2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида

0
191
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 6 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-165-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагиларга:

ҳудудлар раҳбарлари, нефть, газ, энергетика, йўл инфратузилмаси, автомобиль саноати, темир йўлда ташиш соҳаларидаги корхоналар раҳбарларига – инновациялар жорий қилинган корхоналар, инновацион технологиялар, расмийлаштирилган ихтиролар сони пастлиги, маҳаллий ишланмаларнинг тижоратлаштирмаганлиги, соҳаларга инновацион технологияларни кенг жорий қилишда сусткашликка йўл қўйилгани, илмий ташкилотлар билан узвий ҳамкорликни ўрнатилмаганлиги, инновацияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратилмаганлиги;

олий таълим муассасалари ҳамда илмий ташкилотлар раҳбарларига – илмий фаолиятга оид давлат дастурларида грант лойиҳаларининг улуши пастлиги, уларнинг тижоратлаштириш жамғармаларига маблағ ажратилмаётганлиги, илмий лойиҳалар бўйича патентлар олинмаганлиги, халқаро нашрларда илмий мақолалар чоп этилмаганлиги, илмий кадрларни тайёрлаш жараёни паст даражада ташкил қилинганлиги, тармоқларга хизмат кўрсатиш соҳаси етарли даражада ривожланмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.

2. Қуйидагилар:

а) 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 1-иловага мувофиқ;

б) 2022-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап лойиҳалар рўйхати 2-иловага мувофиқ;

в) тармоқлар бўйича:

2022-2023 йилларда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари томонидан янги инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича амалга ошириладиган аниқ устувор лойиҳалар рўйхати 3-иловага мувофиқ;

2023-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган “драйвер” инновацион лойиҳалар рўйхати 4-иловага мувофиқ;

иқтисодиёт тармоқлари ташкилотлари томонидан янги ишланма ва технологиялар асосида илмий ҳажмдор ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш лойиҳаларини амалга оширишнинг 2023-2026 йилларга мўлжалланган прогноз кўрсаткичлари 5-иловага мувофиқ;

г) илмий ва олий таълим ташкилотлари бўйича:

2022-2023 йилларда илмий ташкилотлар томонидан янги ишланма ва технологияларни яратиш ва жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш дастури 6-иловага мувофиқ;

2023-2026 йилларда илмий ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган “драйвер” инновацион лойиҳалар рўйхати 6а-иловага мувофиқ;

2022-2024 йилларда инновацион фаолиятнинг истиқболли йўналишларида илмий ташкилотлар ҳузурида ташкил этиладиган, илмий ҳажмдор маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион академик корхоналар рўйхати 6б-иловага мувофиқ;

2022-2023 йилларда олий таълим ташкилотлари томонидан янги ишланма ва технологияларни яратиш ва жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш дастури 7-иловага мувофиқ;

2023-2026 йилларда олий таълим муассасалари томонидан амалга ошириладиган “драйвер” инновацион лойиҳалар рўйхати 7а-иловага мувофиқ;

2022-2024 йилларда инновацион фаолиятнинг истиқболли йўналишларида олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил этиладиган, илмий ҳажмдор маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион корхоналар рўйхати 7б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги 2023 йил 1 декабрга қадар 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясида эришилган натижалар ва мақсадли кўрсаткичлар ҳамда тегишли давр учун иқтисодиётни инновацион ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, мазкур Стратегияни амалга ошириш юзасидан келгуси икки йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг сифатли ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини ташкил этсин.

3. Мазкур қарорга 5-иловада кўрсатилган тармоқ ташкилотлари Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда илмий ҳажмдор ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш лойиҳаларини амалга оширишнинг 2023-2026 йилларга мўлжалланган прогноз кўрсаткичларига мувофиқ ҳар йили ишлаб чиқиладиган “йўл хариталари” асосида ўз маблағлари ҳисобидан илмий ҳажмдор ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этсин.

4. 2022-2024 йилларда истиқболли йўналишларда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этиладиган, илмий ҳажмдор ва инновацион маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион (spin-off) корхоналар рўйхати 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, янги инновацион корхоналар:

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёнларида ресурсларни мақбуллаштирган ҳолда талаб юқори бўлган ва истиқболли инновацияларни кенг жорий этиш мақсадида ташкил этилаётган илмий ҳажмдор корхоналар ҳисобланади;

фаолияти давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар ҳамкорлигида давлат илмий дастурлари доирасида, маҳаллий бюджет ва тадбиркорлик субъектлари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йили илмий ҳажмдор маҳсулот (хизматлар) ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги инновацион корхоналарда рақобатбардош янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияларини ўзлаштириш лойиҳаларига давлат илмий дастурларига ажратилган маблағларнинг 10 фоизи йўналтирилишини таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари янги инновацион корхоналарнинг ташкил этилаётган ҳудудидан қатъи назар ўз фаолиятини барча ҳудудларда амалга оширишига ҳамда мижозлар базасини кенгайтиришига кўмаклашсин.

5. Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги 1,95 га ер майдонида Инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки биноси жиҳозланган ҳолда қуриб битказилганлиги ҳамда унинг негизида Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигида “Inno texnopark” МЧЖ ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг “Inno texnopark” МЧЖни “Yıldız Teknoloji Geliştirme Bölgesi Teknopark A.Ş.” ташкилотининг Ўзбекистондаги ишончли вакили (кейинги ўринларда – ишончли вакил) ишончли бошқарувига бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. Бунда:

а) “Inno texnopark” МЧЖ ишончли бошқарувга беш йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;

б) келишувларга кўра ишончли вакилга қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:

мавжуд инфратузилмани бошқариш ва технопарк резидентларига хизмат кўрсатиш;

технопарк резидентларининг инновацион лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда интеллектуал ва саноат мулкини бошқаришда кўмаклашиш;

маркетинг, реклама ва ахборот хизматларини кўрсатиш;

хорижий давлатлардан технологиялар трансферига кўмаклашиш ҳамда инвестиция жамғармаларини ва венчур капиталларини жалб қилиш;

технопарк резидентлари маҳсулотининг халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишини таъминлаш;

в) технопарк лойиҳаларини амалга ошириш натижасида резидентларнинг барча олган рухсатномалари, патентлари, илмий ва инновацион ишланмалари, технологиялари, хизматлари ва таҳлилий маълумотлари Инновацион ривожланиш вазирлиги мулки ҳисобланади.

Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида инновацион ҳудудга айлантирилаётган туманларда инновацион, стартап, тижоратлаштиришга тайёрлаш, тижоратлаштириш ҳамда технологиялар трансфери лойиҳалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган лойиҳалар рўйхатига асосан Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати қарорига мувофиқ давлат илмий дастурлари доирасида бюджетдан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;

“Inno texnopark” МЧЖ тасарруфидаги ўқув-илмий лаборатория асбоб-ускуналаридан тегишлича талабалар ва докторантлар бепул фойдаланади.

6. “Inno texnopark” МЧЖ ва унинг резидентларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5099-сон фармонининг 5-банди билан IT-парк резидентларига берилган имтиёзлар (ижтимоий солиқдан ташқари) ва преференциялар 2022 йил 1 августдан бошлаб татбиқ этилсин.

“Яшнобод” инновация технопарки резидентлари учун 2022 йил 1 августдан бошлаб 2025 йил 1 августга қадар айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгилансин.

Бош вазир ўринбосари С.Умурзаков Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда “Inno texnopark” МЧЖ ва “Яшнобод” инновация технопаркига резидентликка қабул қилишнинг янгиланган тартибини тасдиқласин.

7. Қуйидагиларга:

а) Бош вазир ўринбосари С.У.Умурзаков зиммасига:

мазкур қарорнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш, “Йўл харитаси”ни амалга ошириш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда мувофиқлаштириш;

инновация масалалари бўйича раҳбар ўринбосарлари фаолияти натижадорлигидан келиб чиқиб, уларни рағбатлантириш ёки интизомий, шу жумладан, эгаллаб турган лавозимидан озод қилишгача бўлган қатъий чораларни кўриш, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклиф киритиш;

б) инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов зиммасига вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарнинг инновацияларни жорий этиш бўйича фаолиятини идоралараро мувофиқлаштириш, уларнинг фаолиятида инновацияларни жорий этиш ҳолатини баҳолаш ҳамда мунтазам равишда инновация масалалари бўйича раҳбар ўринбосарларининг ҳисоботларини эшитиш ва уларга ташкилий-методик ёрдам кўрсатиш;

в) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, масъул вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар, шу жумладан, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига – мазкур қарорда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ бажариш асосида тегишли ҳудудда инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳар чорак якунидан сўнг кейинги ойнинг 5-санасига қадар ушбу қарор билан белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳисобот тақдим этиб бориш вазифалари юклатилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Илғор технологиялар марказини ташкил қилиш тўғрисида”ги ПҚ-3674-сон қарорига 9-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилсин.

9. Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилиш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.У.Умурзаков ҳамда инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.