2024 йил 5 декабрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон – Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлик форуми ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, шунингдек, Озарбайжон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги ҳамда Озарбайжондан ташриф буюрган 20 нафардан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ юртимизда “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”илк маротаба ўтказилмоқда.
Тадбирда қайд этилдики, Ўзбекистон – Озарбайжон икки қардош халқларнинг алоқалари турли йўналишларда ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, икки давлат раҳбарларининг эътибори натижасида фуқаролик жамияти институтлари йўналишида ҳам ҳамкорликнинг илк қадамлари ташланди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистон ва Озарбайжонда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти аъзолари, давлат идоралари вакиллари ва экспертларни бирлаштирган Ўзбекистон – Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлик форумини мисол қилиб келтириш мумкин.
Ўзбекистон – Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлик форуми илк маротаба 2023 йили Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида бўлиб ўтган эди. Форум иштирокчилари учун ҳар икки мамлакат фуқаролик жамиятининг миллий манфаатлари, устувор йўналишлари ва эҳтиёжларига жавоб берадиган, ривожланиш ва тараққиётга ҳисса қўшадиган салоҳиятли ташаббус ва лойиҳаларни аниқлаш, режалаштириш, муҳокама қилиш ҳамда биргаликда амалга ошириш имконини берди.
Қолаверса, 2023 йили форум доирасида Озарбайжон Республикаси Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида ҳамкорлик меморандумлари ҳам имзоланди.
Ўтган бир йил ичида Мазкур меморандумлар доирасида икки мамлакат нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида тажриба алмашилди, ҳамкорлик алоқалар йўлга қўйилди, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга оширилди ва медиаконтентлар яратилди. Қолаверса, Боку шаҳрида бўлиб ўтган COP 29 конференциясида юртимиз нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон – Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлик форуми давомида озарбайжонлик нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўз тажрибалари билан бўлишиб, Озарбайжон Республикасида давлат органлари ва ноҳуқумат ташкилотларининг ижтимоий шериклик муносабатлари, инсон ҳуқуқлари, қонун ижодкорлиги ва гендер масалаларида, инклюзивликни таъминлаш ва ижтимоий аҳамиятга молик вазифалар ечимида ноҳукумат ташкилотларининг роли бўйича маърузалар қилдилар.
Форумнинг мунозаралар қисмида сўз олганлар бошланган ушбу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, икки мамлакат нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, истиқболдаги режаларни муҳокама қилиш, қолаверса, янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилувчи халқаро мулоқот майдонини янада кенгайтириш таклифини илгари сурдилар.
Шунингдек, форум якунида Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг бир гуруҳ нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси