Жадидлар аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини қандай баҳолаган

0
22
марта кўрилган.

Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади. Жадид аждодларимиз оила масаласи ҳақида сўз юритар экан, хотин-қизларни жамиятнинг тенг ва ҳақиқий аъзосига айлантиришнинг бирдан-бир йўли уларнинг маънавий ва маърифий равнақ этишидадир деб ҳисоблаганлар.

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Туркистон вилоятининг газети”, “Самарқанд” газеталари, “Ойина” журнали ва бир қатор матбуот саҳифаларида ўзининг хотин-қизларга оид қарашларини ёритиб борган. У “Саёҳат хотиралари”да “Ўлкамизда бизнинг аёлларнинг аҳволи ниҳоятда қаттиқ муҳокамага муҳтож”, дея ёзган. 

Дарҳақиқат, ўша даврда Туркистонда аёлларининг сайлов ишларида иштироклари жуда оғир бўлган. Хотин-қизларнинг сайловда қатнашиши аҳамияти ҳақида Беҳбудий: “Тошкент шаҳрида 48 минг руслар ва аскарлар бор, бунга нисбатан 44 минг мусулмон эркаклар ва 39 минг мусулмон аёллар яшайди. Агар сайловда аёллар иштирок қилишмаса, албатта, руслар сайловда муваффақиятга эришишлари мумкин. Беҳбудий “Турк адами марказият (федералист) фирқасининг маромномаси”да “Миллатнинг йигирма ёшиға етуб аҳлият пайдо қилғон ҳар бир фарди: эр бўлсин, хотун бўлсун – синф, дин ва мазҳаб айирмасиға боқмасдан – сайламоқ ва сайланмак ҳақина моликдур”, деган бандини киритади. 

У мерос масаласида аёлларнинг ҳуқуқи ҳақида “Ойина” журналининг 1915 йил 13-сонида “Бизни кемиргувчи иллатлар” номли мақола ёзади. Унда вафот этган кишининг молидан аввал майитга керакли суннат ва исрофсиз кафан қилиб, дафнга сарф қилиниши, сўнгра қарзи адо этилиши, ундан ортган молларни эса аёлига ва сағирларига тақсим қилиниши кераклиги ҳақида айтади.

 “Биз, билъакс, кафандан сўнгра қарзға бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, ҳайрот, билмайман, нималар ужраси деб қарздан, варасадан илгари тақсим қилиб олармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар”, дейди. 

Таълим олиш масаласида Беҳбудий замонасининг барча муаммолари устида бош қотиради. Даврнинг муҳим муаммоларидан бири эса хотин-қизлар саводи масаласи эди. Тараққийпарвар зиёлилар Туркистон келажаги оналаримизнинг саводли бўлиши билан боғлиқ ҳодиса деб баҳолаганлар. 

Шу сабаб хотин-қизлар саводини ошириш, уларни мактабларга тортиш масалалари кўтарилади. Шу мазмунда “Туркистон вилоятининг газети”да “Файзулла” имзоси билан “Хотунларға илм лозимми?” деган мақола чоп этилади. Унда аёлларни ўқув-ўқутув ишларига жалб қилиш кераклиги айтилади. 

“Хотунларға илм лозимми?” деган саволга жавоб беришда Беҳбудий ўз сўзини Анас ибн Моликдан ривоят қилинган “Талабул илм ҳар муслим ва муслимаға фарздур” деган ҳадис билан бошлайди. Давомида Қуръонда аёлларга хос ҳукмлардан ташқари барча ишда аёл-у эркакка бир хил хитоб қилингани, улар зиммасига эркаклардан кўпроқ бир қанча фарз, вожиб, суннат орттирилгани, шаръий ҳукмларни ижро этишда илм ва ўқувдан бошқа восита йўқ экани ҳолда, хотинларнинг ўқишлари лозимлигини ёлғиз кўр ва мунофиқ мутаассиб инкор ва шубҳа этишини ёзади. 

Беҳбудийнинг бу фикрини Фитрат ҳам “Оила ёки оилани бошқариш тартиблари” китобида “Илм диний ва дунёвий ишларни бажариш учун зарурдир” жумласи билан тасдиқлайди. 

Садриддин Айний тили билан айтганда: “Маҳмудхўжа юртининг эҳтиёжига қараб муҳаррир-да бўлди, муаллим-да бўлди, газетачилик қилди, мактаб китоблари ёзди, тиётрчилик қилди, сиёсий ишларға ишлади, халқға сиёсий фикр берди, халқнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволини ислоҳ қилмоқ учун мақсуд ва ижтимоий олим бўлиб халқға фикр тарқатди”. 

