Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтириб, фашизмга қарши жангларда, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийларимизга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатиш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:
1. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 15 000 000 (ўн беш миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгилансин.
2. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласин.
4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