“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мажлислар залида “Фуқаролик жамияти институтларининг давлат ташкилотлари билан ўзаро хамкорлиги: Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссиялар олдида турган вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциация Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати хамкорлигида ўтказилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари котибият мудирлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича доимий комиссия раислари иштирок этдилар.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги доимий комиссиялар олдида турган вазифалар, давлат ва жамоат ташкилотлар билан хамкорликда ҳудудларда фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтлари билан амалга оширилиши лозим бўлган ишларни муҳокама этишдан иборатдир.
Тадбирда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси Т.Мадумаров ўз маърузасида бугунги кунда мамлакатимизда 213 та халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши (Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси бундан мустасно) мавжудлиги, уларда 1551 та доимий комиссия, қарийб 6567 нафар депутат фаолият юритаётганлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 24 январь куни Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида белгиланган вазифалар тўғрисида ҳамда Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг асосий ваколатлари, назорат функциялари, маҳаллий кенгашлари доимий комиссиялари фаолиятининг асосий йўналишлари ва уларнинг фаолияти доирасида ҳамкорликда ишлайдиган ҳудудий давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари тўғрисида батафсил тушунчалар бериб ўтди. Шунингдек, тадбирга таклиф этилган Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий комиссия аъзоларининг асосий вазифалари, жойларда ишларни ташкил этиш борасида қандай масалаларга этибор қаратиши лозимлиги бўйича кўрсатмалар ҳамда таклиф ва тавсиялар бериб ўтилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ишлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Т. Матибаев доимий комиссиясининг 2020 йилдаги режалари тўғрисида батафсил тўхталиб, туман Кенгашлари котибият мудирлари ва раисларини ҳамкорликни кучайтириш юзасидан ўз таклифларини бериб ўтди.
Ўзбекистон Нодавлат нотижорат Миллий ассоциациясининг раиси Н.Алимов сўзга чиқиб, иштирокчиларни, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинадиган давлат грантлари танловларида фаол иштирок этишларини таъминлаш ва Ассоциациянинг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси билан яқиндан ҳамкорликни кучайтириш бўйича фаолликка чақирди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари Д.Шоумаров ва Ҳ.Қўчкаровалар томонидан сўнгги йиллар давомида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожланиши борасида, жамият институтларининг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш бўйича самарали ишлар амалга оширилаётгани, қабул қилинаётган ҳуқуқий-норматив хужжатларда яққол намоён бўлаётганини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги ПҚ-4473-сонли ва 30 октябрдаги ПҚ-4501-сонли қарорларида белгиланган вазифалар тўғрисида фикрлар билдирилди.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан бу каби давра суҳбатларини туманлар миқёсида доимий комиссия аъзолари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирокида ўтказиб, улар олдидаги турган муаммоларни хал этиш, нодавлат нотижорат ташкилотларни жалб этган ҳолда норматив-ҳуқуқий хужжатларга таклифлар киритиш, шаҳарда ижтимоий соҳадаги масалаларни хал этиш ва уларни молиялаштириш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги хузуридаги Жамоат кенгашига асосланган лойиҳаларни киритиш масалалар мухокама этилди.
Давра суҳбати сўнгида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциация Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари томонидан хамкорлик Меморандуми имзоланди.
Ҳ. ҚЎЧҚАРОВА