Бу йил аллома Алишер Навоийнинг 580 йиллиги нишонланиши муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ”Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда таъкидланганидек, буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.
Шунингдек қарорда “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш, Алишер Навоий орденини таъсис этиш, Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоийнинг мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, шунингдек бизнинг институтимиз мутахассисларига ҳам тегишли бўлган хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш чораларини кўриш каби вазифалар ҳам белгиланди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар аллома билан бирга халқимизни ҳам юртимизни ҳам янада улуғлайли. Алишер Навоий асарлари ҳам сиймоси ҳам мангудир!
Тил ва тафаккур уйғун. Тил ва тафаккур уйғунлиги Шарқ фалсафасининг узвий бир йўналишидир. Алишер Навоий бобомиз туркий тил гўзаллигини бу тилда тафаккур қилиб бу тилда гўзал асарлар битиш мумкинлигини ўз даврида исботлаган эди. Навоий Низомий панжасига панжа урмоқ осон эмас дея, камтарлик ила туркий тилда гўзал ”Хамса”ни яратиб она тилини улуғлади. Ўзига асарлари билан ҳайкал қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Бу ҳам аллома Алишер Навоийнинг саъй-ҳаракатлари давом этаётганининг ифодасидир.
Айни кунларда юртимизда ўзбек тили мавқеини юксалтиришга, миллий адабиётнинг имкониятларини дунёга танитишда, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга ўз даврида муносиб ҳисса қўшиб, нурли излар қолдирган ҳазрат Алишер Навоийнинг асарларидаги гўзал ташбеҳларни яна бир бора эслаймиз.
Аллома “Муҳокамату –л-луғатайн” асарида шундай деб ёзади: ” Тагри аслда табимизда ғаройиб нарсаларга майлни ва нозик ҳам қийин нарсаларни англашга киришишни табиий қилгани учун турк сўзлари устида мулоҳаза юргизиш лозим кўрилди. Бу ҳолда шундай бир олам намоён бўлдики, ўн саккиз минг оламдан ортиқроқ. У ерда табига зеб ва зийнат осмони маълум бўлдики, тўққиз фалакдан ортиқроқ. У ерда фазилат ва юқорилик хазинаси учрадики, марваридлари юлдузлар гавҳарларидан кўра ялтироқроқ; бир чаманзор йўлиқдики, гуллари кўк юлдузларидан кўра очилганроқ; бу хазина ва чаманзорнинг тевараги эл оёғи етишдан асралган ва қимматбаҳо нарсалари бошқаларнинг қўли тегишидан сақланган эди. Аммо хазинасининг илони қонхўр ва чаманзорининг тикани сон-саноқсиз эди. Хаёлга келдики, ҳамоно таб аҳллари(шоирлар) бу илонларнинг найзасидан қўрқиб бу хазинадан баҳра ололмай ўтган эканлар…”. (“Муҳокамату –л-луғатайн” китоби, Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида. “Академнашр” 2017 йил, 22-бет).
Яна Алишер Навоий “Муҳокамату –л-луғатайн” асарида туркий тилнинг гўзаллигини, бойлигини кўрсатиш мақсадида форсийда муқобили бўлмаган юзта феълни мисол сифатида келтиради. (“Муҳокамату –л-луғатайн” китоби, Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида. “Академнашр” 2017 йил, 21-бет).
Мустақил Ўзбекистон ҳам ўзбек тилига давлат тили мақомини бериб. Ҳазрат изидан бориб она тилимизни кўкларга кўтаряпти. Мустақил Ўзбекистоннинг дастлабки қадамлари аллома Алишер Навоийнинг муборак номлари билан боғлиқ.
Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов 1991 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Миллий боғида қад кўтараётган Алишер Навоий ҳайкалини ва боғда олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечираётиб, ёдгорликнинг очилишида наҳор оши тортилиб, Қуръон тиловат қилиб юборилишини айтганларида тинглаб турган ҳар бир кишининг қалби бир қалқиб тушгани табиий. Бу билан жамиятда адолат тамойилларини ҳаётга сингдириш йўлида яна бир муҳим қадам қўйилди. Зеро, мустақил Ўзбекистонимизнинг миллий қадриятларига монанд тадбири ҳазрат Алишер Навоий номи билан бошланганлиги тасодиф эмас. “Хамса” асаридаги “Садди Искандарий” достонида обод, озод юрт ва одил подшо орзуси куйланади. Ҳазрат Навоийнинг озод ва обод юрт ҳақидаги орзу – умидлари бугунги кунда амалиётда ўз ифодасини топмоқда.
