Носируддин Рабғўзийнинг наврўзи оламга бағишлаган Баҳориёт байти

0
1053
марта кўрилган.

Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган бебаҳо дурдона икки китобдан иборат  “Қисаси Рабғузий” асар муқаддимасида айтилишича, қўлёзма Хоразмда Работўғуз деган жойнинг қозиси Бурҳонуддин ўғли Носируддин томонидан мусулмон динини қабул қилган, эътиборли мўғул  бекларидан ҳисобланган Носируддин Тўқбуғанинг илтимосига кўра   ёзилган.

Мавлоно Носируддин Рабғузий асарни деярли бир йиллик тинимсиз меҳнатдан сўнг  ҳижрий 710 йилнинг Ҳут (мелодий 1310 йил 21 февраль-21март) ойида ниҳоясига етказади. Бу ҳақида қўлёзманинг сўзбошисида яъни, Рабғузийнинг ўзи томонидан ёзилган биринчи китобдаги муқаддимада кенг қамровли шарҳ берилган.

Бу асар XIV асрнинг бошида яратилган бўлсада, ҳамон ўз аҳамиятини  йўқотмаган. Шарқона фалсафамизга, миллий қадриятларимизга ҳамоханглиги билан дилларни равшанлаштиради.

Асарнинг биринчи китобидаги  “Байт. Баҳориёт. Мавлоно Носируддин Рабғузий:”  сарлавҳали шеъридан наврўзи олам ўша даврларда ҳам қадрли қадрият бўлганини англаймиз:

Кун ҳамалга кирди эрса келди олам наврўзи,

Кечди баҳман, замҳарир қиш қолмади қори бузи.

Бу мисраларда замҳарир қиш кечди, буз(муз) ва қор ҳам кетди, баҳман(илк баҳорда келадиган қаттиқ совуқ) кечди, ҳамал келиб наврўзи олам ўзлигини намоён қилди, дейилмоқда.

Дарҳақиқат, бу китоб шарқона қадриятларимизга ҳамоҳанг. Ривоят ва ҳикматлар эса халқимиз ҳаётининг мазмун-моҳиятини, эзгулик, яҳшилик, меҳр-оқибат ила яшашга интилишини англатади. Пайғамбарлар ҳақидаги ривоятларнинг ҳар бирида эса катта ҳикмат бор. У эзгуликка, диёнатга, иймонли бўлишга чорлайди.

Асарда наврўзи олам тасвири персонаж тилида шундай ифодаланади: “ Эй, ота, иссиқ кунлар бошланди. Бугун Кун отли султон Ҳут отли қишловдан Ҳамал отли ёзга ўтди. Улуғвор кўк йиғлар, яғир ер кулар, булутлар ёш оқизса, ёш ўғлон онадан туғилгандек ошини ошаб бўлган қора ердан кўкатлар унар.”

Байт: Баҳориёт

Қад жаъат ал-азҳару баъда фавтиҳа

Ва ғаннат ат тайру би аъло савтиҳа.

Фа унзур ила аассари рахматиллаҳи,

Кайфа йуҳйи ал-арза баъда мавтиҳа.

Кун ҳамалга кирди эрса келди олам наврўзи,

Кечди баҳман замҳарир қиш қолмади қори бўзи.

Кун келу минг кўрки ортиб тирилур ўлмиш жаҳон,

Тонг бадизлаб нақши бирла безанур бу ер юзи.

Тонг отарди эснаюр тўрт булунгдин шамол, зиё,

Кин тузар киндик йипор йизланур ёбон ёзи.

Ёрлиғи епкун- бағирдин обуғи яшил, қизил,

Ораси бутоқ, ябурғоқ, тол чечаклар туб тузи.

Ўрласа булутлари гулчирар боғу бўстон,

Тол йиғочлар енг солишур ўйнаюртек қўй-қўзи.

Киршани қор қани энглик боқса тоғлар суврати,

Тўнглиғи тангсуқ йипордан Рум хитой атлас, чўзи.

Лола сағроқин ичарда сайрар усруб сандувоч,

Турна ун тортиб ўтарда сакрашур бақлан қўзи.

Кўкда ўйнар қўл солишур қўғу қоз қаргулоч,

Ерда югрубжуфт олишур ос, тийинг, қиш кундузи.

Тол йиғочлар минбаринда тўти қуш мажлис тутар,

Қумри булбул, муқри бўлиб ун тузар тун кундузи.

Яғиз ер, кўк менгизлик яшнаюр майдон бўлиб,

Оғрушим ойтак чечаклар теграсинда юлдузи.

Ҳури ин ужмоҳ ичинда енг солиб таҳсин қилур,

Ёз уза мундоғ ғазаллар аймишда Носир Рабғузий.

Асарнинг ниҳоясидаги сатрлар: «Улуғ парвардигор подшоҳи оламнинг тавфиқи билан Рабғузий қиссаси муборак ойнинг 27-куни чошт вақтида Оллоҳи таолонинг рахматини умид қилғувчи заиф хожи Муҳаммад Вазирийнинг қўли ила тамом бўлди. Оллоҳи таоло уларнинг гуноҳларини кечирсин ва қабрларини мунаввар қилсин. Эй Оллоҳ, бу китобни ёзган, уни эшитган ва бу китобга назар солганларнинг гуноҳини кечир!»

Яшариш, покланиш айёми Наврўзи олам кунларида дуоларни мустожаб бўлишини биз ҳам Оллоҳдан сўраб қоламиз.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Нодира Саъдуллаева, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.