шаҳар думаси депутати Наталья Иванова билан миллий ва жаҳон журналистикаси хусусида узоқ суҳбатлашдик. Тажриба алмашдик. Сўз орасида у ўзи Навоий шаҳрида туғилиб катта бўлганлигини ва бизнинг ташрифимиз қадрдон жойларини яна бир бор эслатганини қувонч билан таъкидлади: – Ота-онамнинг қабрини зиёрат қилгани у ерга тез-тез бориб тураман. Ҳар борганимда Ўзбекистондаги улуғвор ўзгаришлардан лол қоламан. Айниқса, менинг киндик қоним тўкилган Навоий вилояти саноат шаҳрига айланганлиги, бу жойнинг эркин иқтисодий ҳудуд деб эълон қилинганлиги мени бағоят хурсанд қилди. Қаерда юрсам мен Ўзбекистонда туғилганлигимни фахр билан айтаман, – дейди у. Биз касбдошлар ҳузурига кирганимиздан, Ўзбекистон тарбиялаган фарзандлар ўзга юртларда қанот қоқиб, ўша шаҳарнинг юзи-кўзи бўлиб юрганидан фахрландик. Ватанимизнинг суви ҳам, нону ҳавоси ҳам муқаддаслигини ҳис қилдик.
Дарҳақиқат, саёҳат – улкан, беқиёс куч. У дунё кезишга, халқларни, элу юртларни танишга кўмак беради. Одамларнинг тафаккурини бойитади, ақлу заковатини чархлайди, ирода ва имкониятини бақувват қилади. Маънавий баркамолликка ундайди. Бежиз халқимиз, “Юрган – дарё, ўтирган бўйра”, дея нақл келтирмайди…
Бу ерда Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллиги кенг нишонланди. Махсус байрам дастурхони ёзилди ва санъаткорлар иштирокида концерт намойиш этилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизлаги йирик кархона ва ташкилотлар ўз ҳодимларининг мазмунли дам олиб, соғликларини мустаҳкамлашларига алоҳида эътибор беришяпти.Биз билан фотога тушган бухоролик ва андижонлик қизлар банкда ишлашади. Тепадаги суратдаги қизларга ўз соҳасида йигирма йилдан ортиқ ишлагани ва намунали хизмати учун Ўзбекистон санаторийсига йўлланма 2014 йилда имтиёзли берилган. Фарғоналик Матлюбахон Абдуллаева билан Шоҳнозахон Абидова эса (пастдаги сувратда) «Асака» банк маъмурияти ташкил этган «Балли мутахассис қизлар» танловида ғолиб бўлиб, санаторийга рағбатлантирувчи йўлланма олишга муваффақ бўлишган. Улар мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибордан бениҳоятда хурсанд бўлишди. «2017 йил бизнинг ҳаётимизда унитилмас из қолдирди. Ҳам танлов ғолиби бўлдик ҳам Кавказнинг гўзал жойларини кўриб, катта таассуротлар олдик»,-дейди улар.
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
Муаллиф олган сувратлар