Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди.
2008 йилда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қарорига асосан Олий Мажлис ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди.
2015 йилдан кучга кирган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга асосан маҳаллий давлат вакиллик органлари ҳузурида Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари шаклланди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жамиятда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга, давлат органлари билан самарали ҳамкорлик қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратди.
Жорий йилнинг 12 июнь куни Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши видео-конференция шаклида ўтказилди.
Фуқаролик жамияти институтлари давлатнинг ижтимоий шериги сифатида аҳолини кенг қатламларининг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлашга, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга, демократик ўзгаришлар жараёнига янада кенг жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, аҳолининг кенг қатламларини моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш ҳамда долзарб муаммоларни самарали бартараф этишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг муносиб ўрни бор.
Парламент комиссияси томонидан 2019 йилда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларига 321 та лойиҳани амалга оширишлари учун давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидиялар шаклида 37,8 млрд. сўмлик давлат кўмаги кўрсатилган.
Бунинг натижасида 608 та қўшимча касбга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари ташкил этилди, уларда 25417 та ёшлар, хотин-қизлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бепул ўқитилди.
Андижон, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятида уюшмаган ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг касбий кўникмаларини шакллантирадиган жами 5 та касбий малака эксприментал марказлари ташкил этилди, улар орқали 770 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.
Туғма юрак хасталигини даволаш мақсадида 40 нафар болаларда бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, уларнинг соғлиқлари тўлиқ тикланди. Қарши шаҳрида ногирон болаларни соғломлаштиришга қаратилган 140 ўринли замонавий ижтимоий мослашув маркази ташкил этилди. Самарқанд шаҳридаги Болалар ижтимоий мослашув марказининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш жараёнлари босма ва электрон ОАВларда 9321 маротаба ёритилган. ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг моддий-техник базаси 1688 донадан иборат замонавий ахборот-коммуникация техникалари, ўқув ишлаб чиқариш инвентарлари билан мустаҳкамланган.
Йиғилишда Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури, Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаол иштирокини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Президентимизнинг 2020 йилда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида Парламент комиссияси олдида мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмалар кўламини кўпайтириш, жойларда жамоатчилик назоратини амалга оширишда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ижтимоий фаоллигини юксалтириш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилганди.
Парламент комиссияси аъзолари томонидан давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ижтимоий шериклигини янада юксалтириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Йиғилишда жорий йилнинг 16 апрелдан 18 майгача ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга давлат ижтимоий буюртмалари қўллаб-қувватлаш бўйича танлов эълон қилинганлиги ва мазкур танловга 70 га яқин лойиҳалар қабул қилинганлиги алоҳида қайд этилди.
Ижтимоий буюртмаларни амалга оширилиши жамиятда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга, ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом қилиб тарбиялашга, аҳолининг тадбиркорлик кўникмасини шакллантиришга ва бандлигини таъминлаш орқали жамиятда камбағалликни қисқартиришга, жамиятда миллатлараро тотувлик ва дўстликни кенг тарғиб этишга хизмаьт қилади. Парламент комиссия томонидан 2020 йилда умумий миқдори 5,2 млрд сўмлик 15 та ижтимоий буюртмаларнинг амалга ошириш бўйича қарор қабул қилинди.
Шунингдек, Жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Жамият ва оилада соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш” ва “Ҳаракатлар стратегияси”, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури ижросида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш” мавзуларидаги давлат грантларида ННТ ва фуқаролик жамияти институтларининг иштироки кўриб чиқилди. Эълон қилинган 2 та давлат грантига 460 дан ортиқ ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан лойиҳалар келиб тушди ва 103 та ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини грант лойиҳаларини қўллаб қувватлаш бўйича қарор қабул қилинди.
Мазкур грант лойиҳаларини молиялаштириш орқали Соғлиқни сақлаш муассасалари билан ижтимоий шерикликда аҳоли орасида COVID-19 вирусининг олдини олишга, соғлом турмуш маданиятини юксалтиришга, оилада тиббий маданиятини оширишга ва саломатлигини мустаҳкамлашга, жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришга кўмаклашилади.
Шунингдек, “Ҳаракатлар стратегияси”, “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг фаол иштирокини таъминлайди. Хусусан, уй хўжалиги асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, банд бўлмаган аҳолини касбга қайта тайёрлаш ва ишсиз фуқароларни зарур касбларга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, аҳолига сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтиришга, давлат дастури ижроси устидан жамоатчилик назорати механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Йиғилишда “Миллий тикланишдан-миллий юксалиш сари” шиори остида ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантириш ҳамда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” — қонун устуворлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлашда демократик институтларининг фаоллигини қўллаб-қувватлаш мавзуларида давлат грантининг 3-чи ва 4-чи танловларини эълон қилиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Мазкур танловлар ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом этиб тарбиялашга, уларда тадбиркорлик, илмий-ижодий ва интеллектуал салоҳиятни шакллантиришга, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда қонун устуворлиги ва жамоатчилик назоратини таъминлашга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга, давлат органларининг оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлигини йўлга қуйиш каби бир қатор йўналишларни қамраб олган.
Парламент комиссияси томонидан 2018 йилда давлат гранти шаклида қўллаб-қувватланган лойиҳаларнинг амалга оширилганлиги бўйича мониторинг ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Парламент комиссияси бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди ва тегишли қарорларни қабул қилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ижро девони