Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда “Сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки” мавзусида давра суҳбати ўтказди.
Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш мезонларини белгилашдан иборатдир.
Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов кириш сўзи билан очиб, демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси бўлган умумий, тенг, тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш тамойилларига таянган ҳолда сайлов ҳуқуқини таъминлаш, сайловларни эркин ва адолатли, очиқ ҳамда ошкора ўтказишга оид ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, замонавий демократик сайлов тизимини ривожлантиришга қаратилган чоралар кўрилганлигига тўхталган ҳолда, янги Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ривожланишининг босқичларига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими яратилишида ўтган сайлов кампаниялари таҳлил қилиниб, уларнинг асосида сайлов қонунчилигига, сайлов жараёнини такомиллаштиришга қаратилган кўплаб ўзгартишлар киритилди. Сайлов тизими бир неча йиллар давомида фаол ривожланиб борди, бу ўзгартишлар мамлакатнинг сиёсий ва ҳуқуқий ривожланишининг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилди.
Сўзга чиққан маърузачилар сайлов тизимининг ҳуқуқий асослари юзасидан фикр билдириб, дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида сайловларни Сайлов кодекси ёрдамида ҳуқуқий тартибга солиш модели қўлланилиши, янги Ўзбекистон ҳам сайлов қонунчилигини кодификация қилиш орқали 2019 йилда бешта сайловга оид қонун ўрнига ягона Сайлов кодекси қабул қилганлигини эътироф этди.
Қайд этилганидек, Сайлов кодексининг қабул қилиниши, ўз навбатида, янги Ўзбекистонни демократлаштириш ва либераллаштириш, фикрлар хилма-хиллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп партиявийлик йўлидан барқарор ривожланиш ифодаси сифатида намоён бўлди.
Аҳамиятли томони, Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар, шунингдек, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг сиёсий-ҳуқуқий онгининг тобора ўсиб бораётгани сайлов тизимини янада такомиллаштиришга асосли манба бўлмоқда. Сайловчиларнинг электорал маданияти ва фаоллигини ошириш, сайлов институтига бўлган ишончни кучайтириш, аҳолининг фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш фуқаролик жамияти институтлари олдида турган долзарб вазифадир.
Сўзга чиққан фуқаролик жамияти институтлари вакиллари 2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловлар давомида сайлов комиссияларига 4 минг 158 нафар турли даражадаги ногиронлиги борлар жалб қилингани, 2021 йил май ойида Марказий сайлов комиссияси ва Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаганлари тўғрисида ахборот бердилар. Жумладан, ногиронлиги бор сайловчилар ўз хоҳиш иродасини эркин ифода қилиши учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида сайлов комиссиялари томонидан бир қатор ташкилий тадбирлар амалга оширилди ва тегишли зарур ахборот материаллари тайёрланди.
Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги шу давргача бўлиб ўтган сайловлар давомида тўпланган миллий тажриба, илғор хорижий сайлов амалиёти, шунингдек, халқаро стандартлар, фуқароларнинг сиёсий онги ҳамда электорал маданиятининг ўсиши, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши ва талабларини ҳисобга олган ҳолда жадал такомиллашиб бораётганлигини эътироф этдилар.
Навбатдаги Президент сайлови кўп партиявийлик, номзодлар рақобати, очиқлик, фикр эркинлиги ва чинакам танлов шароитида ўтказилиши учун барча асослар мавжуд. Хусусан, фуқаролик жамияти институтлари, волонтёрларнинг сайловларда иштирок этишдаги ўрни ва имкониятлари кенгайтирилмоқда, одамларнинг фуқаролик масъулияти ҳамда сиёсий-ижтимоий фаоллик даражаси ошмоқда.
Давра суҳбати конструктив руҳда ўтказилиб, иштирокчилар томонидан сайлов кампаниясини юқори даражада ўтказиш, бунда фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг фаол иштирокини ошириш, уларнинг жойлардаги тарғибот ишларини рағбатлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.