Қурбон Муҳаммадризо: ЭСДАН ЧИҚМАС ЎТМИШ ёҳуд Дилбар Бекчанованинг «Оқибат меҳроби» киссаси тўғрисида

0
114
марта кўрилган.

Тўғрисини айтсам, «Оқибат меҳроби»ни ўқиб бўлгач, дарҳол қўлимга қалам олиб, қисса ҳақидаги фикримни қоғозга туширишга шошилмадим, янада тўғрироғи, асарда тасвирланган ҳаёт воқеаларини фикрим сандиғига сиғдира олмадим, уни қалбимга сингдириш учун ҳафталаб ўйлаб юрдим.

Билмадим, муаллиф «Ахир бу сизнинг хаётингиз ҳақида ёзилган асар-ку?», дегандек, бўлаверди хаёлимда. Асар қаҳрамонларини севиб қолдим: қисса бош қаҳрамони Шукуржон она, гўё ўз онам, унинг фарзандлари ўз жигарбанддарим, у яшаган хонадон гўёки ўз Хонадоним, бош қаҳрамонларнинг иккинчи галереяси — Рўзматбой билан Сапабой МИСЛИ менинг тоғалариму, уларга берилган ноҳақ жазолардан юрагим ўртанди: Фалакнинг гардиши билан худди келинойиларим сингари бўлиб қолган Бикажон ва Пошшажонларнинг бошига тушган азобларни туйиб, ишонасизми, кўз ёши тўкдим.

Не учун шундай туйғулар гирдобига тушиб қолдим? Бунинг сабабини қиссани қунт билан ўқиган, ҳуши ўзида бўлган одам англаб олиши мумкин.
Қизиғи шундаки, асар оддий, сўзлашув тилида, равон, тушунарли ёзилган, шундай чизилганки, уни ўқиш жараёнида тасвирдаги воқеа-ҳодисаларни «кўриб» борасиз ва натижада қисса қаҳрамонлари тушган шу ҳаёт уммони кемасида ўзингиз ҳам сузаётганингизни сезмай қоласиз. Бу ижод услубини мен Дилбаржоннинг «Қор остида қолган орзулар» китобини ўқиганимда сезгандай бўлувдим, энди эса бу сезгим ишончу иқрорга айланди…

«Ҳаётда ота-онам ўртасидаги ўзаро меҳр-муҳаббат, бир-бировига бўлган муносабатларини кўришдан ҳам ёрқинрок яна нима ҳам бор экан, деб ўйлаб қоламан, баъзан. Хотира тикланса янада гўзал бўлади, дейишади…» дея ёзади муаллиф ўша китобида.
Дарҳақиқат, «Оқибат меҳроби» қиссаси ўша китобда бошланган ғояларнинг давоми сифатида хотирани тиклашга хизмат қилиш учун дунёга келган. Ахир, хотира тикланса, одамни қаерларга, қайси замонларга, қайси оламларга «учириб» кетмайди дейсиз… Хотира…
«1983 йил. Тошкент-Урганч поезди елдек учиб, манзилга шошади. Дилором сессиялар тугаб, амалиётга ва ундан сўнг ёзги таътилга Урганчга — ўзи туғилиб ўсган шаҳарга ошиқяпти. Бу гал yнгa қайтишда меҳрибон онажониси ҳамроҳ эканидан жуда хурсанд. «Чоржўйга яқинлашганларида, онаси бир муҳим тарихни очди. Шу ерда раҳматли қайнотам дафн этилган»,— деди… «Чоржўйда дафн қилинган бобоси ҳақидаги воқеаларни Дилором жон қулоғи билан эшитди…»

Воқеаларни тингдар экан, қиз ўзига савол беради: Ота-боболари Хоразмда яшаган бўлсалар, нега ахир бобосининг жасади узок Чоржўй ялангликларида кўмилади?
Аслида асарнииг тугуни эди бу.

Муаллиф ечимга ўтиш учун қалам сура бошлайди: «1938 йил куз фасли. Теграда мош совураётган Шукуржон эна у ёкдан бу буёққа югуриб ўйнаётган, шовқин солиб, ҳеч ҳам тинчимаётган невараларини тартибга чақириб чарчади шекилли, энди уларга гапирмай, ишини давом эттираверди. Келинлари далада пишиб етилган мош, ловия пояларини йиғиштириб, ем-хашак учун «қуёшга кўйиб елпитиш билан овора эдилар…»
Тасвирда бағри кенг меҳнаткаш ўзбекнинг тинч, осуда ҳаёти. Ҳаёт ишқида, мўл-кўлчилик тараддудида бутун бир қишлоқ парвона, яхшилик меваларини теришмоқда. Ҳаётнинг гўзаллигини қаранг! Ўша қишлоқда бўлиб, қадоқ қўлли қишлоқ деҳқонларининг юзларидаги севинчни кўриб, уларга хавас қилдим, қуёшдан нур эмиб, бўлиқ ҳосил йиққан бошоқларини кўтара олмай турган ғалла далалари қаршисида мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олдим, гўё. Нақадар бахт!

