Борий Алихонов Ўзбекистонда АЭС қурилиши ҳақида: Атомни даҳшатли, важоҳатли, вайрон қилувчи нарса деб тушунишади

0
175
марта кўрилган.

 Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Борий Алихонов иштирокида интервью ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтганида  журналистлар томонидан энергетика хавфсизлиги нуқтаи назаридан қараганда, Ўзбекистонда атом электр станциясининг қурилишига қандай баҳо бериш мумкинлиги ҳақида савол берилди.

Қуйида Борий Алихоновнинг жавоби тўлиқ келтирилади:

Мана шу масаланинг моҳиятига етиш мақсадида биз, бир гуруҳ депутатлар атом электр станциялари фаолиятини ўрганиш учун хорижий мамлакатларда бўлиб қайтдик. Жумладан, Россиянинг Нововоронеж шаҳрида, Венгрияда, Япониядаги Фукусима атом электр станцияларида бўлдик.

Ушбу давлатлардаги АЭСлар билан яқиндан танишиб, ҳамма жараённи ўз кўзимиз билан кўрганимиздан сўнг бу энергетик ва экологик жиҳатдан безарар технология эканига иқрор бўлдик.

Реакторда содир бўлаётган реакция реакторнинг ичида қолади. 11 та ҳимоя қилиш қобиғи, муҳофаза тизимлари бор. Булар станцияда хавфсизликни буткул таъминлайди.

АЭС энергия самарадорлигини ошириш, юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришиш гарови бўлиш билан бир қаторда энергетик ва экологик хавфсиз ресурс.

Айрим одамларда стереотиплар бор, кимларнингдир ёки нималарнингдир таъсирида шаклланиб-қотиб қолган тушунчалар бор. Атомни даҳшатли, важоҳатли, вайрон қилувчи нарса деб тушунишади. Ўша маълум сонли одамларнинг дунёқарашини, фикрлашини ўзгартиришимиз, уларда энергия манбаларига тўғри муносабат уйғотишимиз керак.

Нововоронежда бўлганимизда болалардан то катталаргача хизмат кўрсатувчи Атом энергетикаси ахборот маркази билан танишдик. Бу ерда атом энергетикасига оид билимлар оддий, содда тилда инновацион усуллар ёрдамида қизиқарли қилиб тушунтириб берилади. Биз Ўзбекистонда ҳам шундай ахборот марказларини ташкил этмоқчимиз.

Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишда хавфсизликни таъминлашнинг самарали механизмлари «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида ҳам ўз аксини топган.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.