Андижон шаҳрида вилоят ва туманлар ҳокимлари, давлат идоралари раҳбарлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоатчилик фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятининг бугунги ҳолатига баҳо бериб, уни ҳар томонлама ривожлантириш вазифалари ҳақида сўзлади.
– Андижонга келишимиздан мақсад — одамларнинг дардини таҳлил қилиб, аниқ режаларни белгилаш, аҳоли жон бошига даромадни ошириш, маҳаллаларда шароитни яхшилаш. Ҳамма натижаларга танқидий қарашимиз керак. Андижоннинг бирини икки қилиш учун яна қандай «ўсиш нуқталари» бор, одамларни қийнаётган нима муаммолар бор, деб савол қўйиб, уларга чора топиш зарур. Бунинг учун ижро органи раҳбарлари ва маҳаллий депутатлар дунёқарашини ўзгартириши керак. Агар улар дунёқарашини ўзгартириб, фидойи бўлиб ишласа, ҳамма соҳа ўзгаради, — деди Президент.
Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Андижон вилоятида 882 та маҳалладаги имкониятлар ўрганилгани, аҳолининг азалдан шаклланган кўникмаларидан келиб чиқиб, энг самарали “ўсиш нуқта”лари сифатида – ҳунармандчилик, томорқа ва иссиқхона хўжалиги, боғдорчилик, гулчилик, паррандачилик каби йўналишлар белгилангани қайд этилди. Ҳар бир маҳаллага салоҳиятли тадбиркорлар бириктирилади, зарур маблағлар йўналтирилади.
Жорий йилда вилоятда ўрта ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча равишда 100 миллион доллар ажратилиши маълум қилинди.
2021-2022 йилларда вилоятда умумий қиймати қарийб 20 триллион сўм бўлган 584 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 60 мингта янги иш ўрни яратилади. Бунда тўқимачилик, қурилиш материаллари, электр техникаси, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳалари «драйвер» бўлади.
Бу йилнинг ўзида Асака туманидаги “Асака текстиль” ҳамда Жалақудуқ туманидаги “Зумрад текстиль” корхоналарида янги қувватлар, Хўжаобод туманида цемент заводи ва қурилиш материаллари кластери, “Андижон-фарм” эркин иқтисодий зонасида шприц корхонаси ишга туширилади.
Қишлоқ хўжалигидаги вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилди. Ғалладан бўшайдиган 70 минг гектар майдонни иккиламчи ижарага бериш орқали 220 минг ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин.
Давлатимиз раҳбари гулчилик салоҳиятига алоҳида эътибор қаратди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 10 сотих ерга экилган орхидея гули 850 миллион сўмгача, лилия 450 миллион сўмгача, пион 320 миллион сўмгача даромад олиш имконини беради.
Шу боис Андижон туманидаги “Андижон гуллар боғи” корхонасини кластерга айлантириб, 30 гектар ерда гул ва манзарали кўчатлар етиштириладиган боғ барпо этиш, Шаҳрихон туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида Гулчилик мактаби очиш бўйича топшириқ берилди. Бу йўналишда иссиқхоналар ташкил этиш, томорқаларда гул етиштиришни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.