Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғафуров: Ренессанс забти маънавий-ақлий ҳодисалардан қувват олади

0
129
марта кўрилган.

“Таржимон ҳам, ёзувчи, шоир ҳам ҳеч қачон дид-фаросатда замондош ўқувчига мослашиб, тенглашиб ижод қилолмайди. Ижодкор ҳамма вақт дид-фаросат, виждонлиликда замондан, замондошларидан анча олдинроқда юради. Бўйи омманинг бўйига баравар, қилиғи омманинг қилиғидан фарқ қилмайдиган, ўз фикрига эга бўлмаган киши қандай қилиб ёзувчи, шоир, санъаткор, танқидчи, таржимон бўлиши мумкин? Йўқ, ижодкор ҳамма вақт чуқурроқ ўйлайди, узоқроқни кўради, умумманфаатни ўткирроқ, теранроқ тушунади. Шунинг баробарида у ижодкор деб аталади”.

Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг ушбу сўзлари бу галги дийдорлашув учун ўзига хос муқаддима бўлди. Устозимизнинг якун топиб бораётган 2023 йил воқеликлари, ўзгаришлари, фикр тўлқинлари ва долғалари ҳақидаги хулосалари сизни ҳам бефарқ қолдирмаслигига ишонамиз.

Устоз, якун топиб бораётган йилимиз сўнггида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши айни пайтда уйғониб, юксалиб ва бирлашиб бораётган туркий дунёнинг муҳокамалар марказига айланаётган, жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига, позициясига, қатъий сўзига эга бўлиб бораётган Ўзбекистон давлатининг сарҳисоб онларига муносиб хотима бўлди. Шундай эмасми?

– Аср тўлқинлари юракларда жаранглаб акс-садо топади. Ватанимизнинг ҳар бир бурчагидан қувончли, ҳаяжонли хабарлар оқими онгимиз, шууримизни тўлалигича эгаллаб олади. Ўзбекистонимизда ғайрат, рағбат, жасорат жўш урмоқда. Халқимиз ўз етакчиси билан биргаликда илм-фанни эгаллаш, кашфиётчилик, кордонлик, ишбилармонлик билан ўтган эсда қоладиган дамларнинг сарҳисобини қилмоқда.

Президентимизнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг куни кеча бўлиб ўтган йиғилишидаги нутқини эшитиб ўзимни унутилмас воқеаларнинг иштирокчисидек сезмоқдаман, қалбим самовий туйғуларга тўлмоқда. Ижодкорлар яхши ҳис қилади, киши қалби ҳаяжонга тўлиб турса, у албатта, доим жўшиб, тўлқинланиб юради.

Кейинги йилларда Ўзбекистон жаҳонга очилди, дунё Ўзбекистонга ҳавас билан қарамоқда. Дунёвий ва инсоний мақсадлар йўлида оғишмай келмоқдамиз. Бугун Каспий томон йўллар бизни барқарор Европа ва тараққийпарвар Туркияга ва улар оша Атлантикага олиб чиқади. Олтиариқ узумларининг шуҳрати Нью-Йорккача етиб борди, қанчалар машаққатли бўлмасин, қутлуғ саъй-ҳаракатлар билан Орол ҳудудларида яшил маконлар барқ ура бошлади. Ўлик саҳроларда ҳаёт пайдо бўлмоқда.

Ўзбекистон дунёнинг саккиз томонига нажиб йўллар солаётгани билан инсониятни ҳамжиҳатлик, бирдамлик, ҳамкорликка ундамоқда. Шу боис ҳам халқаро миқёсда ишонч ва эътибор, ҳурмат ва эътироф қозонмоқда.

Адабиётчи бўлганим боис, бу юксалиш йўлларини барча оламшумул хусусиятлари баробарида, том маънода, асримиз одамлари қалбига кириб бораётган йўллар, деб атагим келади. Кимлар қадим йўлларни бузмоқда, Ўзбекистон эса буюк тарих йўлларини тикламоқда. Бу йўллар шунчаки бир макондан бошқа маконга олиб борадиган йўлларгина эмас, улар тамомила замона концепциялари ва ҳаётбахш дастурларидир. Биз энди уларни янги тушунчалар билан “Марказ” деб атаймиз. Қандай яхши!

Йўлларнинг мундарижаси ва мазмуни ғоятда тиғиз. Биз шу янги Ўзбекистон йўлларидан эмин-эркин юриб, дамба-дам рўпарамиздан чиқаётган қарама-қаршиликларни енгиб ўтиб бормаяпмизми, ёш авлодни илм, ирода билан чиниқтирмаяпмизми, улар онгини илм-фан, юксалиш ғояси билан тўлдирмаяпмизми! Тўлдиряпмиз, чиниқтиряпмиз! Ҳар қандай шароитда яшовчан қилишга уринмоқдамиз. Реал тушунчаларга ошно қилмоқдамиз, реал баҳо ва хулосаларга кўниктиряпмиз. Одам реал тушунчалар билан яшаса ва ўзини ҳаёт учун тарбияласа, Президентимиз айтмоқчи, албатта, ўзининг катта инсонпарварлик йўлини топиб олади, иншааллоҳ! Йўллар ва реал сиёсат – бу давлат раҳбари ҳар биримиздан талаб қилаётган маънавий-ақлий ҳодиса! Мен бир ижодкор сифатида мана шу ҳодисани ўз руҳониятимда жуда аниқ сезиб тураман.Улар мени ҳеч нарсага қарамай ҳаракатга чақиради. Замон бизни шундай ишларга чақириб турмаса, киммиз ўзи?!

Эркин нашриётлар, эркин таҳририятлар, журналистлар жамоалари жамиятимизнинг энг оғриқли дардлари устида жон куйдира бошлаганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Ўйлайманки, эскича ишлашдан воз кечиб, тамомила янги ёзувчилар ҳам жаҳон фикр майдонига тушади. Жанг фақат шахмат тахтаси ва рангларда эмас, ҳаётнинг ҳар бир дами жанг! Аммо бу жангларда эскилик ўлади, янгилик, янги ақл-идрок, ҳиссиётлар бош кўтаради. Ренессанс шундай забтга эга бўлади. Ҳаётда мутлақо инкор қилиб бўлмас ҳақиқатлар бор: озод макон, озод дил, озод адиб, озод фермер, озод журналист, озод илм-фан, ижод энди чин мулкимиз, келажакка ўлмас меросимиз. Буларнинг улуғ хиёбонлари, улуғ йўллари, улуғ китобхонлари мавжуд. Шуларнинг нашидалари билан яна бир йил поёнида турибмиз, соғ-омонмиз. Янги йил ҳам қутлуғ келсин, илоҳим!

Давлатимиз раҳбари йиғилишда маънавият ва маданият соҳасидаги ишларимиз учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқишимиз лозимлигини таъкидлади. Дунёвий давлат концепцияси қандай маънавий-маърифий мезонларга асосланиши зарур деб биласиз? Умуман, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эътиборимиз марказига қўйилаётган довон – Маънавий тараққиёт жараёни қандай эврилишлар, ўзгаришлар ва ўзига хос йўқотишлар ҳисобига рўй бериши мумкин?

– Табиатда ўзича бехос думалаб ётган тош йўқ. Ҳозир ҳузурланиб думалаб ётгандай кўринган бу тош қадимгиларнинг ҳикматларича ўз вақти келганда, инсон учун қурилган бир муҳташам бинонинг пештоқи ё пойдеворидан ўз ўрнини топади. Бунга заррача иштибоҳ йўқ. Табиат ва жамиятнинг муносабатлари ва тинимсиз олиб борадиган музокаралари, бош кети кўринмайдиган мулоқотларида ҳамма нарсанинг ўрни ва маъноси қидирилади. Кембрижга ўқишга кирмоқчи бўлиб куйиб-пишиб имтиҳон топшириб юрган қизчани синов тариқасида: “Маънавият нима?” деб сўроққа тутсангиз, дарҳол: “Маънавият бу маъно дегани, амаки, шуни ҳам билмайсизми?” деб сизни изза қилибд қўяди. Ва ўзининг Кембрижда таҳсил олишга даъвосини кўз ўнгингизда оқлагандай ҳам бўлади. Бундай қизиқувчан ва интилувчан ёшлар кейинги йилларда кўп кўзга ташланмоқда. “Ақлига балли!”, дейсиз баногоҳ.