Шу ўринда мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг қиз фарзанди Парвинахон (Сурайёхон ҳам дейишган) 1902 йилда туғилган. 10 ёшгача Абдуқодир Шакурийнинг “Усули жадид” мактабида дастлабки илмни эгаллаган. Кейинчалик у киши асосан уйда ўтириб муаллимлардан рус ҳамда француз тилларидан сабоқ олган. Беҳбудийнинг набираси Назирхон эса дадаси Маъсудхон ва аммаси Парвинанинг ҳовлида ўзаро француз, рус тилларида мулоқот қилишларини эслайди. Ушбу сўзлардан тушуниш мумкинки, Беҳбудий фарзандларини илм олишида керакли бўлган муҳитни яратиб берган. Ўғиллари қатори қизининг ҳам тил ўрганишлиги, ўғли Маъсудхонга ўқимишли, хат-саводли қизни келин қилиб олиб берганлигида ҳам Беҳбудий қиз болалар таълимининг аҳамиятли эканлигини исботлаган. 

У бола тарбиясида оиланинг, мактабнинг ролини кўрсатар экан, уларнинг жисмоний, гигиеник тарбиясига ҳам эътибор қаратмоқ лозим эканлигини уқтиради. Беҳбудий биринчи навбатда бадан тарбиясига аълоҳида эътибор қаратган. Қизларнинг табиий ҳаракати бузилмаслиги учун ошиқона китоб ва ҳикояларни ўқиш ва эшитишларига вақт қолдирмаслик, ёмон ва беқайд аёллар билан муомала қилмаслиги кераклигини айтади. 

Оила қуриш масаласида у жамиятдаги хотин-қизларга алоқадор нуқсонларни кўрган ҳолда уларни тузатиш учун мақолалар, асарлар орқали халқнинг онгига таъсир қилишга ҳаракат қилган. 

Беҳбудий “Ҳифзи сиҳҳати оила” мақоласида табиб Комил афандининг “Ҳифзи сиҳҳати издивож” рисоласини таҳлил этиб, уйланишга эркак учун 25-30, қиз учун 20-22 ёшларни лойиқ деб тайин қилинганини айтади. Бу ёшгача инсонлар илм олиш, касб-ҳунарга ҳаракат қилишлари кераклиги, эрта оила қуриш оқибатида ноқис ва саломатлиги бузуқ, заиф фарзандлар дунёга келиши айтилади. 

Беҳбудий бир қиз 16 ёшидан ва бир эр бола 20 ёшидан эрта оила қуришлари жисмонан соғлиқ учун зарарли эканлигини табиб Ҳусайн Рамзий афандининг гаплари билан исботлайди. Беҳбудий оила қурувчи томонлар ҳисобланмиш йигит ва қиз бир-бирларини кўрмоқлари лозимлигини таъкидлайди. Бу учрашувдан мақсад бир-бирининг гўзаллигини билишда эмас, балки иш саломатлик, йигит ва қиз боланинг жисм ва гавдалари бир-бирларига мутаносиблиги кўриб тўғри қарор бериш учундир.

Аммо уйланмай, оила қурмай вақтини ўтказадиган йигит ва қиз болалар учун бу ҳол жисмоний ва ботиний касаллик, ёмонликларни пайдо қилишини айтади. Шунингдек, “Дунё маҳкамалари ва дўхтурларидан маълум бўладурки, корхонаи оламға пайдо бўлатурган жиноят, одам ўлдурмоқ ва гуноҳларни аксари уйланмаган эрлардан содир бўлуб, уйлик кишилардан пайдо бўлган жиноят ва гуноҳларнинг олдиға беҳоят оздур. Эрлик хотунлардан пайдо бўлатурган жиноятлар эрсиз хотунлардан пайдо бўлатурган гуноҳ ва жиноятлар олдиға йўқ ҳукмидадир. Шундайки эрсиз хотунлардан пайдо бўлган жиноятлар, хотунсиз эрлардан пайдо бўлган жиноятлардан икки мартаба зиёдадур”, дейди. Беҳбудий. Ушбу фикрини Табароний ривоят қилган ҳадис билан далиллаш мумкин: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйланишга қодир бўла туриб уйланмаганлар мендан эмасдир”, дейди.

 Оиланинг аҳволи ва ёш авлоднинг келажаги инсоннинг ўз соғлиғига бўлган муносабатига боғлиқдир. 

Хулоса шуки, одам биринчи тарбияни онасининг бағрида олади. Жадид боболаримизнинг хотин-қизлар масаласига оид мақолаларини таҳлил қилиш орқали ҳар бир аёл илм олишга ҳақли, балоғат ёшига етган қизларга оналари ва устозалари жиддий эътибор қаратишлари кераклигини, бўйи етган қизлар тиббий ва ахлоқий илмларга оид китоблардан хабардор бўлишлари муҳимлигини билиб оламиз. 

Маҳмуда ҒОЙИБНАЗАРОВА,  Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти таянч докторанти. ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.