“Қисаси Рабғузий” асари: Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом (давоми)

0
316
марта кўрилган.

Мумтоз адабиётнинг беқиёс намунаси  “Қисаси Рабғузий” асарини қадимий туркий тилдан замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.

 Асардаги Юсуф Сиддиқ алайҳиссалом қиссасининг навбатдаги қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қиёмат куни Оллоҳ таоло барча бандаларни дўзах ўти билан қўрқитади, азобини кўрсатади. Ундан кейин ужмоҳга киргизгайлар. Ҳикоятда айтилишича, эркаклардан бири вафот этди. Уни тушда кўрдилар. Мавло таоло сен билан қандай муомала қилди, деб сўрадилар.

Айтди: “Мени қаттиқ ҳибсга олдилар, сўрадилар, сўнг менга яхшилик қилиб озод қилдилар”.

Айтишларича,  у битикни ўқимасмиз дедилар, Юсуф ўз битикчисига берди. Ўқиди: “Бу ушбу хатким, Яъқуб ялавоч ўғиллари ўн қариндош — Яҳудо, Шамъун, Рубил, Ловий, Жад, Дон, Яғшо,  Ястожир, Рамолун, Козўро. Бу ўн қариндош келишиб, Юсуф отлиғ қулимизни Молик Заърга сотдик”. Битикни ўқиб тугатганида, Яҳудо айтди: “Эй, малик, бу хат бизникидир, Юсуф отлиғ қулимиз бор эди, уни сотдик”. Юсуф сўради: “Унинг тарихи қандай бўлди”. Яҳудо айтди: “Инимиз биз билан бирга овга чиқди. Биз овга машғул бўлдик, ани бўри еди”. Юсуф айтди: Бу сўз маъқул эмас. Манинг бир соғум (қадақ-сархум) бор. Нимани  сўрасам, жавоб беради”. Соғуни келтирди ва қўлига олиб уни қоқиб сўради. Соғудан садо келди. Юсуф айтди: “Эй, йигитлар, сизларнинг орангизда бир йигит бор, дарғазаб бўлса, оёғи билан ерни тепса, тиззасигача кириб кетаркан, тошни қўли билан уқалаб ундек қила оларкан. Жаҳли чиқса туклари тикка бўлиб тўнини тешиб ўтар экан. Ун тортса, садоси бир йиғоч ерга (тахминан 9 км) борур экан. Уни эшитган, ҳомиладор аёллар боласини ташлар экан. У ким?” Яҳудо айтди: “У менман”. Юсуф деди: “Менман демакка номус қилмасанг. Шундай куч-қувватинг билан Юсуфни бўрига налук едурдинг?”

Яна соғуни қоқди, овоз келди: “Бу соғум айтадики, сизларнинг орангизда бир эркак бор. Соясида минг қўй ётадиган. Улким дарахтни бир қўли билан қўпоради.  Агар жангга кирса йигирма минг эркак майдондан қочар. У кимдир?”. Шамъун айтди: “Менман”. Юсуф айтди: “Бунча куч-қувватинг бор экан, Юсуфни бўрига нега едирдинг?”

 Яна қадаҳни қоқди, айтди: “Бу соғум айтар, сизларнинг орангизда бир ўғлон бор экан, бир ўқ отса олти йиғоч ерга борар экан. Отқани бекор кетмас. У ким?”. Рубил айтди: “Мен”. Юсуф деди: “Шунча кучинг бор экан, Юсуфни нега бўрига едирдинг”.

Яна соғуни қоқди: “Бу сархум айтар, буларда бир эр бор, тевани бошидан ошириб ташлар. У ким?” Ловий “Мен” деди. Юсуф деди:  “Шундай кучинг бор экан, Юсуфни нега бўрига едирдинг?”

Шундай қилиб сархумни ўн марта қоқди. Ҳар бирини гапиртирди.  Яна бир марта сархумни қоқди ва айтди: “Бу сархум айтишича, Юсуфни ўлдирмоқ бўлибсиз,  сўнгра қудуққа ташлабсиз, қудуқдан чиққач қул қилиб сотибсиз ва  оёғига кишан ур деб айтибсиз. Қаттиқ эгарли отга миндир, йироқ элга элтиб сот. Уч турли айби бор: Қочоқ, йиғлоқ, ўғридир дебсиз.  Бу кун сизларни жазолайдиган кундир. Қўлларингизни кесиб, Миср элининг дарвозаларига осаман”. Улар қўрқиб ўзаро гаплаша бошладилар. Бундоқ ўлгандан кўра ҳар биримиз кучимизни кўрсатиб ўлайлик.

