Самарқанд нафақат тарихий ва азим шаҳар, балки унда минг йиллик тарихга эга миллий анъаналаримиз, асрлар силсиласидан омон қолиб келаётган асори атиқалар, номоддий маданий мерос гавҳарлари мужассам. Шунинг учун бўлса керак, Ер юзининг сайқали – Самарқанд ҳанузгача дунё сайёҳларининг ҳайрату ҳаяжонини оширади.
Вилоятда халқимизнинг бой моддий ва номоддий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва келажак авлодга бус бутунлигича етказишга “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буюртмасига асосан марказ томонидан “Ўзбекистон номоддий маданий мерос элементларини муҳофаза қилиш” ижтимоий буюртма лойиҳаси асосида ташкил этилган экспедиция ҳудуддаги экспедиция уч йўналишда, яъни ижро санъати, пазандачилик ва ҳунармандчилик йўналишларида ўрганди.
Экспедициянинг Самарқанд вилоятидаги ўрганишларида эътибор номоддий маданий меросни асраб келаётган, уни авайлаб, келажак авлодга етказишни мақсад қилган инсонлар фаолиятига қаратилди. Уларнинг меҳнатлари видео, фото ва аудио тасмаларга ёзиб олинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек Миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан 2018 йил 1-ноябрда вилоят намунавий мақом ансамбли ташкил этилган. Ёшлардан иборат 15 нафар хонанда ва 15 нафар созанда жамоаси ўтган 4 йил давомида вилоят миқёсида ўтказилиб келинаётган барча тадбирларда фаол иштирок этиб келади.
Ансамбл аъзолари Самарқандлик мақом билимдонлари “Дўстлик” ордени сохиби Хусан Файзуллаев, Уйғун Бўтаев, Фозил Очиловлар билан ижодий алоқада бўлиб, барча дастурлари ушбу устозларнинг назоратидан ўтади. Устозлардан тавсиялар олинади. Ансамбл хонандалари Нишонбек Қаюмов ва Алижон Абдумўминовлар Хоразмда бўлиб ўтган тўртинчи Республика мақомчилар телевизион фестивалида учинчи ўринга лойиқ кўрилди. Экспедиция аъзолари ансамбл фаолиятини тўлиқ ўрганиб чиқдилар.
– Самарқандда бугун бахшичилик санъатига қаратилаётган эътибор ҳам ҳар қачонгидан баланд, –дейди марказ раҳбари Лутфия Мирзаева, – Бахшичилик санъатини ёшлар ўртасида тарғиб этиш, бахшилар маҳоратини ошириш, малака алмашиш мақсадида 2021 йилда Нарпай туманида жуда кўплаб амалий ишлар, маданий маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Бахшичилик санъатини оммалаштириш мақсадида жорий йилнинг 18-апрель куни Нарпай тумани Маданият бўлими томонидан 27-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик бўйича “Маҳорат дарслари” ташкил этилди. Пастдарғомлик Ахрор бахши, Нурободлик Элбек бахши ҳамда Каттақурғонлик Сапарали бахши, Ҳалим бахши, Тоғаев Мурод бахшиларнинг довруғи юрт бўйлаб ёйилган. Энг қувонарлиси, бугун бахшичилик соҳасига ёшларнинг қизиқиши баланд. Шу санъатни ривожлантириш мақсадида болалар мусиқа ва санъат мактабларида махсус бахшичилик синфлари ташкил этилган.
– Самарқанднинг маданияти ва санъати тарихида бахшичилик эл орасида ўзининг кўп сонли мухлисларига эга бўлган, Куй-қўшиқларимиз кишига завқ улашаётганидан, издошларимиз етишиб чиқаётганларидан хурсандмиз. Бу эса давлатимизнинг санъатимизга бўлган эътибори туфайлидир, – дейди нурободлик Шавкат бахши Бобомурод. – Президентимиз ташаббуси билан биринчи бор Сурхондарё заминида ташкил этилган “Халқаро бахшичилик санъати” фестивали ушбу санъат ривожига дунё халқлари эътиборини қаратишга қўйилган илк қадам бўлди. Самарқандлик бахшилар ҳам Сурхондарё ва Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган бу фестивалда муваффақиятли иштирок этишган. Шерқўзи бахши Норбеков, Фирдавс бахши Суюнбоевларнинг ҳам ижодлари ҳам таҳсинга лойиқ.
Мусиқага ихлоси баланд фидоийларнинг ташаббуси билан Самарқанд туманида “Шашмақом” ансамбли ташкил этилган ва республика миқёсидаги кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. «Гулизорим», “Бебокча”, «Бозоргоний», «Самарканд ушшоғи», “Қўқон ушшоғи”, “Катта ушшоқ”, “Чапандози наво” ва бир қатор баётлар, уффорлар, соқиномалар ҳамда мақом чолғу куйлари, мақом ва классик қўшиқлар ижро этиб келинади. Экспедиция аъзолари ушбу халқ ансамблининг фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.
Ушбу жамоа 2021 йилда ёшларни мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга йўналтирилган 44 та маҳаллаларда ва 34 умумтаълим мактабларида маҳорат дарслари, уч авлод учрашуви, истеъдодларни излаймиз тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, “Умидбахш наволар” концерт дастури ташкил қилинди.