Aммo шундай бир пайтда ошга пашша тушди, қишлоққа совуқ хабар етиб келди: « — Эна, Рўзматбой билан Сапабойни ҳам олиб кетишибди! Уйлари ҳукумат томонидан тортиб олиниб, завод ҳам беркитилибди. Бор мол-мулки ҳукумат ихтиёрига ўтибди. Занғарлар хотини Бикажон ва жўжабирдай олти нафар фарзандини, синглиси Пошшажонни кўчага чиқариб ташлашибди… Болаларга ҳам рахм килишмабди, ярамас ялангоёклар…»
Кутилмаганда осмонни қора булут эгаллади, чақмоқ чақиб момоқалдироқ гумбирлади.

Муаллиф давом этади: «Ўша куннинг ўзидаёқ уй(лар) бошдан-оёк; тинтув қилинди. Бойларнинг, деҳконларнинг бор-буди тортиб олинди, мусодара қилинди…», «Шукуржон эна яқинда ўзларига тегишли 259 гектар ер, ўнта омоч, 4 та ҳўкиз, 7 та эшак ва юзга яқин белкурак, болта ва бошка анжомларни «ўз ихтиёри билан» колхозга топширди. «Тинч ва чиройли ҳаёт кечираётган оила, рўзгор пароканда бўлди…»
Ўйлаб қоласан: Одам ўлдирибми ёки ўғирлик қилибми, ишқилиб, бирор гуноҳга ботиб, қўлга тушган кишининг аҳволини тасаввур қилиш мумкин. Аммо ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, мутлақо бегуноҳ бир одамнинг қўлига кишан солсалар-да, уйидан олиб чиқиб қамаб қўйсалар, бундоқ қуруқ туҳмат кимнинг хаёлига келади-ю, қайси рисолада битилади?

Ҳар қандай даҳшатли, фожиали воқеаларни ҳам эртак эшитгандек эшитиш мумкин. Аммо қамоқларда тилка-пора бўлган бу юрак, қақшаган бу асаблар туҳмат ва ҳақоратлар азобини қайта хотирлашга энди бардош бера олармикан! 1937-1938 йиллардаги «Катта террор» фожиаси инсоният тарихида XX асрнинг энг даҳшатли воқеаларидан бўлиб қора из қолдирди.

Қиссада тасвирини топган ушбу воқеа-ҳодисаларни ўқир эканман, китобхоннинг «Ўзи туғилган тупроқдан маҳрум бўлиб, қулоқ қилиниб, Сибирь, Украинага бадарға қилинган жабрдийдаларнинг, уларнинг изида қақшаб қолган қариндош-уруғлари, фарзандларининг кейинги ҳаёти нечук бўларкан?», дея ўйлаб қолиш табиий.

Қисса давомини ўқисак, бу саволга ҳам жавоб топамиз. Суд залидан тўппа-тўғри олиб чиқилиб, сургунга жўнатилган олтмиш яшарлик Рўзматбой Сибирга ҳам етмай, йўлда Чоржўй ялангликларида касаллик ва очликдан вафот этган. Сапабой эса турмадан қайтиб, ўзига келолмай, узок бетобликдан сўнг машъум уруш бошланган кун — 1941 йилнинг июнида ёруғ оламни тарк этган.

Бу азоблар ҳам етмагандай, Иккинчи жаҳон уруши фронт оркасида колган жабрдийдаларнинг патини юла бошлади. Фронтга кетган йигитларимиз ўрнини аёллар, кексалар ва болалар эгалладилар. Деҳкончиликнинг оғир юки уларнинг зиммасига тушди. Кийим-кечак, озиқ-овқат танқис. Бунинг устига урушда юрган аскарларга турли иссиқ кийим- бош кийим, пайпок, кўлқоп, озик-овкат бўлсин деб, нон, жийда, ўрик қоқи жўнатиш лозим эди. Сўнглик билан «танка пули» деганлар чиқди. Хуллас, зўрға кунини кўриб ўтирган халк таланар эди. Муаллиф бу давр ҳаётини тубандагича тасвирлайди: «Урушнинг асорати энг чекка-чекка қишлоқларгача етиб борган эди. Иккинчи йили эса очлик, юпунчилик бошланди. Бу азоб-уқибатларни, муҳтожликни яна бир бор Бикажон ва Пошшажон болалари қайта ўз бошларидан ўтказаётган эдилар. Қўлида бирор ҳунари бор киши ҳар нечук кунини кўриши мумкин эди-ю, оддий Халқ, айниқса, болалар кўп азият чекишди. Бу икки аёлнинг сабру бардоши, ақл-заковатига тан бермай илож йўқ эди. Уруш орти меҳнат фронти машақатлари олдида ҳеч бирининг иродаси букилмади. Аксинча, табиатан курашувчан, шижоати ўткир Пошшажон барча қийинчиликларни енгиб, курашиб яшашга ўрганган эди. У кундузлари тикув фабрикасида ишлаб, кечқурунлари опаси билан бирга уйда тикиш тикишарди».

