Наврўз- Она табиат, Она тупроқ, Момо Ер, Навқиронлик

0
779
марта кўрилган.

Наврўзи олам ҳақида гапиришдан аввал экология нима деган саволга қисқача жавоб бериш керак бўлади. Экология — атроф муҳит, бизни ўраб турган борлиқ, жумлаи жаҳон. Илмий тилда Ер юзидаги тирик қатламни биосфера, ҳаволи пардани атмосфера, сувли қатламни гидросфера деб юритамиз.

Экология сўзига келсак, уни 1866 йилда немис олими Эдуард Геккель фанга олиб кирган. Бу яшаш жойи таълимоти деган маънони англатади. Яъни эйко-уй-жой, логос фан демакдир. Экология бир қараганда фанда янги тармоқдек таассурот уйғотади. Умуман олганда у биология фанининг янги босқичи ҳисобланади. У инсоният тараққиётидан, олам тамаддунидан келиб чиққан заруратдир. Табиат ва инсон бир-бирига узвий боғлиқ. Табиат- хазина, у бизнинг миллий қадриятимизнинг бир қисми. Зеро, халқимиз уни Она табиат, Она тупроқ, Момо Ер дея улуғлайди, уни авайлаб асраш барчамизнинг миллий қадриятларимиз ва бурчимиздир.

Ер юзидаги энг кўҳна ёзма манба қадимий «Авесто»да она маъбуда Авдвисура Анаҳита инсониятнинг ҳаёт-мамоти – сув, тириклик, гўзаллик ва меҳр-муҳаббат тангриси ҳисобланган. Агар эътибор берсангиз, Анахита яъни  Онақут тимсолида ҳам Шарқ фалсафасининг мағзи,  ҳаётнинг энг олий неъматлари – тўрт унсур: қуёш, ҳаво, тупроқ, сув рамзлари Инсон тимсолида уйғунлашган.

Шарқнинг Аристотели деб эътироф этилган Абу Наср Фаробий «Фозил шаҳар одамлари қарашлари», «Илмларнинг келиб чиқиши тўғрисида» асарларида тўрт унсур, хусусан – олов, ҳаво, сув ва тупроқ доимо яхлит. Улар ой доираси остидаги субстанциянинг – жавҳарнинг массасини ташкил қилади. Уларнинг сифатлари тўртта – иссиқ, совуқ, намлик ва қуруқлик. Улар субстанциянинг акциденциясини (образи)ни вужудга келтириб, ҳаракат ва ўзгаришни келтириб чиқаради, дея ўргатган ҳикматлари ҳам оламни асраш анъаналари қадимий қадрият эканлигининг ифодасидир.

Дарҳақиқат, ҲАВО – тириклик ибтидоси, давомийликнинг асосий манбаи. У кўзга кўринмайди, қўлга илинмайди. Бироқ уни биз бутун вужудимиз билан ҳис этамиз. Ҳавонинг куч-қудрати ҳам ана шу йўқликдан мавжудликка, бўшлиқдан борлиққа асос бўлганидир. Ота-бобомизнинг ер юзидаги биринчи аёлни Момо Ҳаво деб атагани ҳам бежиз бўлмаса керак.

ТУПРОҚ – бу бизнинг Она Еримиз. Одамзотнинг туб қўйиб, томир ёйиб, ўзлигини намоён этиш имкони берилган муқаддас макон. Барча модда тупроқда унади, камол топади ва яна тупроққа қайтади. Она заминимиз жамолида ўтмиш ва бутуннинг узвийлиги акс этган. Тупроқ эскини кўмади, янгини ундиради. Доимий тирикликни таъминлайди. Офтобдан зарра, сувдан қатра олиб, чирой очади. Рабғузийнинг “Пайғамбарлар қиссаси” асарида Яратган эгамнинг Одам отамизни тупроқдан яратганлиги таъкидланиши ҳам бежиз эмас.

СУВни халқимиз оби ҳаёт дея улуғлайди. Сув бор жойда ҳаёт бор. Қора тупроқ гулчечакка, шиғил-шиғил мевали боғларга айланади. Момоларимиз фарзандларига «Тушингни сувга айт» дея уқтирадилар. Сув дилнинг ғуборларини ювиб кетади. Ахир фарзанд онагагина дардини айтади. Онадек бола тилини, дилини билгувчи, юпатгувчи, кўнглини кўтаргувчи топилмайди.

Олимларнинг таъкидлашича, дастлаб Она заминимиз улкан уммондан иборат бўлиб, илк мавжудотлар унинг бағрида пайдо бўлган. Сўнгра сув чекиниб, ер очилган. Унда ҳаёт бошланган. Ҳозир Она сайёрамизнинг етмиш бир фоизи уммондан иборат. Инсон жисмининг ҳам тўртдан уч қисмини сув ташкил қилади. Бу ҳам сувнинг тириклик, ҳаёт манбаи эканлигини акс эттиради. Инсон вужудидаги сув ёш ўтган сари камайиб боради ва шу туфайли одамзот вужудида кексариш вужудга келишини бугунги кунда олимларимиз исботлашган.

