Германия Федератив Республикаси Президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади

0
431
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер жорий йил 27-29 май кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.    

Президентлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20-22 январь кунлари Германияга амалга оширган ташрифи давомида бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотни давом эттириб, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, Ўзбекистон – Европа Иттифоқи формати доирасидаги алоқаларни муҳокама қиладилар.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган.

Ташриф доирасида Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистон ва ГФР етакчи компания ва банклари, жамоатчилик вакиллари билан учрашиши, қатор саноат ва бошқа объектлар билан танишиши кўзда тутилган.

Федерал президент Хоразм вилоятига ташриф буюриб, Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашади ҳамда Хива шаҳрининг тарихий ва меъморий обидалари билан танишади.

Ташриф якунида иқтисодиёт, молия, таълим, соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада кенгайтиришга қаратилган келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.