Баъзилар айтмишлар: Яҳудо бу сўзни эшититиб деди: “Эй, қариндошлар, қилган қилмишингизни ҳеч кимга – на отамизга, на ўғил-қизимизга айтмадик. Бироқ, отамиз бизга боринг, Юсуфни Яминни тиланг деди. Иброҳим ялавоч, Исҳоқ ялавоч ва Ёқуб ялавоч хаққи ҳурмати бу малик Юсуфга ўхшайди. Эй, Юсуф бўлсанг, бизни ортиқ эмаклатма. У отамизни қайғусини янада оширмагил” деганида Юсуф юзидаги пардани кўтарди. Бошида нишонаси бор эди, кўрсатди.  “Мен ўша Юсуфман, Ямин укам бўлади” деди.

Савол: Ибн Ямин Юсуфнинг қариндоши эди. Уни акалари ҳам билишарди. Уни айтишдан мақсад нима эди?

Жавоб: Соғу ул кун Яминнинг юкидан чиқди. Ўғрилиги учун қул деб олиб қолдик. У қул отини эшитиб қайғурди. Бу кун иним дедим, кўнгли ўссин, қувонсин. Маълум бўлдиким, барча машаққатнинг сўнгги  роҳат экан. Барча қайғунинг охири қувонч экан. Барча меҳнатнинг таги неъмат экан.  “Эй, Юсуф, сени қул қилиб сотдик, ғариб эдинг. Бу подшоликка қандай эришдинг?”

Юсуф айтди:  Ким тақдирга ишонса, Оллоҳдан қўрқса, балога сабр қилса, тақдирга рози бўлса, Мавло унинг машаққатларини беиз кетказмайди. Албатта, Оллоҳ катта яхшилик қилди, кимда ким ёмонликдан сақланса ва сабр қилса, унинг ажри Оллоҳнинг ўзидадир, чунки Оллоҳ яхши амал қилгувчиларнинг ажрини беради.

Эй, биродарларим, сизлар мени қудуққа ташладинглар, балки мени тахтга ўтқиздинглар. Эй, биродарлар, сизлар мени ғурбатга ташламадинглар, балки мени подшоҳ қилдингиз.

Қариндошлари бу сўзни эшитиб дедилар:– Худо ҳаққи, Оллоҳ сени азиз қилиб, биздан юқори қилибдир ва бизлар эса аниқ хато қилгувчиларданмиз.

Юсуф уларнинг узрини қабул қилди. Ва уятдан қутқарди. У қариндошларига ҳам мардлик қилди, ҳам одамийлик. Мардлиги шуки, уларнинг гуноҳини ўтишни сўради. Шундан сўнг Юсуфга хизмат қилдилар. Бир-бир қучдилар. Ўғли Афротимни қариндошларига таништирди. Миср халқи ҳам барчасини кечирдилар. Сўнгра Яҳудо айтди: Эй, Юсуф, бизларни биримизга буюр. Отамизга суюнчи олиб боришсин. Юсуф буюрди.  Туякашга  топширди: Канъонга бориб Ёқуб ялавочни хотини  ва қариндошлар  бирга кўчириб кел.

Юсуф Яҳудога айтди: Сен мени кўйлагимни отамга бергил, кўйлагимни кўзларига суртса кўзлари очилади.

Рубил Яҳудонинг ёнига келди ва айтди: У куни қонли кўйлакни мен элтиб эдим. Отамизни мен қайғулик қилдим. Бугун кўйлакни ҳам мен элтайин. Қайғу мендан бўлса, севинч ҳам мендан бўлсин.

Қариндошларининг ҳар бири мен борайин, деб туришди. Юсуф у куни кўйлакни ким элтган бўлса, бугун ҳам у элтсин деди ва Рубилни юборди.

Давоми бор.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.