“Хива – Туркий дунё маданияти пойтахти” мақомини олганлиги муносабати билан ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти доимий кенгашининг 38-мажлиси доирасида Хоразм вилоятида ўтказилган гўзал тадбирлар руҳи, шукуҳи, оромбахш қувончи Нукусга II Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасидаги тантаналарга кўчди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 апрелдаги «II халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан 17-20 сентябрь кунлари Нукус шаҳрида II Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилмоқда.
Анжуман муносабати билан кўплаб мамлакатлардан бахшилар, сайёҳлар ва бошқа меҳмонлар Нукусга ташриф буюришган. И.Савитский музейи қаршисида ҳар бир вилоят павильони ташкил этилган бўлиб ташриф буюрувчи меҳмонлар ҳудудларнинг миллий қиёфаси, қадрият ва анъаналари билан танишиш имконига эга бўлишмоқда.
Фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг II Халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ўқиб эшиттирди.
Асрлар оша оҳорини тўкмай бизгача етиб келган халқ ижодиёти намуналари, достонлар, термалар, афсона ва асотирларда аждодларимизнинг эзгу орзу-умидлари, инсонпарварлик ғоялари, ҳаётий қарашлари ўз ифодасини топган. Янги Ўзбекистонни барпо этишда миллий қадриятларимизга мурожаат этилаётгани замирида бебаҳо маданий меросимизни асраб-авайлаш, уни тарғиб этиш, ёшларда эҳтиром туйғуларини уйғотиш мақсади мужассам. Бу жиҳатлар мақом, бахшичилик, ҳунармандчилик фестиваллари тимсолида ҳаётимиздан тобора чуқур жой олмоқда.
Бахшичилик – шеърият, мусиқа, ижрочилик маҳоратини ўзида мужассам этган бебаҳо санъат. Қадимий достонларимиз жуда узоқ ўтмишга бориб тақалиши ҳақида тарихий манбалар, шу билан бирга Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий каби алломалар асарларида кўплаб далиллар бор. Бахшичилик санъати халқ оғзаки ижодининг турли шакллари – сўз ўйинлари ва қочиримлар, халқ мақол ва маталларидан унумли фойдаланишга асосланади. Тингловчини ўзига ром этувчи оҳанг достонни жозибали ва қизиқарли қилади. Бу эса бахшилардан катта истеъдод, кучли маҳорат ва хотирани, мунтазам машқ қилишни талаб этади.
Бахшиларимиз мероси жуда бой ва ранг-баранг. Масалан, Пўлкан шоир етмишдан ортиқ достонни ёд билган. Ҳар бир достон ўн-ўн беш, ҳатто йигирма минг мисрагача шеърни ҳам ўз ичига олишини ҳисобга олсак, халқ бахшиларининг ҳайратомуз ёдлаш ва эсда сақлаш қобилияти, ижро қудрати ўз-ўзидан аён бўлади.
Бола бахши Абдуллаев, Шоберди Болтаев, Абдуназар Поёнов, Боборайим Маматмуродов, Қора бахши, Абдуқаҳҳор ва Абдумурод Раҳимов, Шомурод Тоғаев, Зиёдулла Исломов, Норбек Абдуллаев, Қаландар Норметов, Қодир Раҳимов каби бахшиларимиз бахшичилик санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди. Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм ва Қорақалпоғистонда бахшичилик санъати ривожланган. Ҳозирги кунда Булунғур, Шаҳрисабз, Қамай, Чироқчи, Деҳқонобод, Шеробод, Бойсун, Хоразм ва Қорақалпоқ достончилик мактаблари бетакрор ижроси билан ажралиб туради. «Алпомиш», «Гўрўғлининг туғилиши», «Равшан», «Кунтуғмиш», «Рустамхон», «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», “Авазхон” каби ўнлаб достонлар халқ руҳини, унинг теран маънавиятини ўзида акс эттиради.
Нукусда ўтаётган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалида 22 давлатдан 100 дан ортиқ бахши, оқин ва жировлар, бадиий жамоалар қатнашмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудидан келган ижрочилар ўз санъатини намойиш этяпти.
Нукусда II Халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. “Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, фестиваль иштирокчилари учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Халқ учун” миллий операси намойиши, «Орол балиқларидан 99 хил таом» халқаро гастрономик фестивали ва Мўйноқ туманидаги маданий мерос объектларига экскурсиялар ташкил этилмоқда.
Р. САПАЕВА тайёрлади.