Нодир Жонузоқ ижодидан: МИНОРА
Хоразмда миноралар мўл,
Тасвирини кўргандир ҳар ким.
Бир минора бордир – кўкка йўл,
Номи – Матназар Абдулҳаким.
Ҳар ғиштида қайроқи фикр,
Соф ҳислардан ҳар бир кошини.
Бу тупроқда ўтган минглаб пир
Битта-битта терган тошини.
Ҳар мисраси – ичкин бир зина,
Ўсасан кўз югуртган сайин.
Кубролардан қолган хазина
Тийнатингга тўкилар тайин.
Босган бўлса ғубор кўзингни,
Тикилсанг-да гарчи минг бора,
Кўрсатмайди сенга ўзини –
Бекинади нурли минора.
На иссиқ, на совуқ қилгай кор,
Писандмас ёз, қишнинг тўсиғи.
“Жавзо”сида гуркирар баҳор,
“Мавж”ланади ҳур “Қор қўшиғи”.
“Тиниқ тонглар”ида “Ойдинлик”,
“Кўприк” айлар пок “Ишқ ёғдуси”н.
“Ёлғиз япроқ” янглиғ ёнар, лек
Пуркайди “Бир қучоқ гул иси”н.
Ишқ аҳлига тумор, чора у,
Ҳаққа элтар элнинг дардини.
Юксалтгувчи зўр минора у –
Ватаннинг ҳар тўзғин гардини.
Ҳақиқатга тиргак, устундай
Собит турар севинч, мунг аро.
Гўё осмон тинглаётган най –
Замин лабидаги минора…
Майли, ҳайрат туйгин қошида,
Қучмоқ учун яқин кел, майли.
Бир амаллаб чиқсанг бошига,
Кейин қайтиб тушгинг келмайди!
2018 йил.
Бағишлов гўзал! Хотира янада афзал!
Шоир Матназар Абдулҳакимнинг охирати обод, руҳи шод бўлсин!