Авиация соҳасидаги трансформация жараёнлари кўриб чиқилди

0
50
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни авиация соҳасидаги давлат корхоналари трансформацияси бўйича тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда авиация хизматлари бозорида хусусий секторга кенг йўл очилди. Авиакомпаниялар сони 15 тага, жумладан, хусусийлари 10 тага етди. Ўтган йилнинг ўзида 28 та янги самолёт олиб келинди. Буларнинг натижасида охирги етти йилда рейслар 2 баробар кўпайган. Самарқанд аэропорти хусусий шерикликка берилгани ҳисобига йўловчи оқими 4 карра ошиб, 1 миллионга етган.

Шунга қарамасдан, ўтган йили авиация хизматлари ҳажми бор-йўғи 11,6 фоиз ўсган. Мамлакатимиз стратегиясида 2030 йилга қадар авиақатновлар сонини 4 карра ошириш режалаштирилган. Унга эришиш учун соҳада йиллик ўсиш суръатлари 20 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

Бу инфратузилма, бошқарув, нарх ва сифат борасида тизимли ишларни талаб этади. Юртимизда авиа чипталар нархи нисбатан қиммат. Ҳам ҳудудий, ҳам хорижий рейслар сони талабга қараганда кам. Парвозларнинг асосий қисми ҳалигача Тошкент ва Самарқанд аэропортларига тўғри келади. Аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятлари чекланган, қўшимча хизматлардан даромад жами тушумнинг бор-йўғи 7 фоизини ташкил қилади. Тошкент, Навоий, Наманган аэропортлари транзит салоҳияти тўлиқ ишга солинмаяпти.

Тақдимотда “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airроrts” акциядорлик жамиятларида трансформация жараёнларини тезлаштириш, хизмат турлари ва даромадни кўпайтириш бўйича жорий йилги режалар баён қилинди.

Хусусан, миллий авиакомпанияга халқаро кредит рейтингини олиб, уни “IPO”га чиқариш жараёни бошланади. Бухоро, Наманган, Урганч ва Андижон аэропортлари хусусий бошқарувга берилиб, модернизация қилинади. Жорий йилда рейслар сони 20 фоизга оширилади.

Соҳада харажатларни 20 фоизга қисқартириш чоралари кўрилади. Ёқилғи сарфи юқори бўлган эски самолётлар сотилиб, замонавий ва тежамкор ҳаво кемалари олиб келинади. 72 та йўналиш бўйича оптимал парвозлар маршрутини танлаш орқали ёқилғи сарфи сезиларли камайтирилади. Фойдаланилмаётган ва даромад келтирмаётган активлар сотувга чиқарилади.

Мутасаддиларга харажатларни қисқартириш дастурини тасдиқлаб, хизматлар рақобатдошлигини ошириш, хусусий шериклик лойиҳаларини тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди. Аэропортларда қўшимча хизматларни кўпайтириш, Навоий аэропортида самолётларга техник хизмат кўрсатишни ривожлантириб, унинг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат авиакомпанияларига хорижий малакали мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, кадрлар тайёрлашни яхшилаш масалалари ҳам айтиб ўтилди. 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.