Қадим қадимдан халқимиз соғлом авлод тарбиясига алоҳида эътибор берган. Халқ достонлари эртаклари афсонаю қўшиқлари ва алломаларнинг асарларида гўзал сиймоли хушсуврат йигит-қизлар меҳр – муҳаббат билан таърифу тавсифланиши ҳам буни тасдиқлайди. Маcалан, ҳаммамизга мактаб дарсликларидан таниш Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг жасоратини, Ватан ишига камарбаста матонатини ёки Ширин ва унинг ўн нафар канизагининг таърифу тавсифини бир эсланг.
Дилорому Дилоро-ю Дилосо
Гуландаму Суманбўю Сумансо
Паричеҳру, Паризоду Париваш
Парипайкар зиҳи ўн исми дилкаш.
Алламо ўн канизагининг ҳар бирида орзу ҳавас қилгудек фазилатлар борлигини ва уларнинг бари Фарҳоду Ширинда мужассамлашганини фахр билан куйлайди. Ҳар бири битта йўналиш-тарих, физика, математика, мантиқ, астрономия, ҳуқуқшунослик каби илмларнинг етук соҳибалари бўлмиш канизаклар Фарҳодни саволга тутадилар. Фарҳод ҳозиржавоблик билан камолат соҳиби эканлигини намоён этади. Ҳазрат Алишер Навоий наздидаги бўлажак оналар шу қизлар тимсолида мужассамлашган. Соғлом фикрловчи ҳам жисмоний ҳам маънан гўзал фарзандлар ана шундай етук илмли, комил инсонлардан бино бўлишлигини аллама шоиримиз орзу қилган бўлса ажаб эмас. Зеро, соғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келади. Лекин бу орзуни умуммиллий вазифага айлантириш, уни тўла руёбга чиқариш имконияти фақат Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин вужудга келди. Халқимизнинг асрий орзулари ушалди.
Истеъдодли қизларга Зулфия номидаги мукофотнинг берилаётганлиги, илму фан билан шуғулланаётган салоҳиятли ёшларга Президент стипендияси таъсис этилиб, руҳлантирилаётганлиги, изланувчан ёш санъаткорларга “Ниҳол” соврини жорий этилиб улар рағбатлантирилаётганлиги комил инсон тарбиялаш йўлидаги қадамлардир.
Мустақиллик йилларида “Соғлом она-соғлом бола” ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосида кенг кўламли чора тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилди. Хусусан замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диогностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғруқхоналар барпо этилди. Мамлакатимизда халқимизнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор берилмоқда.
Саҳийлик ва аҳийлик. Аллома Навоий ўз асарларида мурувватга, саховатга жуда кўп эътибор каратади.”Маҳбубул-қулуб” асарида саховатсиз кишини ёғингарчиликсиз баҳорга, мевасиз ёғочга, ёғинсиз булутга қиёслайди. Ҳазрат ўз асарида ҳиммат бобида шундай дейди “Битта утмакни икки бўлиб ярмини бир очга берганни сахий де, ўзи емай барини муҳтожга берганни аҳий де” дея ўгит беради Сахийлик, мурувват ҳимматлиликни улуғлайди. Навоий айтадики, ҳар бир одам бировнинг оғирини енгил қилиши керак, биров йиғласа, унинг бошини силаб, жисмига жон, жонига дармон бўлиши керак. Ушбу асарнинг Саховат бобида яна шундай ёзади: “Саховат одамга бадандур ва ҳиммат анга руҳ… ҳимматсиз киши эр сонида эмас ва руҳсиз баданни киши тирик демас”.
Ҳазрат Навоий ёниб куйлаган бу ўгитлар ҳукуматимизнинг бугунги сиёсатини ўзида ифода этади. Мустақил Ўзбекистоннинг дастлаб қабул қилган Қонунларидан бири ҳам ногиронларнинг раеаблитацияси ҳакида эди. Мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов савоб ишни хар ким, ҳар кун қилиши керак дея қайта-қайта уқтирадилар. “Соғлам авлод” давлат дастури олти йўналишдан иборат бўлса унинг бир бўлими ногиронлар, кўнгли яримларнинг ижтимоий муҳофазасига каратилган эди.
Айни кунларда кам таъминланган ва турар-жойга муҳтож кишиларга арзон уйлар берилаётгани ҳам давлатимиз томонидан халқимизга кўрсатилаётган ғамхўрликлардан яна биридир. ”Уч овсин бир уйда яшардик. Сирғали туманидаги янги қурилган арзон уйлардан бизнинг оилаларимизга ҳам ажратилди. Хонадонлар яшашга қулай, барча имкониятлар мавжуд. Биз мамлакатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз – дейди Гулчеҳра Одилова.
Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист