Тошкент шаҳар Миробод тумани “Янги Миробод” маҳалла гузарида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Лукмони Хаким” номидаги табиий тиббиёт ва геронтология Маркази томонидан “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” мавзусида олинган давлат грантининг якуний тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда нуроний онахонлар иштирок этдилар.
Нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Д.Мавлянова лойиҳа доирасида кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, уларга бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш бўйича ўтказилган тадбирлар ва қамров доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил ахборот бериб ўтди. Лойиҳа доирасида имкон қадар пойтахт маҳаллаларида истиқомат қилаётган нуроний отахон ва онахонларни қамраб олишга харакат қилингани, қолаверса, кекса-нуронийлар хонадонимиз кўрки, уларнинг қилган хайрли дуоси ҳаётимиз, оилаларимиз, Ватанимиз ҳамда йўлимизни доимо нурафшон этиб туриши, ёши улуғ отахон-у мўътабар онахонларимизни эъзозлаш ва уларни қадрлаш, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ҳамда яшаш тарзимизнинг ажралмас бир бўлаги биринчи навбатда бўлса, иккинчидан ёш авлод учун улкан тарбия ва тажриба мактаби эканини қайд этган холда барчамиз ким бўлишимиз ёки қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъий назар “Қария отахон ва мўътабар онахонларимизни ҳозирги давр ёшларига гўёки бир тўғоноқ эмас – суянчиқ, рақиб эмас – устоз, ҳамда бизнинг буюк келажагимизга бефарқ эмас, балки ҳамдард” — деб билишимиз лозимлигини таъкидлаб ўтилди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар, бугунги кунда нуронийларни улуғланиши, давримизнинг талаби ва таклифи эканлигини, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари давлат ташкилотлари билан кексаларга бўлган эътибор янада кучайтириши лозимлигини айтиб ўтдилар.
Тадбир сўнгида барча иштирокчиларга “Лукмони Хаким” номидаги табиий тиббиёт ва геронтология Маркази томонидан чоп этилган соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи тавсиянома тарқатилди.
Мавлуда ТАДЖИЕВА тайёрлади.