ОЛОВ – қуёшнинг зарраси! Унинг яратувчанлик, оҳанграболик қудрати беқиёсдир. Чунки, қуёш тириклик манбаи, мурод ҳосил қилгувчи қувватдир. Жамики, мавжудот қуёшга интилади, ҳатто ўсимликлар ҳам.

Шарқ фалсафасининг узвий бир қисми бўлмиш табиат билан, табиатнинг уйғониши билан узвий боғлиқ бўлган Наврўзи айём анъаналарининг мазмун-моҳияти мантиқий кучга эга эканлигини алломалар таъкидлаган тўрт унсур билан чамбарчаслигини бугунги кунда  бутун жаҳон аҳли тан олмоқда, десак хато бўлмайди.

Наврўз 2009 йилнинг 30 сентябрь куни ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Қарор Ташкилотнинг номоддий меросни сақлаш ҳукуматлараро қўмитасининг 24 нафар аъзоси томонидан тасдиқланди. 2010 йилнинг 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни  «Халқаро Наврўз куни»  сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Қабул қилинган резолюцияда мазкур байрам маданиятлараро мулоқот ва ўзаро ишонч­ни рағбатлантириши таъкидланди. Шу тариқа Наврўз бирор бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда. Бунда албатта Ватан мустақиллигидан кейин наврўз байрамини, у билан боғлиқ қадриятларни қайта тиклаган, кенг тарғиб-ташвиқ қилган Ўзбекистонимизнинг ҳам ўз ҳиссаси бор.

 

Демак, улуғ аждодларимиз табиатнинг уйғониш даври-Наврўзи айёмни бежиз байрам этиб нишонламаган. 21 мартда кун билан тун тенглашади ва у уч кун давом этади. Тенглик бор жойда тинчлик бўлади, дейди халқимиз. Наврўзни қадрлашимиз табиатни, атроф-муҳитни, инсониятни қадрлашимиз ва уни асраб авайлашга бўлган даъватимиздир.

Мустаққил Ўзбекистонимизда қадимий қадриятларимизни асраб авайлаб келинаётгани, истиқлол шарофати билан наврўз байрами ҳар йили кенг нишонланиши йўлга қўйилгани бизнинг фахримиз, ғуруримиздир. Ватанимизда 2017 йилдан бошлаб Наврўз байрами ўзгача тарзда яъни умумхалқ сайли сифатида нишонланадиган бўлди.

Бу йил “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига  кўра Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ҳокимлар раҳбарлигида ҳудудий комиссиялар тузилди. 

 

Байрам сайилларини барча шаҳар, туман, қишлоқ ва овулларда босқичма-босқич равишда юқори савияда, об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда ташкил этиш юзасидан тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши ва уни амалга оширишни таъминлаш топшириғи белгиланди. Қарорда Наврўз кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Март-апрель ойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлигини ташкил этиш ҳамда бу борадаги ишлар энг яхши йўлга қўйилган туман, қишлоқ ва маҳаллалар тажрибасини оммалаштириш топшириғи ҳам берилди. Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Бугунги кунда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган мақсад ва вазифаларга эришишда бутун мамлакатимиз бўйича замонавий лойиҳалар асосида улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борада айниқса Обод қишлоқ дастури муҳим аҳамиятга эгадир. Бу аввало аёлларимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларнинг кайфияти, дунёқарашини юксалтиришга жуда катта ижобий таъсир кўрсатадиган дастурдир. Ана шундай дастурларимиз асосида йўллар, таълим ва тиббиёт, маданият, спорт масканлари, уй-жойлар янгиланмоқда. Минглаб замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, кичик бизнес, туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда.

Ўтган қисқа вақтда миллий қадриятлари, жумладан наврўзи уйғун бўлган минтақа мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида тарихий қадамлар ташланди. Бунда Ўзбекистоннинг қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтираётгани, Афғонистонга алоҳида эътибор қаратаётгани, Ўзбекистонда бугунги кунда кечаётган шиддатли ўзгаришлар халқаро миқёсда юксак эътироф этилмоқда.

Наврўз байрами арафасида икки мамлакат Ўзбекистон ва Тожикистон аҳолисига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Тожикистон Республикаси фуқароларига 2018 йил 16 мартдан эътиборан Тожикистон Республикаси фуқаролари амалдаги сафар ҳужжатлари (дипломатик, хизмат ва хорижга чиқиш умумий фуқаролик паспорти) билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида визасиз (30 кунгача) бўлишлари мумкин.

Ана шундай савобли ишларни кўплаб санаб ўтиш мумкин. Уларнинг туб моҳияти Ватанни қадимий қадриятларни, эзгуликни  улуғлашдан иборат.

Инсон аслида табиат маҳсули. Табиатнинг жами гўзалликлари инсон учундир. Шундай экан, биз борлиқни, милий ва умум қадриятларимизни асраб авайлашимиз, қадрлашимиз лозимлигини тарихнинг ўзи кўрсатиб турибди.Бу билан нафақат ўзимизнинг, балки ортимиздан келаётган ёш авлоднинг соғу саломат яшаши учун имкон яратган бўлар эдик.

 

Наврўзи олам барча юртдошларимизга муборак бўлсин! Наврўзимиз юртимизга қут-баракали келишида тилакдошмиз!

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.