Мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолган хотин-қизларга “Ойдин нур” нодавлат нотижорат ташкилоти 20 йилдан зиёд вақт мобайнида фаол ёрдам кўрсатиб келмоқда.
«Ойдин нур» ННТда зўравонлик ёки тазйиққа дуч келган аксарият аёллар бу ерда ҳуқуқий ва психологик ёрдам олиб, вақтинчалик бошпанага эга бўлишади, касб эгаллашади. Марказ ходимлари уларга ҳаттоки иш топишда ҳам амалий ёрдам беришади.
Марказ ҳар куни мурожаатчилар билан ишлайди. Жумладан, жорий йилнинг 17-24 август кунлари “Ойдин нур” марказининг “Ишонч телефони”га 31 нафар аёл мурожаат қилган бўлиб, ўтган ҳафтага нисбатан бу рақам 21 тага кўпдир.
Аксарият саволлар ҳуқуқий характерга эга. Шу сабабли Марказ ҳуқуқшунослари ҳафта мобайнида мурожаатчиларга 17 та маслаҳат хизматини тақдим этишган бўлса, улардан 8 таси алимент ундириш, 1 таси ажрашиш, 1 таси уйга қайтиб бориб жойлашиш, 2 таси моддий ёрдам олиш, 1 таси маъмурий судга аризани расмийлаштириш ва бошқа масалалардан иборат бўлди.
Ўз навбатида, Марказ психологлари 5 нафар мурожаатчи аёл билан ишлаб, улар билан стресс ҳолатидан чиқиш ва ҳиссиётларини жиловлаш борасида руҳий машғулотлар ва машқлар олиб боришган.
Марказга ўтган ҳафта давомида 7 нафар аёлдан моддий ёрдам сўраб мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 1 нафари дори-дармон сўраган. Шунингдек, 1 нафар аёл уй-жой масаласида, 2 нафари Марказ бошпанасига жойлаштиришни, 2 нафари эса болаларни мактабга жойлаштириш учун ҳужжатларни йиғишда ёрдам сўраган. Марказ ходимлари бир нафар аёлнинг ишга жойлашишига хам ёрдам беришган.
«Ойдин нур» бошпанасида айни пайтда 23 нафар шахс яшамоқда. Шундан 10 нафари аёллар ва 13 нафари уларнинг фарзандларидир.
Ўтган ҳафтда давомида бошпанага яна 2 нафар аёл ва уларнинг 1 нафар боласи жойлаштирилган. Бир нафар аёл ҳомиладор бўлиб, бошпанага ота-онаси билан келишмовчилиги учун ёрдам сўраб келган. Ҳозир у билан Марказ психологи ишламоқда. Бошпанада ҳар бир аёл ва бола доимий эътиборда.
Кўриб турганингиздек, “Ойдин нур” мутахассислари турли хил, аксарият ҳолатда мураккаб ҳаётий масалалар билан ишлашади ва ҳар бир мурожаатчига имкон даражасида ёрдам беришга ҳаракат қилишади.
Мухаббат БОБОМУРОДОВА, ЎзННТМА Аёллар ва ёшлар бандлиги ва таълим йўналиши бош консультанти