Кўксаройда Ўзбекистон ва Беларусь Президентларининг кенг доирадаги музокаралари бошланди, дея хабар берилади prezident. uz сайтида.
Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг аввалги мулоқотлари, самарали ҳамкорлик борасидаги қатъий интилиши натижасида Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги алоқалар барча соҳаларда фаол тус олди.
Парламентлараро ҳамкорлик мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати делегацияси ташриф билан Беларусь Республикасида бўлди.
Шу йил август ойида Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси муваффақиятли ўтди.
Машиносозлик, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ишбилармон доиралар ва етакчи корхоналарнинг бизнес алоқалари мустаҳкамланмоқда.
Кейинги икки ойда мамлакатимизнинг барча ҳудудлари вакиллари Беларусга ташриф буюриб, ҳамкасблари билан ҳамкорлик ўрнатди.
Музокараларда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-комммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр амашилди. Президентлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини, бунинг учун интеллектуал, технологик, меҳнат ресурслари борлигини ва, энг муҳими, ўзаро интилиш юқорилигини таъкидлади.
Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳудудлар раҳбарлари ҳамкорлик учун истиқболли лойиҳаларни таклиф қилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияга товар айирбошлашнинг юқори суръатини таъминлаш, яқин йилларда уни бир миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Ҳудудлараро алоқаларни кенг йўлга қўйиш, хусусан, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, чорвачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа тармоқларда кооперацияни ривожлантиришга келишиб олинди. Қўшма корхоналар ташкил этиб, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни учинчи давлатларга экспорт қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш лойиҳасини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Соғлиқни сақлаш, фан ва технологиялар, олий таълим, маданият соҳаларида ҳамда фанлар академиялари ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳам келишувларга эришилди.