Самарқандда фаолият юритаётган “Сарбози”, “Бешқарсак” , “Чавқи” фольклор этнографик халқ ансамблларининг фаолиятлари билан яқиндан танишилиб, улар ижросидаги халқ қўшиқлари видео ва аудио тасмаларга ёзиб олинди.
Самарқанд пазандачилиги ҳам ўзига хос. Айниқса Самарқанд оши мазали, тўйимли ва хўшхўр…Ҳудудда ошпазликнинг ҳадисини олганлар ҳам жуда кўп. “Самарқанд оши”нинг довруғини ёйишда профессионал ошпазлар Анвар Мамедов, Муҳаммад Аҳмаджоновларнинг хизмати катта.
– Самарқандга айнан зиғир ошини танаввул қилиш учун келадиган хўрандалар кўп, –дейди ошпаз Анвар Мамедов, – Уларнинг таъбига мос, мазали ош тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Бу касб бизга ота мерос. Миллий таомлар ҳамиша харидоргир бўлган. Шунинг учун бу анъаналар авлоддан-авлодга ўтиб бораверади.
Самарқандлик таниқли ошпаз Камолиддин Жўраевнинг фаолияти ҳам ўрганилди. Моҳир ошпаз “Балиқ таомини тайёрлаш” жараёнини кўрсатиб берди.
Экспедиция ўрганишларининг кейинги объекти – ҳунармандчиликнинг қуроқдўзлик йўналиши бўлди. Қуроқдўзлик момоларимиздан мерос бўлиб келаётган қадим ҳунармандчилик турларидан бири. Қиз узатаётганда, албатта, сарпосида қуроқдўзлик намуналари бўлади. Сабаби, қиз борган хонадонига барака олиб кирсин, серфарзанд, сердавлат бўлсин дея, келинларга қуроқдўзлик асосида тикилган дастурхон, чимилдиқ, ёстиқлар берилади.
Экспедиция аъзолари Самарқандда қуроқдўзлик санъатининг ўзига хос нозик жиҳатлари ва шу ҳунарни давом эттириб келаётганлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Қадимий халқ чеварлиги усталаридан бири Шоира Ганиева бўлиб, у ҳунармандчиликнинг икки тури – қуроқчилик ва батик (матога гул босиш) санъат билан шуғулланиб келади.
Самарқандда батик яъни матога гул босиш санъати анча ривож топган. Экпедиция аъзолари шу ҳунар тури билан шуғулланиб келаётганлар билан суҳбатлашишиб, уларнинг фаолиятини видео, фото ва аудио ёзувларга ёзиб олишди.
–Ҳунармандлар орасида бир яхши анъана бор. Ҳунарманд ҳунармандга қиз узатади ёки келин олади, сабаби келажакда шу ҳунар тури йўқолиб кетмасин, авлодддан авлодга мерос қолсин дея ният қилинади, – дейди ҳунармандларнинг олтинчи авлод вакиласи Шоира Ғаниева. – Бугун шу ҳалол меҳнатим ва қадрли ҳунарим орқасидан бутун дунёни айланиб чиқдим. Матога гул босиш ҳам бир санъат, унинг ҳам ўзига хос нозик жиҳатлари бор. Масалан, ўсмадан, анор ва пиёз пўстлоғидан ранг оламиз. Аввал кўйлакнинг дизайнини чизамиз, уни тикамиз, битта рангга бўяймиз, қуритамиз ва ранглар тиниқ чиқиши учун яна устидан қайта бўяб чиқамиз.
Ургутлик каштачи ҳунарманд “Шухрат” медали соҳибаси Мавлуда Ҳамдамова узоқ йиллардан буён каштачилик санъати билан шуғулланади, ўнлаб шогирдларга устоз. У вилоят, республика ва чет давлатларда ўтказилган фастиваллар, кўргазмаларда ўз маҳсулотлари билан иштирок этган.
Эски Афросиёб услубидаги кулолчилик мактаби асосчиси Усто Умар Журақуловнинг ишини давом эттириб келаётган усто Илҳом Бобомуродов ва унинг ўғли Мехрож Бобомуродов фаолияти ҳам, улар томонидан ишлаб чиқарилган кулолчилик маҳсулотлари Самарқандга ташриф буюрган меҳмонларга манзур бўлмоқда.
Ҳунармандлардан Санжар Мухторов, Ҳабиба Пўлатова, Бобур Расулов, Нигина Қўзиева ва Хушбахт Абдурахимовлар эса Самарқанд қоғизи ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келяптилар.
– Бу ерда бир йилдан буён ишлайман, –дейди Конигил қишлоғида яшовчи ҳунарманд Райхона Хусанова, – Биз бу ерда тут пўстлоғини қора қисмидан ажратамиз. Мана шу оқ қисмидан оқ қоғоз тайёрлаймиз ва устки қисмидан эса қора қоғоз тайёрлаймиз. .
Экспедиция жараёнида Самарқанд моддий ва номоддий маданий меросининг ижро санъати, пазандачилик ва ҳунармандчилик йўналишлари бўйича фаолият олиб бораётган кўплаб гўзаллик яратувчилари ҳақида маълумотлар жамланди.
Наргиза Ҳамроқулова