Бухоро вилояти «саёҳатлар чорраҳаси»га айлантирилади

0
107
марта кўрилган.

Бухоро вилояти туризм соҳасида катта салоҳиятга эга. Бундан фойдаланиб, 2021 йилгача хорижий сайёҳлар сонини 2 баробар кўпайтириш, туризм хизматлари тушумини 350 миллион долларга етказиш режалаштирилган. 

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти фаоллари ва мутасадди раҳбарлар иштирокидаги йиғилишда бу масалага алоҳида тўхталиб, тегишли вазифаларни белгилаб берди. Бунинг учун аввало замонавий меҳмонхоналар барпо этиш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йилда Бухоро шаҳридаги «Бухоро-палас», «Варахша» ва «Зарафшон» меҳмонхоналари реконструкция қилиниб, 32 та янги меҳмонхона, 9 та мотель ва 50 та меҳмон уйлари фойдаланишга топширилади. Натижада меҳмон ўрни 7 мингтага етиб, туристларни қабул қилиш имконияти қарийб 2 баробар кўпаяди.

Ғиждувон – Когон йўналишидаги 122 километр йўлни таъмирлаш, «Етти пир» зиёратгоҳлари ўртасида қулай ва замонавий транспорт қатновини йўлга қўйиш, халқаро ҳалол стандартини кенг жорий этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари авиақатновлар сонини ошириш, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари билан автобус ва поездлар қатновини кўпайтириш орқали Бухорони «саёҳатлар чорраҳаси»га айлантириш лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, «Бухоро тарихи» музейини қуриш, кўнгилочар масканлар, ҳунармандлар марказлари ва Бухоронинг эски шаҳар қисмида туристлар пиёда сайр қиладиган йўналишлар ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.


Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.