Бу ҳақда октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасидаги тадбирларда маълум қилинди.
Берлин давлат кутубхонасида сақланаётган Бобурийларга оид мазкур ҳашаматли альбомнинг бир томонига ғазаллар, иккинчи томонига эса миниатюралар туширилган.
Эътиборли жиҳати, альбомдаги ғазаллар Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқарога тегишли бўлиб, туркий тилда ёзилган.
Бобурийлар сулоласи уч юз йилдан ортиқ ҳукмронлик тарихига эга бўлса-да, ҳеч қачон ўз ота-бобосини, миллатини, тилини унутмаган. Саройда форсча, ҳиндча ёки бошқа тилда гаплашган бўлиши мумкин, лекин асосий, энг жиддий масалалар туркий тилда ҳал қилинган ва жуда кўплаб туркий қўлёзмалар кўчирилган.
Мазкур альбомнинг 25 таси Германиядаги Берлин давлат кутубхонасида сақланаётган бўлса, қолган 100га яқин қисми Буюк Британия, АҚШ, Чехия ҳамда Эронда эканлиги маълум қилинди.
Чет элларга тарқалиб кетган Ўзбекистон маданий мероси намуналарини қайтариш каби маданий ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилмоқда.
Ҳозирда Бобурийларга тегишли альбомнинг тарқалиб кетган барча қисмларининг факсимилесини йиғиш ва Ўзбекистонга олиб келиш бўйича ишлар давом этмоқда, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.
GUJUM.UZ