Ички йўлларни сақлаш ва таъмирлашга оид таклифлар тақдимот қилинди

0
35
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 5 август куни ички йўлларни сақлаш ва таъмирлашга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.

Мамлакатимизда жами 184 минг 582 километр автомобил йўли бор. Шундан қарийб 142 минг километри ички хўжалик йўлларидир.

Сўнгги тўрт йилда ички йўлларни қуриш ва таъмирлашга 15 триллион сўм ажратилган. Маҳаллаларда, чекка қишлоқларда ҳам кўчалар равон бўлиб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда. Лекин уларни сақлашга масъул тизим йўқ.

Чунки Автомобиль йўллари қўмитаси давлат ва халқаро аҳамиятдаги йўл ва кўприклар билан шуғулланади. Ички йўл ва кўприклар эса маҳаллий ҳокимликлар балансида. Ҳозирги кунда 43 минг километр ички йўллар таъмирталаб ҳолатда, 2 минг 354 та кўприкнинг “эгаси” аниқ эмас.

Шу боис туман даражасида бу масалаларга масъул тизим яратиш режалаштирилмоқда. Таклифга кўра, 208 та туман ва шаҳар Ободонлаштириш бошқармаларида ички йўлларни сақлаш хизматлари ташкил қилинади. Улар энг зарур 4 турдаги махсус техника билан таъминланади. Бунинг учун бюджетдан тегишли маблағ ажратиш кўзда тутилаяпти.

Таҳлилларга кўра, йўлларни сақлашга йўналтирилган маблағ таъмирлаш харажатини бир неча баробар қисқартиради. Агар ўз вақтида пул ажратилиб, ички йўллар тўғри эксплуатация қилинса, уларни таъмирлаш муддатлари ҳам камида 2 баробар узаяди.

Шу боис мутасаддиларга ички йўлларни сақлаш ва таъмирлашни молиялаштириш бўйича янги механизмларни жорий этиш бўйича кўрсатма берилди. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, ички йўлларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишларини давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.