МАСЪУЛИЯТ ва ФИДОЙИЛИК

0
190
марта кўрилган.

Масжиду ҳарам Ер юзидаги биринчи масжид! Бутун Ислом олами учун қибла бўлган Каъбаи муаззамани ўз бағрига олган зиёратгоҳ!  

Каъбаи муаззамани тавоб қилиб, меҳмонхонага  қайтсак, ҳамхонам, маҳалладошим Қундуз опа деразадан Каъбаи муаззамага қараб тиловат қилиб ўтирган экан. “Раънохон, илтимосимни элликбошига айтдингизми?”– дея сўради. Ҳа айтдим, безовта бўлмас экансиз эртага ўзлари аравада айлантирар эканлар. Онахонларимизни бегонага ишонмайман, дея жавоб қиганларини гапирдим.

Телефоним телеграммга хабар келганини билдирди. Очдим. Ота-онамга, аҳли оиламга бағишлаб Масжиду ҳарамга қайта-қайта зиёрат қилиб тавоб қилиш ниятим борлиги ва менга қонун- қоидасини ўргатишни элликбошимиз – Бекмирза Зиёевдан илтимос қилгандим. У киши телеграммга домлалардан бирининг видео ўгитини ташлабди. Тезкор ишлашига  ҳамма нарсани олдиндан ўйлаб қўйганига миннатдор бўлиб кетдим.

Элликбоши иккинчи кун ҳамхонамни ўзи ваъда берганидек аравада Масжиду ҳарамнинг иккинчи қаватида зиёратини амалга оширишга кўмаклашди. Чунки, зиёратни, тавобни коляскада  фақат иккинчи ва учинчи қаватида амалга оширишар экан. Мен ҳам уларга йўлдош бўлдим. Падарибузрукворим учун зиёратга чиқдим.

 Масжиду ҳарамнинг иккинчи қавати улуғвор айвон бўлиб, Каъбаи муаззамани ўраб олган маҳоватли  маскан. Аравада айланувчиларга  имконият яратилган. Аравачада айланувчилар йўлаги ўртада бўлиб, унинг икки чеккасидан намоз ўқувчилар ва мутола қилувчилар учун жойлар ажратилган. Эркаклар ва аёлларнинг мутолаа жойлари пластмаса эрганаклар билан тўсилган, жавонларга «Қуръони карим» китоблари  кўйилган. Намоз вақти келганида зиёрат йўлаклари ҳам тўсилар, барча намозга эгилади, имомга қўшилади. Барча залларда зам-зам сувлари мавжуд,  

Каъба атрофини етти марта айланиб тавоб қилгач, Сафо ва Марва тоғи зиёратига ўтдик.  Баланд тепаликка кўтарилаётганда коляска орқага кетар уни судраш учун катта куч талаб қилинарди.   Ушбу ҳолатни кузатар эканман, аравакашлар  ушбу хизмат учун 100-150 доллар олиши бежиз эмаслигини англадим. Элликбошимиз ушба хизматни Аллоҳ ризолиги, савоб умидида бажарди. Маҳалладошимни коляскада эрталаб айлантирган бўлса, пешин намозидан кейин иккинчи 81 ёшли момони зиёратга олиб чиқди. Камтарлиги, фидойилиги, зиммасига юклатилган вазифани астойдил бажаргани учун  Аллоҳ у кишидан рози бўлсин.

Дурдона китоб,  деярли етти аср аввал яратилган “Қисаси Рабғузий” асарида камтарлигу хокисорликка даъват этувчи қуйидаги сатрлар мавжуд: Одам Атони тупроқдан яратмоқнинг ҳикмати не эди? Қачонки, Мавло Азза ва жалла Одамни яратаман деб хитоб қилганида, барча нарсалар мендан яратгил, деб таъма қилдилар.

 ҲИКМАТ: Тоғ айтди: “Мен ҳайбатлиман”. Денгиз айтди: “Мен ҳаётбахшман”. Олтин айтди: “Мен азизман”, Кўк айтди: “Мен улуғворман”. Барча нарсалар ўзларидан фахрланиб мақтандилар. Фақат Ер тавозе ила дедики: “Мен барча нарсадан заифман. Менда қувончли ҳеч вақо йўқ.” Шунда хитоб келди: “Мен одамни тупроқдан яратаман” ва Одамни тупроқдан яратди.

ҲИКМАТ: Яҳё ибн Маоз – ал-Розий дейдилар: Ҳажга бордим. Тун қоронғусида овоз эшитдим. Уни изладим. Сас тиконли ўтлар орасида келарди. “Нега йиғлаяпсан”, деб сўрадим.” “Нега йиғламайин? Фаришталарга устоз эдим. Охири лаънатга учрадим”. Билдимки, Иблис сўзлаяпти. Дедим: “Нега сажда қилмадинг?” Айтди: “Менга сажда қил деди, қилмадим. Одамга буғдойни олма деди. Уни олди, еди. Бироқ, уни кечирди. Мени кечирмади. Савол бердим: Одамни кечирди, сени кечирмади. Ҳикмат не эди. Жавоб: “Азалда одам тақдири ҳақида иноят бор эди, мени хақимда йўқ. Азалда бўлган иноят бўлур”.

Пайғамбарлар қиссасини кўплаб қалбларни нурлантирган, кўплаб ижодкорларга илҳом бағишлаган увайсий устоз Носируддин Бурҳонуддин Рабғузийнинг ҳам охирати обод бўлсин. Ушбу асардан руҳланиб, уни таржима қилиш бахтига муяссар бўлган  бизларни ҳам Аллоҳнинг ўзи  ҳар қадамимизда, ҳар дамимизда мададкоримиз бўлсин!

Қутлуғ рўза айёмида юртимизга тинчлик, фаровонлик  ва оилаларимизга осойишталик ҳамда қут-барака  тилаб қоламиз!

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Муаллиф олган суврат. Масжиду ҳарам Каъбаи муаззама. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.