«Қишлок далаларида ишлашга, экин-тикин ишларини олиб бориш учун яроқли ишчи кучи деярли қолмаган эди. Йигитларни фронтга, аёлларни фронт ортида ишлашга олиб кетишарди. Шу боис далалар ҳувиллаб, овуллар бўшаб колганди. Шундай бўлса ҳам сабрли, чидамли халқимиз, яхши кунлар келар, деган илинжда қийинчиликларнинг ҳаммасига бардош берарди. Шундай пайтда Шукуржон энанинг невараси Жамила, колхоз раиси Йулдош ота, райком вакили Неъматжон ака каби покдил кишилар уларга мадад бўлди. Айниқса, Жамила образи асарнинг кейинги қисмларида «ярқ» этиб кўзга ташланади. Қиз уруш бошланишидан олдин Урганч педагогика институтининг математика факультетига ўқишга кирганди. Лекин қишлоқдаги оғир аҳволни кўргач, кейин ўқишимни давом эттираман, ҳозир эса ишламоғим, колхозни тиклашга ёрдам бермоғим керак, деган мақсадда, олий даргохдаги ўқишини вақтинча тўхтатиб, ҳисобчилик қисқа курсига ўқишга кириб, уни тугатиб-тугатмасдан ўз колхозида ҳисобчи вазифасида иш бошлайди. «Зеҳни ўткир, ҳисоб-китобга чаққон қиздаги қобилиятни кўриб, кекса раис ҳам эмин-эркин нафас олди…» Шундай қилиб, қиз қишлоқда ташаббусни қўлга олди, одамлар етишмаганидан экилмай қолган ерларни ишга туширишда ташаббускорлик қилиб, жонбозлик кўрсатди.

Ёзувчи Жамила тимсолида тадрижий равишда ўсиб бораётган тўлақонли образни ярата олган. Қиз шу даврдаги ватанпарвар, зукко ва шаддод ўзбек қизларининг типик вакили сифатида ва ўзининг индивидуал хусусиятларига ҳам эга бўлган жасоратли аёл сифатида ўқувчи кўз олдида яққол гавдаланади. Колхоз раиси кекса Йўлдош ота ва райком вакили Неъматжон акалар тимсолида уруш даврининг аччиқ-чучугини тотган, халқининг дардига шерик бўлиб, шундай оғир кунларда уларга қайишган ватанпарвар кишилар талқин қилинади. Шолининг ичида курмаги бўлганидек, шундай ташвишли, машаққатли йилларда, қишлоқ хўжалигини тиклаш, халқини оғир аҳволдан чиқариш мақсадида жон куйдираётган одамлар орасида фақат ўз манфаатини ўйловчи, худбин, жамият мулкига кўз олайтирган, омонатга хиёнат қилувчи нафсхўр, алдамчи кимсалар ҳам аралашиб юрганлигини собиқ аравачи Қосим тимсолида очиб берган. Қиссада номлари қаламга олинган оддий персонажларгача ижодкор назаридан четда қолмаган.

Масалан, қишлоққа хат ташувчи Ҳабиб ота асарда атиги бир марта юлдуз сунгандай «ялт» этиб куриниш беради, холос. Ҳатто шу образ ҳам катта фалсафий маъно кашф этади. Яъни унинг образини муаллиф шундай чизади: «…Хат ташувчи Ҳабиб ота пойи-пиёда юриб, фронтдан хат-хабар ва афсуски, кўпроқ қора хат олиб келарди… Ҳеч бир гуноҳсиз, шўрлик кўпларга ёмон кўриниб бўлди. Айрим хонадонларда «Ана, қадами совук, келди», деган шивир-шивирларни ҳам эшитиб, қаттик; изтироб чекарди..,»

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, муаллиф яқин ўтмишимизда қисмат бўлган аянчли, фожиавий ҳаётни, давр машаққатларини келгуси авлодларга етказиш, уларни огоҳ қилиш мақсадида қалам тебратар экан, бу ишга ўта масъулият билан ёндошган; ҳар бир эпизод, ҳар бир диалогнинг, ҳар бир сўзнинг ишонарли ва таъсирчан чиқиши учун қунт билан ишлаган. Натижада асар тили равон, содда ва халқчил бўлиб, ўқувчини зерикгирмайди, аксинча, илмоқли мисоллар воситасида уни ўзига тобора жалб қилаборади.

Ўтмишини билмаганнинг келажаги хам йўқ деганидек, тарихга назар ташлаш, ўтмишни ўрганиш, бугунги кунимизнинг яшаш меъёрини, истиқбол сари қадам ташлаш йўлини белгилашда бир омил сифатида катта ахамият касб этади.

Юқоридаги фикрларни эътиборга олган холда, ишонч билан айтиш мумкинки, муаллифнинг «Оқибат меҳроби» қиссаси яқин ўтмишимиз ҳақида битилган тарихий, бадиий, публицистик асарлар қаторидан ўзига яраша мустаҳкам ўрин олишидан далолат беради.

Қурбон Муҳаммадризо,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.