Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб, она диёримизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистонимизнинг буюк келажаги йўлидаги улуғвор янгиланишлар, ватанпарварлик, замондошларимизнинг ёрқин сиймолари акс эттирилган шеърий, насрий, болалар адабиёти, бадиий-публицистик йўналишдаги энг сара асарлар учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан эълон қилинган “Ватан учун яшайлик!” VIII Республика танловида шоир Омон Матжон — “Эл бирла бўл” шеърий китоби, Абдуқаюм Йўлдошев – “Осмон оғуши” қиссалар ва ҳикоялар тўплами, Нодир Жонузоқ – “Сўз” достони, Чоршаъм Рўзиев – “Ошиқлик” ғазаллар тўплами, Сағинбай Ибрагимов – қорақалпоқ тилидаги “Танланган асарлар” шеърий китоби, Қозоқбой Йўлдош – “Сўз ёлқини” ва “Очқичсўз” адабий-танқидий мақолалар тўпламлари учун ғолиблик мукофотига сазовор бўлишди.
Улар сафида шоир ҳам бор. Ижодкор Ўткир Раҳмат “Йиллар оралаб” шеърий тўплами учун ғолиблик мукофотини қўлга киритди.
“Ватан учун яшайлик!” VIII Республика танлови ғолибларини «gujum. uz» сайти таҳририяти жамоаси номидан муборакбод қиламиз.
Қуйида Ўз А да Ўткир Раҳматнинг шеърлари шарҳланган таҳлилий мақолани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Атоқли шоиримиз Ўткир Раҳмат қутлуғ ёш бўсағасига етиб келгунча кўп қиррали меҳнат фаолиятини сидқидилдан адо этиб, мўъжизакор шеърият оламида ҳам юксак истеъдодини намоён қила олди. Ўнлаб шеърий мажмуаларини нашр эттирди. Унинг китобларига кирган шеърларида ўзига хос йўли, бетакрор сўзи ва овози борлиги ўқувчи кўнглини ром этади. Томчида қуёш акс этгани каби мен рамзий маънода унинг уч шеъри мисолида тиниқ туйғуларга лиммолим шеърияти ҳақида икки оғиз сўз айтмоққа жазм этдим.
“Ватан” деб аталувчи шеърида шоир бор вужуди билан она юртга меҳру муҳаббатини, севгисини самимий сатрларда тараннум этади. Одам боласи учун киндик қони тўкилган Ватан тупроғи қанчалар азиз ва мўътабар эканлиги ҳақида дунёдаги шоир зоти борки, тўлиб-тошиб мадҳ этган, шеър ёзган, қўшиқ куйлаган. Ҳамманики ҳар хил маъно билан суғорилган, юрак тафти билан сайқалланган. Лекин, ҳануз бу мавзу барча нашрлар учун янги, ҳеч қачон ўзининг тўла таъриф-тавсифини топмаган, десак тўғри бўлади. Катта шоиримиз Ўткир Раҳмат она Ватанга нистабан: “Агар сен бўлмасанг менга не ҳаёт, Минг парча-парчадир бу жон, бу таним!”, дея ватанпарварлик ғоясини ўзгача бир фидойилик билан ифода этади. Ватан, она буюк, муқаддас! Шоир ижодида она образи яққол кўзга кўринади. Арман шоири Аветик Исаакяннинг “Она юраги” шеърини ким ҳам билмайди, дейсиз. Бу шеърнинг довруғи бутун дунёга маълум. Аветик Исаакян ёзишларида: “Мен бутун ижодимни онамга бағишладим”, деб алоҳида уқтирган эди. Бизнинг дилга яқин суюкли шоиримиз Ўткир Раҳмат ҳам кўпгина шеърларини онага, Ватанга бағишлаган. У мустақил она Ватан куйчисига айланган.
Шоир табиат ошиғи. Наботот оламининг севгувчи бир юрак. Унинг “Манзара” шеъри фикримизни далили бўла олади. Шоир сўз билан жонли табиат манзараларини гўё нафис бўёқлар билан дилтортар қилиб чизади. Дунё гўзал, сеҳру синоатга бой, еру осмон гўзаллигида улуғ Оллоҳ қудрати бор. Порлоқ қуёш, тўлин ой, чарақлаган юлдузлар, мўъжизакор сайёрамиз аломатлари шоир тафаккурида мужассамдир. Ўткир Раҳмат ушбу шеърида ўта нафис бир ҳолатни тасвир этади:
Этакларин елпитиб,
Нозланар майин сабо.
Жийда гули атрини
Сепиб олган дилрабо!
Кўтаролмас бошини,
Сеҳрланган мажнунтол.
Сой қўйнида яланғоч
Чўмилади ой беҳол.
Шоирнинг “Севинч” шеъри ҳамиша навқирон, ҳар доим ёш ишқу муҳаббат ҳақида. Татар шоири Ходи Тўхташ севгини шундай таърифлаган эди: “Муҳаббат, ул эски нарса, лекин уни ҳар бир юрак янглайди”. Ўткир Раҳмат шоирни оташин шоир қилган чинакам ишқ мавзусида киши кўнглини тебратадиган бир қанча шеърлар ижод қилди. Унда вафо ва жаво, садоқат ва ҳиёнат ўзаро жангга киришади. Шоир шеърларида вафо ва садоқат доимо ғолиб келади. У чин инсоний фазилатга, мустаҳкам иймонга айланади. Ошиқ ўзини қуйидаги ҳолатда эканлигини айтади:
Сутдай оқшом қўйнида,
Васлинг умидида зор,
Сени интиқ кутарман
Саҳаргача мен бедор,
деб зорланади ва маъшуқага уқтиради:
Оқмоқда-ку умримиз,
Бу тинимсиз сойдайин.
Қўшиқлари турфа хил,
Нола қилар найдайин.
Шеърнинг якунида лирик сиймо севгилисига эътироз билан илтижо қилади, охирида пушаймон бўлмасликка чақиради:
Ғафлатда қолиб бир кун,
Излаб дема:-Қайдасиз?!
Умр ўтиб кетган сўнг,
Билсанг, бари фойдасиз!
Дўстимиз, ажойиб шоир Ўткир Раҳмат айни пайтда етарли ҳаётий тажрибага эришиб, донишмандлик рутбасини бошидан кечирмоқда.
Нурланган қалами қайноқ қалбидан отилиб чиқаётган покиза туйғуларини оқ қоғоз юзасида муҳрламоқда. Мисли кўрилмаган миллий мустақиллик шарофати боис ҳаётимиз кундан-кунга юз очиб, озод ва обод Ватанимиз абадийлик сари дунё бўйлаб шаҳдам бормоқда. Меҳнаткаш ва захматкаш, халқпарвар, маънавият ва маърифатпарвар, муҳтарам юртбошимиз айтганидек, дунё ҳавас қиладиган адабиётимиз ҳам, санъатимиз ҳам албатта бўлади. Эркин халқ турмуши, жўшқин ҳаёт гўзалликлари бугунги замондош шоирларни катта ижод майдонига чорлар экан, дўстим, йирик шоир Ўткир Раҳмат ҳақидаги сўзимни улуғ пиру комилимиз, илоҳий илҳом соҳиби, Мир Алишер Навоийнинг қуйидаги нақли билан тамомладим:
Лутфу тароват нечаким гулда кўп,
Ҳасратдан ғулғула булбулда кўп.
Манба: ЎзА