Анъанавий IV Тошкент халқаро марафони наврўз айёмига уланиб кетди

0
176
марта кўрилган.

Кеча Тошкент шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Наврўз” Халқаро марафонининг IV пойгаси ва Шанхай ҳамкорлик ярим марафони ўтказилди.

Мазкур спорт байрами Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Бу йилги мусобақа миллий қадриятларимизга ҳамоҳангликда баҳорий кайфият ва ўйин-кулгулар руҳида ўтказилиши билан аввалги марафонлардан ажралиб турди. Шунингдек, ШҲТ халқаро ярим марафони даражасидаги нуфузли мусобақа юртимизда илк бор ташкил этилди. Ушбу марафон AIMS халқаро тузилмасининг «А» таснифидаги сертификациясига эга. Бу ШҲТ ярим марафонида қатнашадиган профессионал спортчиларнинг иштироки, марафон трассаси, унинг ўтиш жараёни ва натижалари халқаро экспертлар томонидан баҳолаб борилишини англатади. Мазкур нуфузли мусобақани Халқаро енгил атлетика федерацияси ҳамда AIMSнинг техник экспертлари Иля Михайловский ва Адрианус Стевенслар баҳолаб боришди.

Марафон баҳсларида турли йўналишларда қатнашиш учун жами 2 200 нафардан зиёд киши рўйхатда ўтган эди. Марафон кунида эса улар сафи янада кенгайди. Рўйхатдан ўтолмаган, аммо югуришга иштиёқманд кўплаб инсонлар ҳам марафонга қўшилди ва умумий ҳисобда ушбу халқаро марафонда 2 ярим минг нафардан зиёд инсонлар қатнашди.

Тўртинчи бор ўтказилган ушбу марафон нафақат ҳамшаҳарларимиз, балки халқаро мутахассисларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди. Буни маросимнинг очилиш қисмида сўзга чиққан Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қасимов алоҳида таъкидлашди. Мутасаддилар ўз сўзлари давомида мамлакатимизда Президентимиз томонидан ҳамюртларимиз орасида оммавий спортни тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ўзгаришлар, югуришнинг инсон саломатлигига ижобий таъсири ҳақида алоҳида тўхталишди.

Бу йилги марафонга Осиё Олимпия кенгаши вицепрезиденти Отабек Умаров фахрий меҳмон сифатида ташриф буюрди. Шунингдек, тадбирда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Азизжон Камилов, Шезрод Ташматов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раҳбарияти, юзлаб спортсевар ҳамюртларимиз иштирок этишди. Мусобақада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистондан келган спортчилар ҳамюртларимиз билан рақобат олиб боришди. Пойганинг старт ва финиш нуқтаси доимгидек “Ҳумо арена” муз саройи олдидаги Бешёғоч майдони этиб белгиланди.

Регламентга кўра, мусобақа доирасида 3 км, 10 км, 21 км, классик марафон ва экиден (эстафета) пойгалари ўтказилди. Бу йилги марафон ғолиб ва совриндорларига мос равишда 30-20-10 миллион сўмдан мукофот ажратилган. Шунингдек, бошқа йўналишлардаги совриндорлар ҳам белгиланган миқдордаги мукофотларга сазовор бўлишди.

Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, UFC жангчиси Маҳмуд Муродов, Токио-2020 Олимпиадаси чемпионлари Баҳодир Жалолов ҳамда Улуғбек Рашитов ҳам иштирок этиб, совриндорларга эсдалик совғалари ва пул мукофотларини топширишди.

Ж. САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.