Зафар уйга йўл олар экан, мактабда кўрган ҳужжатли кино – жаҳон спорт майдонларида Ўзбекистон байроғини ҳилпиратиб, ғурур билан гир айланаётган болалар кўз олдига келди. “Қани эди мен ҳам спорт майдонларида жавлон урсам, бунинг учун нимадан бошлашим керак экан-а. Уйга боргач холамдан сўрайман”, дея кўнглидан ўтказди.
Қатъий қарорга келганига ўзи ҳам хурсанд бўлиб тез-тез юриб кетди. Уйга келгач эшикни бир-икки марта қоқиб кўрди, қўнғироқни босди. Аммо ҳеч ким очмади. Кайфияти тушиб, орзулари ҳам саробга айланиб остонага ўтириб олди. Холаси бугун ҳам ишда ушланиб қолган чоғи. Акс ҳолда…
Уйнинг калитини ташлаб кетса бўларди-ку,-кўнглидан ўтказди у. Папкасини ерга қўйиб, совуққотган қўлларини чўнтагига тиқди. Яна орзуларга берилди. Яна ҳужжатли кино хаёлидан ўтди. Ундаги давлат байроғи ҳақидаги фикрлар хаёлида жаранглади.
Мустақил Ўзбекистон аҳли бугун давлатимиз байроғи қабул қилинган кунни ғурур ва фахр билан эсламоқда, нишонламоқда.
Конституциямизнинг 5-моддасида шундай дейилади: Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган ўзбек давлат рамзлари-байроғи, герби ва мадҳиясига эга”. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Байроғи, давлатимиз, миллатимиз, халқимиз ва юртимизнинг бугуни ва келажагининг кўзгуси, тимсолидир.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг навбатдан ташқари ўтказилган VIII сессиясида 1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тасдиқланган эди. Мана шунга ҳам ўттиз йил тўлди.
Қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон байроғи нимани англатади! Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи бугунги Ўзбекистон сарҳадини қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.
Байроқдаги мовий ранг тириклик мазмуни акс этган мангу осмон ва обиҳаёт рамзидир. Бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, шон-шухрат ва садоқатни билдиради. Амир Темур давлатининг байроғи ҳам мовий рангда бўлган.
Байроқдаги оқ ранг муқаддас тинчликни ифодалайди, у кун чароғонлиги ва коинот ёритқичлари билан уйғунлашиб кетади. Оқ ранг поклик, беғуборлик, софликни ҳамда ички гўзалликка интилишни ҳам ўзида ифодалайди.
Яшил ранг-табиатнинг янгиланиши рамзи. У умид, навқиронлик ва шодумонлик тимсолидир.
Қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.
Навқирон ярим ой тасвири бизниг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни кунда қўлга киритилган мустаққиллигимиз рамзидир.
Юлдузлар барча учун руҳий қувват, илоҳий тимсол ҳисобланади. Байроғимиздаги 12та юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги қуёш йилномамизга бевосита алоқадордир. Бизнинг 12 юлдузга бўлган эътиборимиз мамлакатимиз сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида ”Нужум илми” тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Шунингдек, у ўзбек халқи маданияти қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушиниш лозим.
Байроғимиз халқаро ташкилот БМТи биносида ҳилпираганда, расмий учрашувларда, спорт майдонларида баланд кўтарилганда қалбимизни фахр туйғуси қамраб олиши ана шундандир.
Болаларимиз жаҳон спорт майдонларида ғолиблик нашидасини сурганида, байроқни фахр, ғурур ила баланд кўтариб айланганида қалбимиз нурга тўлади, беихтиёр кўзларимизга ёш келади. Байроғимиз ҳеч ҳам пастга тушмасин. Доимо озод ва ҳур Ватандаимизда ҳилпираб турсин!
Қалбларимизни тўлқинлантирадиган, кўзларимизни ёлқинлатадиган Нажмиддин Кубро бобомизнинг қаҳрамонлигини, даъватини, ватанпарварлигини эслатадиган байроғимиз ҳар биримиз учун муқаддас бўлиб юраверсин! Қадимий байрамимиз наврўзни, гўзал анъаналаримиз, қадриятларимизни қайтариб берган кунлар тимсоли, мустақиллик рамзи байроғимиз жаҳон узра ҳилпирайверсин!
Орадан икки соатча ўтдики, холаси келавермади. Кўчанинг у ёғидан, бу ёғига юриб, кутди, тоқати тоқ бўлди. Кутавериб зериккан ва совуққотган болакай шоҳ кўчанинг бошида янги очилган «Интернет кафе», «Компьютер ўйинлари» деб ёзилган эшик томон юзланди. Баҳонада исиниб оламан, дея ўйлади у. Чўнтагида кеча холаси берган- Россиядан ота-онаси жўнатган пуллар бор эди…
Ҳа, ҳамма нарса оддий эътиборсизликдан бошланади. Бир қараганда, нима қилибди, бола бироз кутганида холаси ҳам етиб келарди-ку, дейиш мумкин. Аммо, ана шу бой берилаётган «икки соат» лар давомида унинг руҳиятида нималар юз беришини, ҳаёлидан қандай фикрлар ўтишини, тенгдошлари иссиққина уйларига кириб, овқатланишаётган пайтда эшиги олдида дийдираб турган ҳолатини ўзингиз тасаввур этиб кўринг. Эзгу орзулари-чи? Улар саробга айланмаслигига ким кафолат беради?
Азиз ота-оналар, бугунги жажжи болажонлар нафақат оилангизнинг балки, Ватанимизнинг ҳам келажагидир. Юрт истиқлоли уларнинг қўлида эканлигини, келажакда Мустақил Ўзбекистон байроғини баланд кўтарувчи бугунги фарзандларимиз эканлигини унитмайлик.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Байроғи тўғрисидаги Қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллиги барчамизга муборак бўлсин азиз юртдошлар! Фарзандларимиз дуркун, соғлом орзулари мўл, юрт байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтарадиган фарзандлар бўлиб ўсиб улғаяверишсин!…
Дилбар БЕКЧАНОВА, журналист