Онага марсиялар: Она номи буюкдир,  Ватанга муносиб фарзанд  етказган она улуғдир!

0
700
марта кўрилган.

Шарифа Салимова: ­МАРСИЯ

Сирожиддин Саййиднинг онаси Холбиби ая хотирасига

Бир мунис, бир дилкаш, сирли тор кетди,
Кетганда ҳам сокин, беозор кетди.
Тоғлар кўз ёш тўкди, йиғлади осмон,
Дунёнинг кўксидан бир баҳор кетди.
Она! Қайлардасиз?! Бу ёлғон тушдир…
Қайтинг… Ўртанишлар, оҳ, бекор кетди.
Тобут орқасидан инграр кўчалар:
– Биз изларин ўпган бахтиёр кетди.
Онам ковушлари… мунграйиб қолди.
Айт, дунё, у недан умидвор кетди.
Онам чеккасини қумсар райҳонлар,
Ҳовлини тўлдирган хуш ифор кетди.
Кўзин юмар чоғи кимни излади,
Кимнинг дийдорига бўлиб зор кетди.
Эй, бевафо фалак, Онам кетдими?
Йўқ, Аллоҳ васлига интизор кетди.
Болам, деб, йўлимга кўз тутган танҳом,
Жаннат боғларига сочи қор кетди.
Фиғоним кўксимни ўтдек куйдирди,
Ўлим келгач, қўлдан ихтиёр кетди.

Фароғат Худойқулова: УНИНГ ЎЗИ— УЛУҒ ВАТАН

Устоз Сирожиддин Саййидга

Бардошнинг шўх шамолида,
Елпиниб оқ рўмоли,
Онам — тўлиб-тошган дарё,
Учқур-учқур хаёли.

Ботмон-ботмон дардни енгиб,
Ўтаётган онамку.
Саратоннинг сабридан гул,
Тутаётган онамку.

Чақмоқ чақиб, ёмғир ёғсин,
Соғинч кулсин кўнглимда.
Тушларимда эмас, эй воҳ,
Пойин ўпай, ўнгимда.

Сўз йўлида эътиқодим,
Орим учун курашдим.
Кўксимга у ёққан ўтни,
Ўзгаларга улашдим.

Юлдузларни танитганда,
Толеъимга қўнди бахт.
Унинг ўзи— улуғ Ватан,
Пок даргоҳи — муҳаббат.

Иссиқ нондай дийдорини,
Тилаб етган йўлларим.
Дард музлатган кафтларини,
Иситсайди қўлларим.

Яйрасайдим, шодлигимнинг,
Боғида боғбоним билан.
Мушфиқ элим давронида
Энг буюк сарбоним билан.

GUJUM.UZ  таҳририяти ҳам  устоз мақомига эришган Сирожиддин Саййидга онаси Холбиби ая вафоти муносабати билан таъзия билдиради. Холбиби аянинг охирати обод бўлсин. Устоз шоирга ва яқинларига сабру жамил тилайди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.