Ва бу Янги Ўзбекистон воқелигининг жуда характерли белгиларидан бири. Чирчиқлик бу қизча сизга ялтироқ папкасидан бир неча китобчаларини ҳам олиб кўрсатади. Улар ичида ўзи учун ёзган “Инглиз тилини ўзбек тилига қиёсан ўрганиш методологияси” дегани ҳам бор. Ҳали ўн олтига ҳам кирмаган бу қизчанинг ғайрати олдида лол бўлиб ўйга чўмиб турасиз: маърифатпарвар, илмпарвар, эркпарвар, аждодлар орзу қилиб курашган насл шулар бўлса керак, деб ҳайрат бармоғингизни пешонангизга тирайсиз. Уни тамиз билан яна бир оз тингланг: сизга маънавият ва маърифат сўзлари инсон ҳаётининг туб асосини билдирадиган, катта ҳарфлар билан ёзиладиган Маънавият ва Маърифат тушунчаларига айланганига ўттиз йил бўлаётганини, ва улар эндиликда ҳуқуқий демократик жамиятимизда ўзак тушунчалар бўлиб бораётгани, яна ҳам муҳимроғи миллий ғоямизнинг емирилмас, мустаҳкам замини эканлигини сизга профессорлардан ҳам яхшироқ баён қилиб беради.

Қаранг, шундай авлод келяпти. Дунёнинг катта йўлларига чиқяпти. Табиатда ҳамма нарса парвариш ва эътибор билан юзага чиқади. Инсон табиат ва жамият билан узлуксиз музокарада ўзини топади, ўзлигини англайди, ўзига муҳит яратади. Маънавият ва маърифатга яхлит қарайлик, яхлит ёмби ҳодиса деб билайлик. У маданият, санъат, адабиёт, таълим, китоб, журнал, газеталар, халқаро борди-келдилар, диний эътиқодлар, бепоён жонли мулоқотларни ва булардан ҳам аввалроқ ахлоқ тарбия таълимини ўз ичига олади ва доим улар билан чамбарчас боғланган ҳолда юксалиб, ўзини ўзи яратиб боради. Ўзини ўзи яратиб ва янгилаб боради деган тушунчага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бу шунақа жараён:

Бу ҳар бир инсон онги ва қалбида кечади. Туйғулар ва ҳиссиётларни юзага чиқаради. Энг муҳими, у инсонга сув ва ҳаводек зарур қадриятларни юзага келтиради ва ҳаракатга солади. У тўхтовсиз янгиланиб боради. Президентимизнинг Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишидаги нутқида у “янги куч, янги ҳаракатга айланиши керак”, деган тезис ўртага ташланди ва “янги” сўзига урғу берилди. Шу тариқа у Янги Ўзбекистон, янги Уйғониш, янги дунёвий давлат деган ижтимоий-фалсафий асос деган ҳодисаларга том маънода ҳамоҳанглик касб этди. Яна бир карра қайтараман: буларнинг бари жуда яхлит. Уларга яхлит бир бутунликда қарамоқ ва муносабатда бўлмоқликни талаб қилади. Ҳозирги замон шундайки, уларнинг ҳаммаси ўлмас, битмас-туганмас қадрият деб қараб, асосий вазифа уларга онгимиз, тафаккуримиз, дунёқарашимизда янги йўналиш бера оламизми, деган жуда катта масала кўндаланг туради. Буларга янги йўналиш бермасдан сира иложи йўқ. Зеро, рақамли дунёга кирдик. Газеталарнинг истилоҳлари кундан-кун мураккаблашиб, ижтимоийлашиб, сиёсийлашиб бормоқда. Бундан кўз юмишнинг иложи йўқ.

