Бугун ҳаётимизни электр энергиясисиз тасаввур этиб бўлмайди. Муайян сабаблар туфайли электр таъминоти тизимида кузатиладиган қисқа муддатли узилишлар ҳам турмуш тарзимиз ва меҳнат фаолиятимизга салбий таъсири қилади.
Шу боис, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини кескин ошириш ҳамда “Яшил энергия” технологияларини кенг жорий қилиш доирасида насос станцияларининг электр энергияси истеъмолини камайтириш каби бир қатор устувор мақсад ва вазифалар белгиланган.
Албатта, электр энергетикаси йўналишида стратегияда белгиланган вазифалар, аввало, ўтган вақт давомида эришилган натижаларнинг узвий давоми ҳисобланади. Жумладан, кейинги етти-саккиз йилда мамлакатимизда электр ишлаб чиқариш 38 фоиз ошиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етди. Хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли 11,2 гигаваттли қўшимча қувватлар яратилди. Ушбу секторнинг генерациядаги улуши 24 фоизга, “яшил” энергия ҳиссаси эса 16 фоизга етди.
Натижада қанчадан-қанча аҳоли яшаш пунктларида электр энергиясида узлуксизлик таъминланди. Минглаб янги иш ўринлари яратилиб, тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланмоқда. Шу билан бир қаторда ўтган даврда аҳоли даромади ҳам ўсиб, янги турдаги маиший техникалардан фойдаланилаётгани сабабли хонадонларда электр истеъмоли 21 миллиард киловатт соатдан ошди. Бу 2016 йилги истеъмолдан 2 баравар кўп демакдир.
Қолаверса, 2030 йилга бориб, мамлакатимизда аҳоли сони 41 миллион кишига етиши, иқтисодиётимиз эса 1,5 карра ўсиши кутилаяпти. Шунга мутаносиб равишда, саноатда 45 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш, хизматлар ҳажмини 3 бараварга ошириш, йирик маълумотлар марказларини ва янги иш ўринларини ишга тушириш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси электр энергияси барқарор ривожланиши билан бевосита боғлиқ.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилда Ўзбекистонда 117 миллиард киловатт соат, 2035 йилда эса 135 миллиард киловатт соат электр энергияси талаб этилади. Яъни, ҳозиргидан 1,7 баравар кўп демакдир. Шу боис, янги электр станциялари ва энергия сақлаш қувватлари барпо этиш борасида изчил ишлар қилинмоқда. Уларни тизимга улаш учун 7 минг километр магистрал тармоқ қурилиб, рақамлаштирилган бошқарув жорий қилинади. Бу орқали ҳудудларда энергия баланси таъминланади. Яъни бир вилоятда электр етишмовчилиги кузатилса, бошқа жойдаги қўшимча қувватлар ишга туширилади. Бу эса ҳудудларда нафақат аҳоли, қолаверса тадбиркорларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Бу ишлар учун келгуси беш йилда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”га 4 миллиард долларлик инвестиция киритилади.
Ушбу ислоҳотлардан кўзланган яна бир мақсад бу — электр энергиясининг таннархини пасайтиришдир. Бу омилни муқобил манбаларни кўпайтириш орқалигина амалга ошиши мумкин. Боиси, йилнинг тўрт фаслида ҳам қуёшли кун бўладиган Ўзбекистон шароитида “яшил” энергия имкониятларида фойдаланиш жуда ҳам самарали ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, 2030 йилга бориб жами генерацияда “яшил” энергия улушини 50 фоиздан ошириш кўзда тутилган. Жумладан, 3 мингта микроГЭСда 164 мегаватт, қуёш ва шамол қурилмалари ҳисобига 750 мегаватт қувватлар ишга туширилади.
Ушбу ислоҳотлар сабаб, саноатда энергия самарадорлик орқали қўшимча 27 фоиз ялпи ички маҳсулот яратиш имконияти пайдо бўлади. Ҳозир мамлакатда кимё ва металлургия йўналишларида фаолият кўрсатаётган айрим маҳаллий корхоналарда энергия сарфи дунёдаги ўртача кўрсаткичга нисбатан 2 карра, цемент ишлаб чиқаришда эса 1,2 баробар юқори. Шу боис, ҳар бир тармоқ кесимида энергияни 10-15 фоиз иқтисод қилиш, 2030 йилда электр энергияси йўқотишларини ҳозирги 14 фоиздан 8-9 фоизгача тушириш мақсад қилиб белгиланган.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда 1 долларлик ялпи ички маҳсулот яратиш учун дунёдаги ўртача кўрсаткичдан 2,5 баробар кўп энергия сарфланаяпти. Электр тармоқларидаги йўқотишлар 14 фоиз, табиий газда эса 7 фоиздан юқори. Шу боис олимлар жалб қилиниб, жойларда энергияни тежаш имкониятлари илмий асосда ўрганилмоқда. Ҳозиргача 7 та вилоятда 4,6 миллиард киловатт-соат электр ва 1 миллиард куб метр газни иқтисод қилиш имкониятлари аниқланган.
Яқинда Президентимиз ҳузурида Ҳукумат масъуллари иштирокида бўлиб ўтган тақдимотда шу каби ўрганишлар асосида ишлаб чиқилган таклифлар муҳокама қилинди. Мисол учун, сув хўжалигидаги эски насосларни замонавийсига алмаштириб, йилига 1 миллиард киловатт-соат электрни тежаш мумкин. Ижтимоий муассасаларда қозонхоналарни янгилаш, “яшил” энергиядан фойдаланиш орқали бу йил 5 миллион куб метр газ, 15 миллион киловатт-соат электрни иқтисод қилса бўлади.
Умуман олганда 2025 йилда 1,6 миллиард куб метр газ ва 3,5 миллиард киловатт-соат электрни тежаш режалаштирилган. Бунинг учун ҳар бир корхона ва ташкилот кесимида илмий асосланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Жумладан, йирик саноат корхоналарида бир маҳсулот бирлиги ишлаб чиқаришга кетадиган энергия меъёри белгиланади. Шунинг ўзидан энергия сарфи 5-10 фоизга қисқаради. Бу нафақат давлатга, қолаверса тадбиркорларга ҳам ўз маблағини иқтисод қилиш орқали бошқа фойдали йўналишларга инвестиция қилиш имконини беради. Қолаверса, ижтимоий объектларда энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш бўйича манзилли дастур тасдиқланади.
Шу билан бирга, кўп қаватли уйларда иссиқликни яхши сақлаш учун уларни изоляциялаш кенгайтирилади. Хонадонларда гелиоколлектор ва қуёш панели ўрнатишга арзон кредитлар берилади. Истеъмолчилар Япония тажрибаси асосида энергия тежаш саводхонлиги бўйича ўқитилади.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш борасида улкан марралар режа қилинган. Бу мақсадлар натижадорлигига эришида ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг иштироки муҳим албатта. Шу боис, биз халқ вакиллари жойларда сайловчилар билан ўтказган юзма-юз мулоқотларимизда ҳамда ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали белгиланган вазифалар мазмун-моҳиятини юртдошларимизга тўғри ва асосли тушунтириб боришимиз муҳим аҳамият касб этади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси