Давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратишга қаратилган электрон платформа ишга туширилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича янги тизим яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 26 август куни қабул қилинган “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ушбу Фармоннинг ижросинии таъминлаш мақсадида ягона электрон платформа ишга туширилди. Бугун Ягона электрон платформани расмий ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, Жамоат фонди раҳбарияти, фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларни ўз ичига олувчи мазкур Платформа ажратилаётган маблағларни оқилона тақсимлаш, шаффофлигини таъминлашда барча имкониятларни, қулайликларни беради.
Фуқаролик жамияти институтларига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва ишлаб чиқилаётган онлайн платформани тўлиқ автоматлаштириш ҳужжатлар алмашинувидаги замонавий ёндошувга, инсон омилисиз танловларни ўтказишга шароит яратилади.
Бундан ташқари платформанинг яна бир афзаллик томони шундаки, бир нечта давлат ташкилотларидан маълумотлар олиш мақсадида маълумотлар алмашинуви ишлари амалга оширилишидир. Яъни фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир ҳужжатларни электрон тарзда интеграциялашдир.
Бунда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ахборот ва оммавий коммуникатсиялар агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази билан ҳамкорликни ўрнатиш орқали талабгор ташкилотлар тўғрсидаги маълумотларни тўғридан тўғри олиш имконияти яратилди
Ҳар бир талабгор ташкилот эндиликда танловларда иштирок этиш учун лойиҳаларни топшириш ва давлат субсидиясини олиш учун буюртмаларни юбориш, уларни кўриб чиқиш ва баҳолаш жараёнларини шахсий кабинети орқали кузатиб бориши мумкин. Бу эса рақамлаштириш даврида замон талабларидан бири ҳисобланади.
Платформада танловларнинг мавзуларини шакллантиришда нафақат фуқарлик жамият институтлари, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам таклифлар берилиши, уларнинг муҳокамаларда бевосита иштирок этиш имконияти яратилди.
Платформа тизим фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиб, мазкур жараёнларнинг шаффофлигини таъминлайди.
Энг муҳими, Фармон фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятларни очиб беради, хусусан, ижтимоий шериклик институтини амалда ривожлантириш бўйича ташкилий ва ҳуқуқий шароитлар яратади, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш таъсирчанлигини оширади. Шунингдек, тадбирда 2024 йилда давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси танлови ғолиби бўлган фуқаролик жамияти институтларига сертификатларини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.
GUJUM.UZ