Президентимиз ўз нутқида маънавият ва маърифатнинг бугунги, ҳа айнан, бугунги ўн битта соҳасини тилга олди ва уларни замон, одамларнинг иқтидорлари нуқтаи назаридан таҳлилдан ўтказди. Ҳозирги давлат ва халқ, жамият аҳамиятига молик сўзлардан рақамлар, ҳисоб-китоблар кўп. Бу – табиий. Президент ҳар бир соҳанинг тараққиёти учун рақам келтиради. Ҳар ўринда гап миллиардлар, триллионлар устида боради. Қуруқ қошиқ оғизни йиртади. Маънавият соҳаларига иқтисодий замин мустаҳкам таянч бўлмаса, ривожланиш бўлмаслигини Президент етук иқтисодчи сифатида теран билади.

Триллионлар бору, лекин уларни тасарруф қилувчиларнинг кайфиятлари қандай? Маънавият масканларининг архитектураси қандай бўлиши керак? Триллионлар сарфлаб қурилаётган кўприклар, кутубхоналар, дўстлик клублари тез орада совет давридаги маданият саройларига ўхшаб қолмайдими? Ва умуман қани ўша саройлар? Кўпларининг қуруқ, сирлари тўкилган лошлари қолган холос. Эндиги маънавият саройлари, кутубхоналар ундай бўлмагай… Кимга керак кўзбўямачиликлар, нима фойда келтиради хаспўшловчилар, сўзлардан ранг-баранг бўёқлар ясовчи сувоқчилар? Илоҳо, триллионлар асло буларнинг қўлига, ҳукми-ҳиккасига сира тушмагай! Олти ой ҳокимлик қилмаёқ чуви чиқаётганлар қаердан пайдо бўлмоқда? Триллионлар тагида, атрофида кимлар ўрмаламоқда? Жуда бўлмаганда беш йил халққа ҳалол, виждонан, фаросат билан хизмат қиладиган эл-юрт юмушига холис ярайдиган ҳокимлар қолмадими? Мумкин эмас бундай бўлиши! Салкам қирқ миллион қадим халқдан наҳот элпарвар, софдил, Президент ёнида оқ, ёруғ юз билан турадиган кадрларни академиялар етиштирмай қўйдими? Наҳот уларни ҳеч ким текширмайди, рейтингини ўрганмайди, психологик, маиший ҳолати, кўйини аниқламайди? Ҳақиқий билимдон, кашшоф кадрлар етиштириш оқсаб қолмаяптими? Нега оптимал ҳолатлар картаси очилмаяпти? Маънавият соҳаларида, уларнинг минглаб кадрлари каҳкашонида реал таъсирчанликка эришиш учун қандай моделлар, қандай методлар ишлаб чиқишимиз керак? Ахир моделларсиз, илмий назарияларга асосланган методларсиз ҳозирги замонда бир қадам ҳам силжиб бўлмайди-ку! Балки маънавиятнинг бошқариш тизимларини оптимал тарзида янгилаш заруриятга айланаётгандир… Ахир янги куч, янги ҳаракатга айланишнинг бошқа йўли йўқ-ку! Ғоялар ва қадриятлар маънавиятнинг матрицаси эмасми? Янги маънавият нималарда намоён бўлади, қандай? Буни адо этиш учун ички эркинлик етарлича мустаҳкамми?

Мен “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси ҳақида ўқиганимда яхши мусиқа эшитгандай ҳаяжонландим. Кўз ўнгимда уфқлар тўла дунё китоблари манзараси ястанди. Эски одамман шекилли бу руҳоний манзарани хаёлимга сиғдира олмадим. Ҳақиқатан бундай улуғвор ишлар учун янги насллар майдонга чиқаётганига ўхшайди. Президентимиз ёшларни ҳар томонлама рағбатлантираётгани, ғайрат ва шижоатга ундаётгани бежиз эмас.