Масалан. Мустақил Ўзбекистон кишиларининг олдида турган вазифалардан бири – расмий тилда ҳам гўзал асарлар яратиш мумкинлигини исботлаш эди. Собиқ советлар даврида ўзбек тилида қонунларни тайёрланишини, зарурат бўлганда бошқа тилларга ўгирилишини қалбида Ватан туйғуси бўлган ҳар бир зиёли орзу қиларди. Зеро, қонунлар ўзбек халқи, унинг осойишталиги, Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги учундир. Айни кунда қонунларимиз ҳам ўзбек тилида тайёрланиб, сўнгра бошқа тилларга ўгирилмоқда. Мустақил мамлакатимиз конституциясида белгиланганидек, ҳар бир киши ўзлигини таниса, ўз ҳуқуқини билса ҳуқуқий демократик давлатга айланади. Зеро, “Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг 19–моддасида белгиланганидек қонунларимиз ўзбек тилида яратилиб, зарурат бўлганда бошқа тилларга ўгириш белгиланганлиги бу миллий қонунчилигининг ютуғидир. Бу ҳам аллома Алишер Навоийнинг гўзал асарларида куйлаган орзуларининг амалга ошганлигининг ифодасидир.
Ҳазрат Навоийнинг соғлом авлод тарбиялаш орзуси! Мустақилликдан кейин соғлом авлод тарбиялаш вазифаси умумхалқ ҳаракатига айлантирилди. Эл-юрт ҳавас қиладиган фарзанд тарбиялаш туйғуси барча халқимизга, ҳар бир миллатдошимизга бирдек таниш ва бирдек азиз. Фарход-у Алпомишдек алп ўғлонлар, Ширину Барчинойдек ой юзли, гўзал хулқли қизлар тавсифи алломанинг ҳар бир достону шеъриятида куйланиши бугунги кун билан, бугунги давр билан ҳамоҳанг.
Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳоднинг жасоратини, Ватан ишига камарбаста матонатини ёки Ширин ва унинг ўн нафар канизагининг таърифу тавсифини бир эсланг.
Дилорому Дилоро-ю Дилосо
Гуландаму Суманбўю Сумансо
Паричеҳру, Паризоду Париваш
Парипайкар зиҳи ўн исми дилкаш.
Алламо ўн канизагининг ҳар бирида орзу ҳавас қилгудек фазилатлар борлигини ва уларнинг бари Фарҳоду Ширинда мужассамлашганини фахр билан куйлайди. Ҳар бири битта йўналиш-тарих, физика, математика, мантиқ, астрономия, ҳуқуқшунослик каби илмларнинг етук соҳибалари бўлмиш канизаклар Фарҳодни саволга тутадилар. Фарҳод ҳозиржавоблик билан камолат соҳиби эканлигини намоён этади. Ҳазрат Алишер Навоий наздидаги бўлажак оналар шу қизлар тимсолида мужассамлашган. Соғлом фикрловчи ҳам жисмоний ҳам маънан гўзал фарзандлар ана шундай етук илмли, комил инсонлардан бино бўлишлигини аллама шоиримиз орзу қилган бўлса ажаб эмас. Зеро, соғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келади. Лекин бу орзуни умуммиллий вазифага айлантириш, уни тўла руёбга чиқариш имконияти фақат Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин вужудга келди. Халқимизнинг асрий орзулари ушалди.
Истеъдодли қизларга эътибор берилиб, Зулфия номидаги мукофотнинг берилаётганлиги, илму фан билан шуғулланаётган салоҳиятли ёшларга Президент стипендияси таъсис этилиб, руҳлантирилаётганлиги, изланувчан ёш санъаткорларга “Ниҳол” соврини жорий этилиб улар рағбатлантирилаётганлиги комил инсон тарбиялаш йўлидаги Навоий асарларида куйланган гўзал ва самарали орзулардир.
Тошкент “Ислом маданияти пойтахти” деган қутлуғ номга сазовор бўлди. Табаррук юртимиз – Ўзбекистон ўзида Шарқ тарихи, маърифати, маданияти, санъати, хўжалик ҳаёти ривожининг гўзал намуналарини жамлаган ва жаҳон аҳлига кўз-кўз қилган маъжизакор макон эканлигини Алишер Навоийнинг асарларидан ўрганамиз ва ўргатамиз. Аллома Алишер Навоий руҳи мангу ва барҳаёт. Халқимизнинг ғурури ва фахри бўлмиш алломанинг намунали ҳаёти, жўшқин ва адолатли фаолияти, гўзалликка йўғрилган ижодиёти авлодларнинг ҳамиша йўлини ёритиб туради.
Биз педогоглар ҳам ушбу ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётганимиздан, ҳазрат Навоий ғояларини юксалтириш йўлида ғайрат-шижоат кўрсатаётганимиздан бағоят хурсандмиз. Университетимиз олимлари ҳазрат ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий тўпламни нашрга тайёрлашди. Конференциялар, ижодий учрашувлар, талабаларнинг аллома асарлари билан чиқишлари уюштирилмоқда.
Нодира САЪДУЛЛАЕВА, Тошкент Давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси