Америка қўшма штатларининг Тошкентдаги элчихонасида АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм билан мамлакат оммавий ахборот воситалари ходимларининг танишув конференцияси бўлиб ўтди.
Дэниел Розенблюм, АҚШ элчиси сифатида Ўзбекистонда беш йўналишда иш олиб боришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра биринчи мақсад бу — Ўзбекистон билан хавфсизлик бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш. Бу Афғонистонга тинчлик ва фаровонлик олиб келишни, балки бузғунчи экстремизм, трансмиллий жиноят, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа хатарларга қарши курашда ҳамкорлик қилишни ҳам англатади.
Иккинчи мақсад – Ўзбекистон ҳукумати бошлаган иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни имкон қадар кўпроқ қўллаб-қувватлаш. Хусусан, Қўшма Штатлар маълум бир соҳаларда, масалан суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида фойдали тажриба ва билим таклиф этиши мумкин.
Учинчи мақсад – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиш. “Биз ўтган икки йил ичида мажбурий меҳнатни камайтириш ва диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишдаги реал ўсишни кузатдик, аммо ўринли бўлганда конструктив танқид ҳам қиламиз” деди элчи ўз нутқида.
Тўртинчи мақсад – АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро яқин алоқалар ўрнатилиши. Бу эса ҳар икки йўналишда таълимий, маданий, илмий ва бизнес алмашувни кенгайтиришни англатади.
Бешинчи мақсад – АҚШ компаниялари Ўзбекистонда ўз маҳсулот ва сервисларини сотиш ҳамда фойдали инвестиция киритишдаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланиши. “Ўзбекистон бизнес қилишда барча маҳаллий ва хорижий компаниялар учун енгиллик туғдирувчи ислоҳотларни амалга оширар экан, биз бундай имкониятлар янада кенгайишини кутиб қоламиз” деди элчи.
Манба: https://uz.usembassy.gov