Наманганда маҳалла кузатувчиларининг малакаси оширилди

0
133
марта кўрилган.

Жорий йилнинг 9 июль, якшанба куни мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

Мазкур сиёсий тадбирни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда, демократик принциплар ва ошкоралик асосида ташкил этиш ва уни кўтаринки руҳда ўтказилишида кузатувчиларнинг иштироки алоҳида аҳамият касб этади.

Наманганда “Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан уюштирилган семинар-тренингида муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайлови олдидан ўзини ўзи бошқариш органларидан кўрсатилган кузатувчиларнинг ҳуқуқий билимлари оширилди.

“Демократия ва инсон ҳуқуқлари” институти директори, юридик фанлар номзоди Сайёра Хўжаева, юридик фанлар номзоди Шоира Умарова, Омбудсманнинг Наманган вилояти бўйича минтақавий вакили Жаҳонгир Валиев мамлакатимиз миллий сайлов тизимидаги изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар муддатидан аввалги Президент сайловида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликнинг амалда кенг таъминланиши учун асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Тренинг иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ва уларнинг халқаро меъёрларга мослиги ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари, уларнинг ваколатлари, функциялари ва вазифалари ҳақида атрофлича тушунчалар бериб ўтилди.

Қайд этилганидек, миллий сайловларда биринчи маротаба ўзини ўзи бошқариш органларидан танлаб олинган кузатувчилар иштирок этади. Ҳозирга қадар сиёсий жараёнларда фақатгина сиёсий партиялардан кўрсатилган кузатувчилар ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтган халқаро кузатувчилар миссияси иштирок этган.

Эндиликда маҳалла фуқаролар йиғинларидан тавсия этилган кузатувчилар ҳам қатнашиб, ўз ҳудудида Президент сайловини қонунчилик талаблари асосида ўтишни кузатиб, бу борада жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Ўқув давомида семинар қатнашчиларини қизиқтирган саволларга экспертлар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. “Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш жараёнларида кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари” мавзуидаги қўлланма тарқатилди.

Дарвоқе, Президент сайлови мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга қаратилган ўқув семинари вилоят Ички ишлар идораларининг пробация рўйхатида турган, ахлоқ тузатиш иши жазо чорасини ўтаётган, сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар иштирокида ҳам ташкил этилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.