Истеъдодли шоир ва таржимон Сирожиддин Рауфнинг “Муаллақ чексизлик” номли асари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Сизни фикрлашга ундайди. Гўзал ва фалсафий эзгуликларга бой ижод билан танишасиз. Шоир ва таржимон каналининг админлари қуйидаги сатрларни “ШУУРдаги чақинлар” дея номлашибди.
* * *
Сершубҳа одамдан иложи борича узоқроқ юрган маъқул. Бундайлар ҳадик ва қўрқув исканжасида охир-оқибат энг яқин кишиларини ҳам гумон дарёсига ғарқ қилади.
***
Дунё бамисоли бозор. Биров киради, биров чиқади. Муҳими: қуруқ кириб, қуруқ чиқмасликда.
***
Бу нусха анча-мунча назаркарда одамлар тоифасиданман, деб мақтаниб юради. Бўлса бордир. Чунки, унинг бошига бахт қуши сира қўнмаган бўлсаям, бирдамас-бирда “ўтириб” кетганлиги аниқ…
***
Бу қандай ишқ, билмадим, ё Раб,
Оташидан кўзимда ёшлар?
Узоқлашсам – қоламан музлаб,
Яқинлашсам – куйдириб ташлар.
Шоирнинг “Муаллақ чексизлик” китобидан.