Кадрлар тайёрлаш борасида янгича ёндашувлар амалиётга татбиқ этилаётгани ҳар бир соҳада ўз касбининг усталари ишлаши учун шароит яратиши шубҳасиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада санъат, тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари қатори ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилишига эътибор қаратмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айнан шу мақсадда қабул қилинган.
Қарор асосида Ички ишлар вазирлигининг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва пойтахтимизда академик лицейлари ташкил этилди.
2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги Учтепа академик лицейи ҳамда Байтқўрғон хизматлар соҳаси ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи негизида очилган ИИВнинг академик лицейлари иш бошлаган эди. Мазкур лицейларга ҳар томонлама соғлом ва етук ёшлар ўқишга қабул қилинган.
Ички ишлар вазирлиги академиясида мазкур лицейларда таълим олаётган ёшлар учун «очиқ эшиклар куни» ташкил этилди.
– Ички ишлар вазирлиги академик лицейларида ички ишлар органлари ходимлари учун зарур бўлган дастлабки касбий билим берилиши билан бирга юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди ИИВнинг 1-сонли академик лицейи директори, подполковник Солижон Эрназаров. – Бу вазирлик тизимдаги олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлашга хизмат қилади.
Ўқувчилар академияда курсантларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиш баробарида бу даргоҳга ўқишга қабул қилиш шартлари билан ҳам таништирилди. Академиянинг тергов, тезкор-қидирув, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, эксперт-криминалистик, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш хизмат фаолиятини психологик таъминлаш мутахассисликлари бўйича офицер кадрлар тайёрлаш йўналишлари бўйича маълумотлар берилди. Ёшларни қизиқтирган саволларга академия масъул ходимлари томонидан жавоб берилди.