Суҳбатларингиздан бирида “Бизнинг ўзбек-туркий цивилизациямиз эл-юрт манфаатларини биринчи даражали деб билишдан, юрт, тил бирлиги туйғусидан барқарор бўлди. IX асрдан бошлаб ўзбек цивилизацияси ислом цивилизацияси билан туташди ва ўз мундарижаси, уфқларини бойитди. Мен Навоийни яхлит бир цивилизация деб биламан. Жадид аждодларимиз Навоий цивилизациясини давом эттирувчилари бўлдилар. Унинг маърифатини янги замонларга олиб кирдилар. Бу эзгу ишга бошларини тикдилар”, деб айтгансиз. Мен сиз мансуб ижодкорлар авлоди – Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимовларни ҳам яшовчан ғоялар ва улардан туғилган гўзал асарлар муаллифлари сифатида жадидларга издош маданий авлод деб атагим келади. Устоз, мана бугун 86 ёшни қарши оляпсиз. Ўзингиз босиб ўтган ижод ва умр йўлига қандай таъриф берган бўлардингиз?

– Жадидларга издош маданий авлод! Қандай зўр фикр! Жадидларга издошликнинг эса буюк инсоний ижодий масъулияти бор. Мен ҳозирги ёшлар авлоди бу вазифани ўз зиммаларига ола биладилар деб ишонаман. Чунки юқорида айтганим Кембрижга интилаётган ўн олти яшар қизча ёлғиз эмас. Улар бугун Ўзбекистонда минглар, миллионлар деб айтгим ва бу ақидамга ишонгим келади. Қолаверса, дунёвий давлатнинг аксессуарлари шулар билан адл бунёд бўлади. Ўзбекистонда ижодкорлар, иқтидорли кучлар етарли. “Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши керак, шунда у янги куч, янги ҳаракатга айланади”, дейди Президентимиз. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз нутқида республикада болалар адабиётини ривожлантиришни жуда катта масала қилиб қўйди. Интернет адабиёти, жаҳон адабиётидан бадиий таржималар – яқин келажагимизнинг тамал тошларидир. Маданият ва онг тарбиясида буларнинг ўрни беқиёс.

Давлатимиз раҳбари бизга, ёшларга мислсиз уфқлар очяпти. Бунинг учун ёшлар ижодкорлик нафаси билан яшаб, ўзларига чин маънодаги эстетик ва этик ахлоқий, руҳоний замин яратишлари ва уларни ўз умр йўллари, изланишларида маҳкам тутишлари керак бўлади. Ёшларга қизиқишлари шаклланишида изчиллик, ирода ва матонат керак. Ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. Тўсиқлар феъл-атворимизда бўлиши мумкин. Дунё ҳар томондан ўзгариб боряптими, демак, биз ҳам ўзгаришимиз керак. Дунё бизни эзгу ишларга чорлаяптими, биз ҳам лаббай деб жавоб бериб чоғланишимиз керак.

Менга келсак, қудуқ ҳали қуригани йўқ. Тубларида зилол, ғуборсиз кўк сувлар чайқалиб, Еру заминнинг азал ҳаракатидан мавжланиб турибди. Бу қудуқнинг сувларини оби ҳаёт деб атайман. Оби ҳаёт каби асарлар дунёга келтиришни ҳамон орзу қиламан. Яратган Ер куррасини коинотлар ичида миллиардлаб Сомон йўли юлдузлари, юлдузотлари ичида маконлари қилиб яратган ва барча махлуқларига ризқу рўзи поён ато этган. Коинотда яратувчилик билан бузғунчилик омонсиз курашда. Ижодкорлар инсоният айни ташнаком бўлиб турганида унга бир косада оби ҳаёт тутишга чоғланган одамлар. Олимлар ва ёзувчилар доим ҳаракатда. Ожизлик банданинг ўлими билан баробар. Ҳаётнинг тузи, асл маъноси уларнинг асарларида. Оламнинг ибтидоси – бўшлиқ. Ижодколар шу азал бўшлиқни инсоний маъно билан тўлдирадилар ва яшашга мароқ бағишлайдилар. “Доим янги кун билан яшаш керак”, дейди XIX асрда яшаган америкалик адиб Ральф Уолдо Эмерсон. Мен кириб келаётган ҳар бир янги кунни севаман. Президентимиз айтмоқчи, мамлакатимиз янги тараққиёт даврига қадам қўйди. Янги Уйғониш даври. Мен икки асрнинг одамиман. Янги асрда маънавият ва ижод сафида бўлсам, дейман.

“Янги Ўзбекистон” мухбири Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди

Манбаа: Суҳбат 27 декабрь 2023 йил. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.