Давлатимиз раҳбари шу йил 22 ноябрь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида бўлганида истиқболли геология майдонларини ўзлаштириш бўйича вазифалар қўйган эди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Бугун бўлиб ўтган йиғилишда соҳа мутасаддилари ушбу вазифалар ижроси, 2024 йилга мўлжалланган геология-қидирув ва ишлаб чиқариш дастури бўйича ахборот берди.
Қайд этилганидек, бу ишлар икки йўналишда – ҳам мавжуд конларда газ қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолиш, ҳам янги захираларни аниқлаш бўйича олиб борилмоқда. Охирги йилларда геология-қидирув ишлари 2-3 километрдан 4-5 километр чуқурликкача туширилди. Бунинг натижасида янги газ захиралари аниқланди, қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинди.
Шунингдек, халқаро консалтинг компанияси жалб қилиниб, кўплаб истиқболли қудуқларни ишга тушириш имкони топилди.
Буни давом эттириб, келгуси йилда 3,5 минг квадрат километр майдонда сейсмик ишлар олиб бориш ҳамда янги қидирув қудуқлари қуриш режалаштирилган.
Йиғилишда бунинг учун хорижий инвестициялар жалб этиш, тармоқ корхоналарини айланма маблағ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.
Илғор технологияларни олиб келиб, 6-7 километр чуқурликда геологик бурғулашга ўтиш масалалари муҳокама қилинди.
Энергия манбаларини изчил етказиб бериш, шу билан бирга, ҳудудлар ва йирик корхоналар кесимида тўлов интизомини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.